ОРОЛҚУМ ОРОЛЎРМОНГА АЙЛАНМОҚДА


Орол денгизи қадим денгизлардан ҳисобланиб, катталиги бўйича дунёда тўртинчи ўринда турган ва бой табиий захиралари билан машҳур бўлган.

Оролбўйи ҳудуди эса биологик бой табиий муҳит ҳисобланган.

Бу ерда ўсимлик ва ҳайвонот оламининг биологик хилма-хиллигини сақлаш ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан бири. Табиий биотоплардаги ўзлаштириш жараёнларининг кучайиши, флора ва фаунага антропоген таъсир Оролбўйи минтақаси учун табиий ресурсларининг ҳозирги ҳолатини аниқлашда долзарб муаммо ҳисобланади.

КУТИЛМАГАН ҚЎНҒИРОҚ

Кутилмаганда телефоним жиринглаб қолди. Ўртоғим, Нукус давлат ўрмон хўжалиги директори Арислон Юсупов экан.

— Алло, Мнажатдин, Мўйноққа борасанми? Борсанг мени ҳам олиб кет, дегандинг.

Мен ҳеч иккиланмасдан:

— Бораман, қачон? — дедим.

— Тайёрланиб тур, ярим соатдан сўнг бориб, олиб кетаман.

— Келавер, мен тайёрман.

Ярим соатдан сўнг Арислоннинг автоуловида Мўйноқ томон йўл олдик. Машинада шиддат билан чўл қўйнига кириб борар эканмиз, поёнсиз йўллар четидаги саксовуллар шамолда майин тебранарди…

Мана уч йилдирки, Орол денгизининг суви қуриган майдонлари ҳамда Оролбўйи ҳудудларида шамол таъсирида юзага келадиган кучли қум, туз ва чанг бўронларини камайтириш, қум кўчишининг олдини олиш, минтақада экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Йўлда саф тортиб Мўйноқдан келаётган турли хил техникаларни учратдик.

— Мамлакатимиз вилоятларидан келган техникалар экиш мавсумини тугатиб қайтмоқда, — деди Арислон менинг саволимни аввалдан англагандек.

— Қишнинг бўронли кунларида юртимизнинг барча ҳудудларидан келган ишчилар Мўйноқ тумани ва Орол денгизининг қуриган тубидаги экологик офат зонасидан қум ва тузни олиб ташлашга тўсиқ бўлувчи яшил майдонлар яратиш учун сидқидилдан меҳнат қилишди.

Ҳақиқатан ҳам, бугун мамлакатимиз аҳолиси Орол денгизининг қуриган тубида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ишларида астойдил меҳнат қилмоқда.

Шу ўринда статистик маълумотларга эътибор қаратсак. Масалан, 2018 йилнинг куз-қиш ва 2019 йилнинг баҳорида Орол денгизининг сув қуриган тубида жами 460872 гектар майдонда фитомелиорация ишлари олиб борилди. Шундан сўнг 326 150 гектар майдонга самолёт ёрдамида, 119 437 гектар майдонга техника ёрдамида, жами 445587 гектар ерга уруғ экилди. Шунингдек, маданий ўрмонзорлар ташкил этиш учун 15 285 гектар ерга дарахт кўчатлари ўтқазилди. Бу ишларни амалга ошириш учун 1532 тонна чўл ўсимликлари уруғлари тайёрланди. Уларнинг 1459 тоннаси саксовул, 73 тоннаси қорабарақ уруғидир.

Қисқа вақт ичида мисли кўрилмаган ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан иборат ўрмонзор май ойининг бошида вегетация даврида яшил рангга кириб, бутун майдон мовий гиламга айланади. Айни пайтда дастлабки натижалар кўзга ташлана бошлади. Шунинг­дек, Орол денгизининг қуриган тубига чорва учун озуқабоп ўсимликлар экилган эди. Бугунги кунга келиб, яйловлар ҳам пайдо бўлмоқда.

