Жарроҳнинг юксак мартабаси


Оғир дардга чалиниб, ҳаётдан умидини узган беморларга шифо ато этувчи, ажал билан юзма-юз келган инсонни унинг чангалидан сақлаб қолувчи табиб ва шифокорларни ҳақиқий маънода қаҳрамон десак арзийди.

Юксак билим ва тажрибаси билан ўн мингдан ортиқ ўта мураккаб операцияларни амалга ошириб, қанчадан-қанча хаста инсонларни оёққа турғазиб, чексиз олқишларга сазовор бўлиб келаётган жарроҳ, меҳнатларини дунёнинг бир қанча ихтисослаштирилган тиббиёт илмий марказлари эътироф этган, элимизнинг қадрли инсони, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби,тиббиёт фанлари доктори, профессор Мэлс Қабуловни худди шундай қаҳрамонлар сирасига қўшишга тўла ҳақлимиз.

Халқимизда «Инсон меҳнати билан азиз, одоб-ахлоқи билан гўзал» деган мақол бор. Лекин, баъзида  ёнимизда бирга юрган дўстларимизнинг, замондош ёки изимизни босиб келаётганларнинг буюк ишларига унчалик ҳам эътибор бермай  қоламиз. Уларнинг фандаги ютуқларидан, кашфиётларидан, муваффақиятларидан бир лаҳза ғурурланиб кўнглимиз тўлиб-тошиб, муборакбод қилганимиз билан, орадан вақт ўтганидан кейин  одатий юмушимиз билан банд бўлиб, буни унутиб ҳам юборамиз. «Вазифаси-ку, билим олса, ўзи учун олган» деган фикр ҳам бўлади гоҳида.

Ота-боболаримизнинг «Қанча йўл босганингни билгинг келса, баъзи-баъзида ортинга боқ» деган ҳикматли ибораси бор… Ҳозирда тўқсоннинг чўққисида туриб ортимга назар соларканман, олий таълим даргоҳини тамомлаб, ўз фаолиятимга киришганимдан буён узоқ йиллик меҳнат ва ҳаёт йўлимда қатор дўстлар, оға-инилар орттирибман. Ана шулардан бири Мэлс Қабуловдир.

1970 йилдан буён у билан ака-ука сифатида, ўзаро борди келдимиз бор. У борган жойида самимийлиги, гап-сўзининг бамаънилиги, феъл-атворининг босиқлиги билан барчанинг ҳурматини қозонади. Мэлснинг гарчи мендан ёши кичик бўлса-да, чин маънидаги маданиятли, юксак инсонийлик фазилатга эга инсон сифатида эъзозлайман. Кўнглимга алоҳида ёқадиган жиҳати ҳар қандай  янгилик бўлса биринчилардан бўлиб менга ва дўстларига етказади.

Мэлс Қўнғирот элида ўчоғининг тутуни олисдан кўриниб турадиган хонадонларнинг бирида дунёга келди. Фақат тумандагина эмас, бутун Қорақалпоғистонда довруғ таратган отаси, Қабил Қалнияз ўғли ҳақида таниқли журналист Абдибой Қарлибаевнинг «Қўнғиротнинг бойтераги» номли ҳужжатли повести ҳам  нашр қилинган.

Ўшанда эрталабки нонушта пайти эди Мэлс уйга келиб, «Отам ҳақида китоб чиққанди, ўқиб танишарсиз, ишга  шошяпман» деб китобни ташлаб ноннинг тузини тотди-да, чиқиб кетди.Варақлаб қарасам, биринчи бетига «Ҳурматли Аманияз оға! Сиз Қорақалпоғистонда таниқли, маданиятимизни ёш авлодга етказувчи фидойи инсонсиз. Сизга мустаҳкам соғлик, бахтли кексалик тилайман. Мэлс Қабулов 7 август» деб имзо чекиб  қўйибди.

Бундай олқиш, мақтовдан, ўзимча ғурурланиб қўйдим. Китобда Мэлснинг отаси Қабил бошлиқнинг қилган эзгу ишлари акс эттирилган. Дарҳақиқат, у ишнинг кўзини биладиган ҳақиқий деҳқон, кичикка ҳам, каттага ҳам сўзи ўтадиган, бообрў, моҳир ташкилотчи бўлган. Китобда Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Ш.Рашидов республикамизга ташрифи чоғида Қабил бошлиқни кўриб,суҳбатини олмасдан кетмаслиги, элимиз оқсоқоли Қ.Камалов унинг  ҳалоллиги,фидойилигини бошқаларга намуна қилиб кўрсатиши, аёли Айтжан Вайис қизи билан ўн фарзандни вояга етказгани, Мэлснинг шифокорлик касбини танлашида отаси Қабилнинг сабабчи бўлгани маҳорат билан тасвирланган.

