ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНЛАРИ ФАОЛЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ


Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида «Маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси» ғояси остида ўтказилган «Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги» якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда маҳалла тизими ходимлари ва фаоллари, фахрийлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов сўзга  чиқиб, йиғилганларни табриклади.

Таъкидландики, сўнгги йилларда мамлакатимизда ­Президентимиз раҳбарлигида аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, фуқаролар мурожаатлари билан самарали ишлаш, одамларни ҳаётидан рози қилиш, жойлардаги  муаммоларни ижобий ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Энг аввало, маҳалла институтини  янада такомиллаштириш, унинг тизимли фаолият олиб бориши учун зарур шароитларни яратиш давлат сиёсати даражасида ҳал этилмоқда.

Айниқса, маҳалла институтининг ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида «Обод маҳалла – хавфсиз маҳалла» тамойилининг жорий этилиши – бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларга янгича мазмун бахш этмоқда.

Мамлакатимизнинг  ижтимоий-иқтисодий ривожида маҳалла институтининг ролини ошириш, тизимдаги ишларни «маҳалла кесими» асосида ташкил этиш бўйича алоҳида чоралар кўрилмоқда. Ўтган қисқа давр мобайнида ушбу институтни жамиятнинг миллий бошқарув идорасига айлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Бу ўз навбатида маҳаллани чин маънода одамларнинг  оғирини енгил қиладиган тизимга айлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2020 йилнинг 2 март куни  Президентимиз томонидан «Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонуннинг имзоланиши ва 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни деб белгиланиши ушбу тизим ходимларига юксак ишончнинг ифодаси бўлди.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, Президентимиз ушбу байрам муносабати билан маҳалла тизими ходимлари ва фаолларига йўллаган байрам табригида: «Маҳалла обод бўлса – юрт обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса – бутун жамият ўзгаради», деган чуқур мазмун-моҳиятга эга фикрни таъкидлади. Шунингдек,  «Обод маҳалла», «Обод кўча», «Обод хонадон» мезонларини ҳаётга татбиқ этишда, ислоҳотларни «маҳалла кесими» асосда амалга ошириш ҳамда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган юртдошларимизнинг муаммоларини «хонадонбай» ҳал этишда соҳа ходимларига юксак ишонч билдирилди.

Дарҳақиқат, ушбу юксак эътибор ва ғамхўрлик маҳалла институтининг жамиятдаги нуфузини ошириш, маҳалланинг  – ёруғ юзимиз ва виждонимиз кўзгусига айланишида муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз. Чунки, бугунги кунда халқимиз маҳаллани ўзларининг яқин ­суянчиғи деб билади. Соҳа ходимларининг жамиятимизда маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, ёшларни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга ошираётган фидокорона хизматлари юксак қадрланади.

Тадбирда жамиятимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойиларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори билан  «Ардоқли нуроний», «Ватан фидойиси», «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишонлари ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тақдирланганлар номидан Чимбой туманидан меҳнат фахрийси, «Ардоқли нуроний» кўкрак нишони соҳибаси Райгул Жумамуратова, Элликқалъа тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг Кексалар ва фахрийларнинг ижтимоий фаоллигини ривожлантириш бўйича ўринбосари, «Ватан фидойиси» кўкрак нишони соҳиби Исмоил Хўжаниязовлар  сўзга чиқиб, юксак ғамхўрлик ва эътибори учун Президентимизга миннатдорлик билдиришди.

Тадбир иштирокчиларига санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Д.Абибуллаев.