ЎРМОНЗОР КЕНГАЙМОҚДА

Биз Мўйноқ давлат ўрмон хўжалигининг янги биносига етиб борганимизда, бу ерда одамлар гавжум, иш қайнаётган экан. Барча ўз вазифасини бажаришга шошилмоқда.

— Ўрмон хўжалигимизда 85 нафар ишчи-ходим, 14 та техника мавжуд, — дейди Мўйноқ давлат ўрмон хўжалиги директори Фархад Ауезов. — Бундан уч йил олдин хўжалигимиз ер майдони 650 887,2 гектар эди.

Бугунги кунга келиб қарийб 2 225 000 гектарга етди. Баҳор мавсуми ишлари якунланмоқда. Куз учун 3280 гектар жойга етадиган уруғ тайёрлаб қўйдик. Олдинлари денгизда сузиб юрган кемалар сув қуриб кетиши оқибатида тўхтаб қолди, чанг-тўзон ҳамда тузлар кўтарилиб, экологик муаммо келиб чиқди. Аммо матонатли, сабр-тоқатли халқ ёруғ кунларга ишониб, умид билан яшади ва ниҳоят улар орзу қилган кунлар ҳам етиб келди.

Яна маълумотларга мурожаат қиламиз. 2019 йилнинг куз-қиш ва 2020 йил баҳор мавсумида Орол денгизининг суви қуриган тубида жами 706 401 гектар майдонда фитомелиорация ишлари олиб борилди.

Шундан сўнг 496 933 гектар майдонга самолёт ёрдамида, 166 170 гектар майдонга техника ёрдамида, жами 663 100 гектар ерга уруғ экилди. Шунингдек, маданий ўрмонзорлар ташкил этиш учун 40 284 гектар ерга дарахт кўчатлари қадалди. Бундан ташқари, 3014 гектар майдонда чорва моллари учун яйловзорлар ташкил қилинди.

Президентимизнинг экологик фожиага келиб қолган ҳудудни ривожлантириш борасида илгари сурган ғоя ва ташаббуслари, улар асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар мўйноқликларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Ҳар йили экиш мавсумларида механизаторлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва бошқа ташкилотлар ходимлари ҳамда аҳоли фаол иштирок этмоқда.

— 2021 йил учун 300 минг гектар майдонда яшил қопламалар, яъни ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш вазифаси белгиланган эди. Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда жами 445 717 гектар майдонда фитомелиорация ишлари олиб бориб, самолётлар ва техникалар ёрдамида чўл ўсимликлари уруғларини экдик, — дейди Ўзбекистон Республикаси ўрмон давлат қўмитаси раиси ўринбосари ­олибжон Қурбонов. — Албатта, ўрмонзор пайдо бўлса, биринчидан, тузли чангларнинг кўтарилиши тўхтайди. Иккинчидан, ернинг намлиги ошади ва жониворлар сони кўпайишига олиб келади.

Бундан уч йил олдин бу ерда аҳвол жуда ачинарли, гўё ҳаёт тўхтаб қолгандек эди. Давлатимиз раҳбарининг “Маданият Мўйноқдан бошланади” деган гапи бугунги кунда айни ҳақиқатга айланди. Одамларнинг онги, дунёқараши, фикри ўзгарганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Уруғларни териш асносида мавсумий ишларга жалб қилинган мўйноқлик ёшларнинг бандлиги таъминланмоқда.

Энг қувонарлиси, Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида 2018–2020 йил баҳор мавсумида жами 1,2 миллион гектар “яшил қопламалар” барпо этиш ишлари амалга оширилган бўлса, ўтказилган мониторинг натижалари бўйича “яшил қопламалар”нинг ҳолати яхши, ўртача кўкарувчанлик 35-40 фоизни ташкил этмоқда.

САКСОВУЛ — ЧЎЛГА ЭНГ ЧИДАМЛИ ЎСИМЛИК

Ўзбекистонда саксовулнинг уч хил тури ўсади.