Орадан йиллар ўтиб қўлимга тушган яна бир китоб эса Мэлс Қобуловнинг ўзи ҳақида эди. Ёзувчи ва истеъдодли журналист Абдимурат Отажоновнинг  икки йил давомида, қўли енгил шифокор, онкология соҳасидаги кўзга кўринган олимлардан бири Мэлс Қабуловнинг иш услубини ўрганиши ва кузатишлари натижасида «Хирургнинг йўли» номли  асари 2012 йил Тошкентдаги «Фан» нашриётида нашр этилди.  Китобнинг номиданоқ кўриниб турганидек, ёзувчи жарроҳ ва олимнинг ҳаёт йўли,қийинчиликларни енгишдаги сабр-бардоши, ўзига хос  фазилатларини аниқ ва равшан  баён қилган.

Муаллиф асарни ҳужжатли повесть деб номлагани бежиз эмас. Унда турмушдаги бор ҳақиқат бўрттирилмасдан ёритилган. Шу билан бирга ҳужжатли бадиий асардан кўра, таржимаи ҳол, мемуар асарга ўхшайди. Мэлснинг тиббиёт фани соҳасидаги ютуқларини яққол акс эттирувчи ҳажмли тавсифнома сифатида ўқилади.

Талабалик, аспирантлик ва докторлик диссертациясини ёқлаш даврида Мэлсга ғамхўрлик кўрсатиб, ёрдам қўлини чўзган устозларини, уларнинг ҳалоллигини, овулдан келган қорақалпоғистонлик йигитга бўлган эътиборини таърифлайди. Айниқса, ёш йигитнинг жарроҳликнинг нозик сирларини ўрганишга ташналиги, бунинг учун унда интилиш, қизиқиш, уқув, сабр-тоқат, ишонч етарли эканлигини пайқай билган, самарқандлик, қорақалпоғистонлик, тошкентлик, россиялик олимларнинг инсонийлик фазилатлари адабий тил билан айтганда – образлар ҳар бир китобхон кўз олдида яққол намоён бўлади.

«Абдимурат оғани таниганим билан унчалик яқин эмас эдик,-деб эсга олади Мэлс Қабулов. Бир куни кабинетимга келди. Яширмайман, кўпинча шифокорлар ёнимга қайсидир беморга ёрдам беришимизни илтимос қилиб келишарди. Омон-эсонликдан сўнг келиши сабабини сўрадим. У тиббиёт билан асосан  «давосиз дард» номини олган (қилтамоқ), қизил ўнгач саратони ҳақида диссертация ёқлаганимни эшитиб, уни даволаш усуллари ҳақида савол берди. Аммо оғзидан сиз ҳақингизда китоб ёзиш ниятим бор деган сўз чиқмади. Тиббиётни, шифокорнинг меҳнатини, энг аввало касалликнинг олдини олиш зарурлигини аҳоли орасида тушунтириш барчамизнинг вазифамиз. Шунинг учун унга касалхонага келиб, беморлар билан суҳбатлашишига, даволаш жараёни, ҳатто, операцияларни кузатишига шароит яратиб берилди. У талабаларга ўқиган лекцияларим, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон миқёсида ўтказилган тиббиёт анжуманларида иштирок этиб, кўпгина олимлар, етук мутахассисларнинг фикрларини эшитди. Нашрга топширар чоғидагина розилигимни сўради. Шунда мен китобнинг қўлёзма варианти билан танишдим.

Миннатдорлигимни билдирдим» дейди Мэлс.

Таниқли жарроҳнинг 70 йиллик юбилейи Республикамизда кенг  нишонланди.Абдимуратнинг ўғли, журналист Мадад Отажонов «Мэлс Қабулов 70 ёшда» номли китоб нашр қилди. Китоб академик В.Воҳидов номидаги Республика илмий-жарроҳлик маркази директорининг биринчи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ю.И.Калишнинг «Омад ёр бўлсин!» номли тўйхати билан бошланади. Етук мутахассис Мэлснинг ҳаёти, илмий хизматлари, юксак ташкилотчилик ишларига юқори баҳо берган.

Китоб ҳақида тиббиёт фанлари доктори,профессор А.Мадреимов, Ўзбекистон Республикаси Врачлар ассоциацияси Қорақалпоғистон бўлими мудири, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган шифокор А.Мамбеткаримовлар яхши фикрлар билдирган. Бундан ташқари етакчи олимлар, устозлар, касбдошларининг Мэлс ҳақидаги фикрлари, шифо топган инсонларнинг ташаккурлари, илмий ишлари, матбуотда ёритилган мақолалари, шоирларимизнинг бағишловлари жой олган.

Яқинда Мэлс қўнғироқ қилиб, уйда эканлигимни билиб, кўп ўтмай кириб келди. «Орамиздаги ёши катталардан бирисиз. Кўз тегмасин, ҳалиям китобсеварлигингизни биламан. Тошкентдаги дўстларимиз Абдимурат Отажоновнинг китобини ўзбек тилида нашр қилишаётган экан. Манави, сигнал нусхаси. Сизга олиб келдим», деб узатди. Инимиз ҳақида ушбу китобнинг энди Ўзбекистон шифокорлари орасида ҳам тарқалиши беҳад қувонтирди. Шундай азаматларнинг остонамни хатлаб, хабар олишга келганидан кўнглим кўтарилди. Олдинги сингари, « Ҳурматли Аманияз оға Жузимбетовга! Таниқли  санъат арбоби, маданият ходимига мустаҳкам саломатлик, омонлик тилаб, профессор Мэлс Қабулов, 22.02.2021 й.» деб имзо қўйибди.  Қорақалпоқ тилидан ўзбекчага журналист Айтбай Камалов таржимасида, «Жарроҳнинг шарафли йўли» номи билан босилган. Мен эса уни икки-уч кунда ўқиб чиқдим. Таржиманинг бадиийлик жиҳатига баҳо беришдан йироқман, бу  мутахассисларнинг вазифаси.

Докторлик диссертациясини ёқлаш олдидан Мэлснинг  «Қорақалпоғистонда қизилўнгач касаллигининг тарқалиши ва келиб чиқиши» мазусидаги мақоласи рус ва инглиз тилида Англияда нашр қилинувчи « Международный журнал эпидемиалогия рака» номли нашрда ёритилган эди. Ўша мақола Лондондаги  рак генетикаси лабораториясининг бошлиғи Спенсер Веллс ва унинг онаси Америкадаги Сиэтл университети профессори, тиббиёт фанлари доктори Барбара Пенсларда катта қизиқиш уйғотиб, ҳолат бўйича жойида танишиш мақсадида 2000 йилларда улар Нукусга келишган. Шу чоғда Мэлснинг хонадонида ҳам меҳмон бўлишган. Барбара Пенснинг таъкидлаши бўйича ер шарининг икки тарафидаги Сиэтл ва Нукус шаҳарлари хаританинг бир координаторида жойлашган экан.

Китобдаги тарихий суратларга назар ташлаймиз… Президиумда мажлисни бошқариб турган Мэлс Қабулов, уни икки томонида академик Феруз ­афурович Назиров ва тиббиёт фанлари номзоди Норпўлат Норқўзиевлар. (Қарши,2012 й).

Академик В.Д.Федоров, ­профессор Ю.И.Калиш, А.И.Икрамовлар (Тошкент 2008 й), таниқли кардиожарроҳ, профессор М.М.Зуфаров (2009 й, 15 май), Ўзбекистон Республикаси ­Соғ­лиқни сақлаш вазирининг бош жарроҳи, тиббиёт фанлари доктори М.М.Акбаров ( Нукус, 2014 й)лар билан тушган суратлари эътиборни тортади. Бу етакчи олимлар орасида Мэлс Қабуловнинг салоҳияти ҳеч кимдан кам эмаслигининг исботидир.

Мэлс Қабулов 2018 йил тиббиёт ходимлари куни арафасида «Ўзбекистоннинг энг аълочи профессори» номинацияси бўйича ғолиб бўлди.

Мэлснинг хонадони шаҳримиздаги намунали оилалардандир. Умр йўлдоши, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган шифокор Алтин Қаландарова билан, фарзандларини уйлантириб, қизларни турмушга узатиб, неваралари бахтига суяниб бахтиёр яшаб келмоқдалар. Докторлик дессертациясини тайёрлаш жараёнида семиз папкалардаги қўлёзмаларни куну-тун машинкада ёзадиган Алтиннинг фидойи хизматларини Мэлс кези келганда кулимсираб миннатдорлик билан эслайди.

Ота касбини эгаллаган ўғли  Темур Қабулов тиббиёт фанлари номзоди. Айни пайтда Тошкентда академик В.Воҳидов номидаги жарроҳлик марказида шифокор-олим сифатида фаолият юритади.

Мэлс Қобулов докторлик диссертациясини ёқлаб келганида элимиз оқсоқоли Қ.Камалов айтган қуйидаги сўзларни асло унутмайди.

«Мен хирургни созандага қиёслайман. Санъат одами деб биламан. Бу дегани жарроҳнинг қўли, бармоғи скрипка чалувчи созанданинг сеҳрли бармоқларидай. Мэлснинг қўли енгил бўлиб, беморга муносабати, ота-онанинг гўдакка муносабати билан тенг. Шунинг учун бундай олтин бармоқли жарроҳ-шифокор, юртимизнинг, халқимизнинг бахтига ҳамиша соғ бўлсин!»

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев 2021 йилни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилганидан  барчамиз хабардормиз.Шифокор-олим инимиз 75 ёшни ортда қолдирган бўлса-да,  куч-ғайратга тўла, зеҳни ва нигоҳлари ўткир. Халқига, ёшларга ҳали бермоқчи бўлганлари талайгина. Касбдошлари, олимлар мартабаси баланд инимизнинг буюклигини эътироф қилади.

Ибратли ишлари, фидойилиги билан Қорақалпоғистонимизни дунёга танитаётган Мэлс сингари инсонлар билан барчамиз фахрланамиз.

Аманияз Жузимбетов,

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият  ходими,
«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби.