ЭНГ ТАШАББУСКОР ФЕРМЕР, ҲУНАРМАНД ВА ТАДБИРКОРЛАР АНИҚЛАНДИ


Нукусда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун анъанавий «Ташаббус-2018» танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Ҳунарманд» бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда танловнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 79 нафар фермер, ҳунарманд ва тадбиркорлар иштирок этди.

Ўтказилган маҳсулотлар кўргазмасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари О.Ҳамроев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Ж.Ўроқов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик масалалари ва парламент тадқиқотлари институти масъул ходими Ш.Эгамбердиев сўзга чиқиб, қатнашчиларни қутлади.

Таъкидланганидек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойи­ҳаларининг ўз вақтида амалга оширилишига кўмаклашиш, шунингдек бўш турган объектлар, ер участкалари ҳамда бошқа инфратузилмалардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида шу йил ­11 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор асосида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий комиссиялар тузилиб, уларнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг шу йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида бизнеснинг ривожланиши йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъект­ларини муҳофаза қилишнинг қонуний механизмларини янада такомиллаштириш, юртимизда инвестиция ва иш юритиш муҳитини яхшилаш мақсадида бир қанча қулайликлар яратиб берилмоқда. Шунинг натижасида республикамизда кичик бизнеснинг ялпи маҳсулот ишлаб чиқаришдаги улуши ўтган йили 47,3, жумладан саноатда 40,2, хизматлар кўрсатишда 44,6 фоизни ташкил этди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириб боришда анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ташаббус” танлови катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Илгари мазкур танлов “Энг яхши фермер”, “Энг яхши ҳунарманд”, “Энг яхши тадбиркор” йўналишлари бўйича ўтказилган бўлса, жорий йилда “Энг яхши фермер”, “Энг яхши ҳунарманд”, саноат соҳасидаги “Энг яхши тадбиркор”, хизматлар кўрсатиш соҳасидаги “Энг яхши тадбиркор”, “Энг яхши ёш тадбиркор” йўналишлари бўйича ўтказилмоқда.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда “Энг яхши фермер” йўналиши бўйича Қўнғирот туманидаги “PORTAU TARTULI” фермер хўжалиги, “Энг яхши ҳунарманд” йўналиши бўйича чимбойлик заргар Адил Тажимуратов, саноат соҳасида “Энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича “Nukus Evro Stroy” масъулияти чекланган жамияти, хизматлар кўрсатиш соҳасида “Энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича “Muynak tour” масъулияти чекланган жамияти, “Энг яхши ёш тадбиркор” йўналиши бўйича Нукус шаҳридаги “ORALBAY NUKUS” оилавий корхонаси ғолиб деб топилиб, танловнинг якуний босқичига йўлланма олди.

— Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор туфайли кейинги йилларда туманимизга келаётган сайёҳлар сони тўрт баробар ортди, — дейди “Muynak tour” масъулияти чекланган жамияти раиси Амина Бегжанова. — Айни пайтда туман маркази ҳамда Орол денгизи бўйида сайёҳлар учун қора уйлар қурилиб, “Маёқ” кафеси ишга туширилди. Транспорт хизмати яхшиланди. Бундай қулайликларни янада яхшилаймиз.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.