Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 2 октябрдаги Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бўзатов туманида бўлиб ўтган шеърият фестивали шулар жумласидандир. Унда мамлакатимизнинг таниқли адиблари, адабиёт ихлосмандлари, ижодкор ёшлар иштирок этди
Тадбир иштирокчилар томонидан туман марказида жойлашган Бердақ боғидаги шоир ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш билан бошланди.
Шеърият фестивалининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими М.Қайпанов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Н.Жонузоқов, Ўзбекистон халқ шоири, М.Тоир, Қорақалпоғистон халқ шоири, сенатор Г.Аннақличева, Ўзбекистон халқ шоири У.Азим, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ шоири К.Каримов ва бошқалар сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда миллий маданиятимиз ва адабиётимизни ривожлантириш, шу орқали ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилаётган эътибор хусусида сўз юритдилар.
Таъкидланганидек, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида олға қадамлар ташланаётган бугунги кунда адабиётимиз, маданиятимизни чуқур ўрганиш ва оммалаштириш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойининг биринчи ҳафтаси мамлакатимизда «Китобхонлик ҳафталиги» этиб белгиланди. Бўзатов туманида ўтказилган шеърият фестивали мана шу ҳафталик доирасида ташкил этилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Бўзатов туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Гулсанем Оразбаеванинг Президент қарорига кўра, Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланиши қорақалпоқ ёшларига кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси бўлди.
Фестивал иштирокчилари тумандаги янгидан фойдаланишга топширилган ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан танишди. Ёшлар марказидаги мушоира кечасида таниқли адиблар билан бир қаторда туманнинг ижодкор ёшлари – Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Г.Оразбаева, халқаро танлов ғолиби М.Қалбаева, шунингдек, Г.Сарибаева ва Қ.Қалмуратовлар ўз ижодий ишлари билан иштирок этди.
Тадбир туман марказидаги амфитеатрда санъат усталарининг гала концерти ва ижодкор ёшларни тақдирлаш маросими билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.