Зайнский тури Устюрт ва Қизилқум ҳудудларида ёввойи ҳолда кўплаб учрайди. У бута ўсимликлар оиласига киради.

Қора саксовул дарахтлар оиласига кирувчи ўсимлик бўлиб, 40–50 йил яшайди. Оқ саксовул ҳам дарахтлар оиласига мансуб. Бу ўсимлик фақат Қизилқум чўли ва Устюрт платосида ёввойи ҳолида ўсувчи ўсимликлар туркумига киради.

Чўл шароитига чидамли ўсимликлардан бири —саксовул тупроқ таркибидаги тузларни еб йўқ қилади.

Кўчма қумлар тарқалишининг олдини олади. Табиий йўл билан эккандан кейин иккинчи ва учинчи йилнинг кузи охирига келиб уруғ тугади ва ўз-ўзидан уруғларини сочиб, ёввойи ҳолда кўкаради ва чўлда ўрмонзорлар пайдо этади. Ҳозирги вақтда саксовулнинг энг кўп тарқалган тури қора саксовул саналади.

— Ҳозир Қорақалпоғистон ҳудудида Устюрт, Қизилқум, Қорақумдан ташқари Оролқум деб номланган саҳро пайдо бўлди. Ушбу Оролқум деб номланган денгиз тубида ватандошларимизнинг сидқидилдан қилаётган ишлари барчага намуна бўлмоқда. Орол денгизи Оролқумга айланган бўлса, кейинги 3-4 йил ичида халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Оролўрмонига айланмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси Ойбек Аминов. — Бу ерда инсонларнинг нималарга қодир эканлигини қилган меҳнатлари мисолида кўриш мумкин. Муҳими, шароит қанчалар қийинлигига қарамасдан олиб борилган ишлар натижаси кўринмоқда. Ташқаридан кузатган киши учун бу, ҳақиқатдан ҳам, мўъжиза. Ўрмонзор пайдо бўлса, тузли чанг-тўзон кўтарилиши тўхтайди. Янги яйловлар, ёввойи ҳайвонлар, қушлар кўпаяди. Меҳнатимиз натижасида 10-12 йил ичида катта ўрмонзор яратилади. Халқимизда “Олти ола бўлса, оғиздагини олдирар, тўртов тугал бўлса, тепадагини туширар”, деган мақол бор.

Демак, оғизбирчиликда, бирдамликда иш олиб бориш керак экан. Орол фожиасидан зарар кўраётган денгизни яшил майдонга айлантириш ишларига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан жуда мамнунмиз.

ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНИ

Бизнинг навбатдаги суҳбатдошимиз қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, академик Зиновий Новицкий бўлди. У ҳозиргина денгиздан Мўйноқга қайтиб келган экан. Ёши 70 дан ўтса ҳам кўзларида нур порлаб турган Зиновий Богданович ҳарбийларча салом бериб, бизни мамнуният билан қарши олди.

— Мен Орол денгизи муаммоси билан 1981 йилдан буён шуғулланиб келаман, — дейди академик Новицкий. — Ўша йили мени Москва шаҳрига чақириб, Орол денгизи қуриши сабабини аниқлаш бўйича гуруҳни бошқаришни топширишган. У пайтда Орол денгизи 20 километрга чекинган эди. Яқин-яқингача фақат илмий изланишлар, тажрибалар ўтказилиб, оз миқдорда чўл ўсимликларини экиш ишлари амалга ошириб келинди. Шунингдек, кўпчилик олимлар, жамоатчилик вакиллари денгизни фақат келиб кўриб, расмга тушиб кетишган.

Давлатимиз раҳбари томонидан Оролнинг қуриган тубида яшил майдон барпо қилиш масаласининг кўтарилиши, айтиш керакки, бу Ўзбекистон тажрибасида илк маротаба қўл урилаётган улкан лойиҳа, иш ҳисобланади. Хабарингиз бор, Орол денгизи тубидан йилига 150 миллион тонна тузли чанг-тўзон ҳавога кўтарилиб, булутлар билан аралашиб, 1000 километргача учиб боради ва тузли қор бўлиб ёғади.

Натижада бутун дунёда экологик муаммони келтириб чиқармоқда. Денгиз тубидаги қуриган ер майдони 6 миллион гектарни ташкил этади. Бунинг 3,2 миллион гектари Ўзбекистон ҳудудига тўғри келади.

Қолган қисми Қозоғистон ҳудудида жойлашган. Эндиги муаммо шундан иборатки, Қозоғистон ҳудудидаги денгиз тубида ҳам яшил майдонни барпо этиш лозим. Чунки шамол асосан ўша томондан эсади.

Биз қозоғистонлик олимлар билан бу борада суҳбатлар олиб бормоқдамиз. Ишонаманки, келажакда амалий ишларни биргаликда бошласак, денгиз туби ўт-ўланлар билан қопланади. Ўтган давр мобайнида 1,2 миллион гектар “яшил қопламалар” барпо этилди. Ушбу “яшил қопламалар”нинг кўкарувчанлиги ўртача 35-40 фоизни ташкил этмоқда. Демак, натижа яхши томонга қараб бормоқда. Меҳнатимиз бесамар кетмади. Ўрмонзорлар кенгайиши билан ҳайвонот дунёси ҳам ортиб боради. Бугунги кунда яшил ҳудудларда қуён, қашқир, тулки, шоқол сингари ҳайвонларни учратиш мумкин. Энг асосийси, чорва учун жуда қулай яйловлар яратилмоқда. Бунинг натижасида аҳоли бандлиги таъминланади. Гўшт, сут маҳсулотлари нархи арзонлашади. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу ерларда асаларичиликни йўлга қўйиш мумкин. Асаларилар ўрмонзорлардаги чўл ўсимлик гулларидан 50 фоизгача асал йиғади.

Сайёҳлар учун эса экотуризм ривожланади. Бундан ташқари, яна кўплаб лойиҳаларни амалга оширса бўлади. Олдинлари бу гапларни биров айтса ўзим ҳам ишонмаган бўлардим. Лекин энди бу гапларни мен айтяпман. Оролга ўз ҳаётини, билимини бахшида қилган инсон сифатида айта оламанки, бу ерларнинг келажаги порлоқ.

Зиновий Новицкий билан суҳбатимиз икки соатга чўзилди. Қишнинг қаҳратон совуқларига қарамасдан фидойилик билан меҳнат қилаётган ватандошларимизни бугунги кун қаҳрамонлари деб эътироф этсак арзийди.

ЧЎЛГА ҲАЙВОНЛАР КЕЛМОҚДА

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мамлакатимизда мавжуд биологик ресурсларни, хусусан, ноёб, камсонли, йўқолиб кетиш арафасида турган тирик организмлар ва уларнинг яшаш муҳитини сақлаб қолишда, инсон фаолиятининг табиатга бўлган салбий таъсирининг олдини олишда, шунингдек, табиий жараёнларни ўрганиш, атроф-муҳит мониторингини олиб бориш, экологик таълим ва тарбияни такомиллаштириш мақсадида алоҳида аҳамият касб этади.

Қорақалпоғистон Республикаси “Жанубий Устюрт” давлат қўриқхонаси ходимлари томонидан Устюрт платосида жойлашган Сариқамиш кўлида ҳайвонот ва ўсимликларни рўйхатга олиш бўйича мониторинг ишлари олиб борилган. Ўрганишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган қушлардан 10 та оқ қуш, 2 та сув бургути борлиги маълум бўлди. Шунингдек, 40 та қизил бош, 33 та кўк бош, 61 та олмабош ўрдак, 4 та катта қорабой, 12 та сўфитўрғай ҳамда 20 та чайка рўйхатга олинди. Ўрганувчилар Сариқамиш кўлидан 10 километр узоқликда 3 та жайрон, 15 километр узоқликда 2 та қулон яшаётганини аниқлашди. Шахпакта ҳудудида 2 та бўри, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган 1 та чўл бургути, 12 та қора бовур ва 1 та оқ бовур аниқланган ва рўйхатга олинган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти директор ўринбосари, биология фанлари доктори, профессор Светлана Мамбетуллаева шундай дейди:

— Орол денгизи қадим денгизлардан ҳисобланиб, катталиги бўйича дунёда тўртинчи ўринда турган ва бой табиий захиралари билан машҳур бўлган. Оролбўйи ҳудуди эса биологик бой табиий муҳит ҳисобланган.

Бу ерда ўсимлик ва ҳайвонот оламининг биологик хилма-хиллигини сақлаш ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан бири. Табиий биотоплардаги ўзлаштириш жараёнларининг кучайиши, флора ва фаунага антропоген таъсир Оролбўйи минтақаси учун табиий ресурсларининг ҳозирги ҳолатини аниқлашда долзарб муаммо ҳисобланади.

Экологик омилларнинг интенсив таъсири ва бошқа кўрсаткичлар билан бир қаторда маълум даражада ўсимликлар қатламининг фазода тарқалишига ҳамда Оролнинг қуриган жойларида яшайдиган ҳайвонот олами вакилларининг сон динамикаси ва хулқ-атворига интенсив таъсир қилади.

Бизнинг дала тадқиқотларимиз натижасида саксовул экилган ҳудуддан шоқол, тулки ва жайрон излари топилди. Мутахассисларимиз тўлай қуёнлари ва ўрмон мушугини ҳам кўришди.

Сунъий экилган саксовул ҳудудларида йилнинг қишқи даврларида бизнинг орнитологларимиз 15 турдаги қушларни, жумладан, дала бўқтаргиси, оқ сор, сариқ сор, чўл бургути, қиронқора, бургут, қорабовур, укки, бойўғли, сўфитўрғай ва саксовул чумчуғи турларини қайд этди.

Демак, Орол денгизининг қуриган тубида саксовул ўрмонларида флора ва фаунанинг биологик хилма-хиллигининг кўпайиши, чўл экотизимларининг унумдорлигини ошириш учун жуда муҳим ҳисобланади.

АЙДИНЛАР

Янгиланаётган Мўйноқ кўчаларини кезар эканмиз, баҳорнинг илиқ, майин шабадаси юзингизга урилиб, хуш кайфият бағишлайди. Йўл бўйида саксовуллар “Мана, биз томонга ҳам ҳаёт кириб келди” дегандек секин тебранади. Катта йўл чеккасидаги рангли ёритгичлар бизни беихтиёр ўзига жалб қилди. Ёруғда иккита кеманинг байроқлари баҳор шамолидан илҳом олиб, пирпираб турибди.

“Оқ кема” болалар дам олиш оромгоҳида Мўйноқдаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ҳикоя қилувчи “Айдинлар” фильмининг тақдимоти тўғридан-тўғри эфирда узатилаётган экан. Фильмда ўзи туғилиб ўсган маконини ташлаб кетишга мажбур бўлган аҳоли ва бугунда умид қалдирғочлари қайтгани ҳақида ҳикоя қилинади. “Айдинлар” қўшиғи аслида денгизга кетган ёрини кутаётган, фильмда эса рамзий маънода Оролнинг қайтишини кутаётган мўйноқликларнинг олдинги ва бугунги ҳаёти тасвирланган.

Сафаримизни тугатиб йўлга тушдик. Арислон ўртоғим иккимиз барчамизнинг қалбимиздан жой олган “Айдинлар” қўшиғини жўр бўлиб куйладик.

Айдинлар, айдинлар, мавжли айдинлар,

Биздан суяр ёрга, салом айтинглар…

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири.