Қорақалпоғистон Республикасида биринчилардан бўлиб Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманларида жорий йил ҳосили учун чигит экиш ишлари бошланди.
Шу муносабат билан Элликқалъа тумани “Худойберган Эрназаров” фермер хўжалигида ўтказилган кўргазмали семинарда сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари,соҳага масъул ташкилотлар, пахта кластерлари корхоналарининг раҳбарлари ва мутахассислар қатнашди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов сўзга чиқиб, йиғилганларни чигит экиш ишлари бошлангани билан табриклади.
Таъкидланганидек, туманда экиш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида пухта тайёргарлик кўрилган. Жумладан, 10195 гектар майдонга чигит экиш учун 32 та отряд ташкил этилган.
Тадбирда ушбу мавсумини қисқа фурсатда сифатли ўтказиш, мавжуд техникалардан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Шу куни ерга дастлабки уруғ сепилди. Чигит экишга бағишланган кўргазмали семинар Беруний тумани “Қизилқалъа” овул фуқаролар йиғинидаги “Нурислом Амира”, Тўрткўл тумани “Тозабоғёп” овул фуқаролар йиғинидаги “Мансур ММ” фермер хўжаликларида ҳам бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.