Ёшлар учун имкониятлар тобора ортмоқда


Бугун мамлакатимизда ёшларимиз учун жуда катта имкониятлар яратилган. Президентимиз томонидан ёшлар ҳаётига оид қандайдир фармон ёки қарор имзоланса  жуда ҳурсанд бўламан, руҳланаман. Чунки, ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар аввало юртимизда яшаб, таълим олаётган, меҳнат қилаётган ўғил-қизларнинг тақдирини белгилайди, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайди, имкониятларини ошириб, ватанпарварлик, инсонпарварлик руҳида камол топишларига замин яратади. 

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш, тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларини рағбатлантириш, муносиб даромад олиши учун қўшимча шароитлар яратиш, бу борада олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур фармонда кўрсатилган бир қатор имконият ва имтиёзлар ёшларимизга катта мотивация бериши шубҳасиз. Шу ўринда  фармонда белгиланган имконият ва имтиёзларга тўхталиб ўтсак. Жумладан, 2021 йил 1 майдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади. “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан субсидия ажратилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 июндан бошлаб “Ёшлар дафтари”га киритилган тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёш тадбиркорларга бир йиллик ижара харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган миқдори компенсация қилинади. Профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олаётган “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга улар ишлаб-чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарида амалиёт ўтаган вақтида, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда профессионал таълим ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан БҲМнинг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик субсидия ажратилади.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ёшларга компьютер харидлари учун БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилади. “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ умумий ҳисобда БҲМнинг 5 бараваригача бўлган миқдори ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатлари компенсация қилинади. “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг ҳайдовчилик курсларида ўқиш харажатлари БҲМнинг 4 баравари миқдоригача ва сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадали қоплаб берилади.

Хусусий корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган ҳамда фаолият бошлаганига олти ойдан ошмаган “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг БҲМнинг 4 бараваригача бўлган қисми компенсация қилинади.

2021 йил 1 майдан  ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижарада яшайдиган давлат ОТМ талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми биринчи навбатда эҳтиёжманд оила фарзандларига, ўрнак кўрсатган ва фаол талабаларга берилади ҳамда ОТМ томонидан уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган бошқа талабаларга ҳам ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилиши мумкин.

2021 йил 1 майдан, деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган ёшларни сектор, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан патронажга олиш тизими жорий қилинади. Бунда, “устоз-шогирд” тамойили асосида ёшларга ажратилган ер участкаларини ўзлаштириш, агротехник тадбирларни ўтказиш, ерлар ҳосилдорлигини ошириш, етиштирилган маҳсулотни реализация қилиш ва бошқа масалаларда ёрдам кўрсатилади. “Ёшлар дафтари”га киритилган деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган ёшларга уруғликлар ва кўчатларни харид қилиш учун БҲМнинг 8 баравари миқдоригача субсидия ажратилади.

Шунингдек, фармонда Ёшлар ишлари агентлиги қошида юридик шахс мақомига эга бўлмаган  Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасини  ташкил этиш, ёшлар бандлигига кўмаклашиш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан қўшимча равишда 100 миллиард сўм ажратиш,  “Ўзбекистон учун 100 та ғоя”  лойиҳасини ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда республиканинг барча туман (шаҳар)ларида Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини  ташкил қилиш каби муҳим вазифалар ҳам белгиланган. 

Бугунги кунда Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунарга ўргатиш ва қайта тайёрлаш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларнинг лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. “Ёшлар дастури” доирасида жорий йилнинг шу кунига қадар 31  992  нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Жумладан, 3 413  нафар ёшлар бўш иш ўринлари ҳисобига, 570  нафари янги лойиҳалар ташкил этиш, 1 527  нафари вақтинчалик жамоат ишларига жалб этиш орқали иш ўрнига эга бўлган бўлса,  231  нафар ёшларга субсидиялар ажратилиб, 658  нафари меҳнат миграцияси орқали иш билан таъминланди.

Ёшларнинг тадбиркорлик ва ҳунармандчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 68  млдр. 376  млн. сўм кредитлар ажратилиб, натижада 2 382  та янги иш ўрни яратилди. Қишлоқ хўжалигида ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида 21 576  нафар ёшларга 9 501  га ер майдони ажратиб берилди. Маълумки, бугунги кунда ёшларни касбга йўналтириш, ҳунар ўргатиш, маънан ва жисмонан соғлом, дунёқараши кенг, онг-тафаккури юксак бўлиб, илм чўққиларини забт этишлари учун аввало устоз –шогирд анъанасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда касб-ҳунар ва тадбиркорлик асослари бўйича 3 718  нафар ёшлар ўқитилди. «Ёшлар 1+1» дастури асосида 2 185  нафар ёшлар тадбиркор ва ҳунармандларга бириктирилди.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган тегишли қарори асосида Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида жами 44,2  гектар ер майдонига эга 18  та “Ёшлар саноат зона”лари ташкил этилмоқда.

Ёшлар саноат зоналарида умумий қиймати 82,3  млрд. сўмлик 77  та лойиҳалар жойлаштирилиши ва натижада 409 та янги иш ўринларини яратиш белгиланган.

Хусусан, жорий  йилнинг 1  сентябрига қадар Нукус шаҳридаги “Жанабазар” МФЙ ҳудудида “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси”ни ташкил этиш режалаштирилган.

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида 5  та муҳим ташаббус доирасида йил бошидан буён республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида жами 15  мингдан ортиқ лойиҳа ва тадбирлар ташкил этилиб,  125  минг нафар ёшлар қамраб олинди. Эътиборлиси, жорий  йилнинг шу кунига қадар ёшлар учун жами 49  та объектлар барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Хусусан, Беруний туманида 7  та, Тўрткўл туманида 11  та, Тахиатош туманида 13  та, Элликқалъа туманида 9  та, Кегейли туманида 2  та “Street Workout” майдончаси,  Қораўзак туманидаги 14-сонли мактаб спорт зали,  Тўрткўл туманида кутубхона ва “bookcafe”,  Тахиатош ва Тахтакўпир туманида Рақамли ўқув маркази ҳамда Амударё, Чимбой ва Хўжайли  туманларида “Ёшлар меҳнат гузари” шулар жумласидандир.

 “Ёш китобхон” кўрик-танлови, “Республика ёшлар овози” фестивали, “Bicycle in Nukus” ижтимоий лойиҳаси, Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ўтказилган тадбирларда ёшларимиз ўз фаоллигини, ташаббускорлигини намоён этишди. Шунингдек, Амударё, Элликқалъа, Беруний, Бўзатов, Мўйноқ, Тўрткўл, Қўнғирот, Шўманой ва Чимбой туманларида ўтказилган “Ёшлар форуми” доирасидаги лойиҳа ва тадбирларда ёшлар  фаол қатнашди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, шу йилнинг апрель ойида Нукус шаҳри бўйлаб ўтказилган  “Таза қала” (Обод шаҳар) оммавий кўкаламзорлаштириш лойиҳаси  ёшларимизни эзгу мақсад атрофида бирлаштирди.

Лойиҳа доирасида кўнгилли ёшлар отрядлари томонидан 95  гектар майдон ободонлаштирилиб, 225  тонна чиқиндилардан тозаланди. 425  та мевали, 18260  та манзарали, 750  та гул кўчатлари экилди.

Қорақалпоғистон Республикасидаги 18  та “Баркамол авлод” марказларида замонавий тўгараклар очиш ва уларнинг ҳар бир мактабда филиалларини ташкил этиш орқали қамровни камида 2-4  бараварга ошириш бўйича режа ишлаб чиқилди. Бугунги кунда мавжуд жами 508  та тўгаракда 13 456  нафар ёшлар ўз қизиқишлари асосида касб-ҳунар сирларини ўрганиб келмоқда. Марказларни мактабларга бириктириш орқали 35  мингга яқин ёшлар қамраб олиниши режалаштирилган.

 Қорақалпоғистон Республикасида 3 300  та спорт иншоотлари мавжуд бўлиб, ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган. Шу кунга қадар “Хотира турнирлари ойлиги”, “Вазир кубоги ойлиги”,  “Сектор раҳбари ва спорт ойлиги” тадбирлари ўтказилди. Апрель ойининг “Саломатлик ва спорт ойлиги” деб эълон қилиниши муносабати билан аҳоли, айниқса ёшларни оммавий спортга кенг жалб қилиш, жисмоний ва маънавий етук бўлиб тарбияланишлари учун кўпгина спорт тадбирлари ўтказилмоқда.

Ёшлар маънавиятини шакллантириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  Бугунги кунга қадар маданият марказларида 6  минг 237  та маданий-маърифий тадбирларнинг ўтказилиши сўзимиз тасдиғидир. Шанба-якшанба кунлари маданий хордиқ куни сифатида эълон қилиб, аҳоли, шунингдек корхона, ташкилот ходимлари ҳамда талабаларнинг театр ва музейларга ташрифи ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг  март ойида Беруний туманида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси иштирокида ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Мулоқот доирасида ёшлар томонидан билдирилган 12  та таклиф ва муаммоларнинг 8  таси жойида ҳал этилиб, 4  та масала кўриб чиқилиши учун назоратга олинди.

Шунингдек, Жўқорғи Кенгес Раиси хорижий давлатларда таълим олаётган 3  нафар талаба билан ZOOM платформаси орқали мулоқот олиб борди.

Учрашув якунида Беруний, Эллик­қалъа ва Тўрткўл туманларидан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 9  нафар ёшларга шартнома тўловларини тўлаб бериш тўғрисидаги сертификатлар топширилди. Шунингдек, республика фан олимпиадаларида муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаган ва фаол, иқтидорли 6  нафар ўқувчи ёшларга ноутбук тақдим этилди.

Маълумки, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишларни халқимиз катта мамнуният билан эътироф этмоқда. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган кам таъминланган оилалардаги 253  нафар ёшларга 1,5 млрд. сўмлик шартнома пуллари маҳаллий бюджет ҳисобидан тўлаб берилди. Республикамизнинг ҳар бир тумани ва шаҳардан камида 5  нафардан жами 85  нафар иқтидорли ёшлар аниқланиб, улар истисно тариқасида 2020-2021 ўқув йилидан Ўзбекистон маданият ва санъат институти Нукус филиалига ўқишга қабул қилинди ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан бир йиллик шартнома маблағлари тўлаб берилди.

Узоқ ҳудудлардан умумтаълим мактабларига қатнайдиган ўқувчиларга ҳам қулайликлар яратиш мақсадида велосипедлар топширилмоқда.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 3  нафарига ногиронлик аравачаси, 5  нафарига компьютер тўпламлари, 11  нафарига тикув машинаси, 8  нафарига дори воситалари топширилди. Шунингдек, 5  нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. 26  нафарининг контракт пуллари тўланди. 35  нафарига бошқа амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Нукус шаҳридаги Президент мактабининг чет давлатлардаги энг нуфузли олий ўқув юртларига қабул қилинган 18  нафар битирувчиларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташаббуси билан шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан жами 19  млн. сўм миқдорида моддий ёрдам берилди.

Қўнғирот, Қораўзак, Тўрткўл ва Шўманой туманларида “Ёшлар форуми” доирасида “Тадбиркорликка илк қадам” мавзусида кўргазмали семинар ўтказилиб, 14  нафар ёшларга юк ташувчи енгил мотоцикллар, 6  нафарига пайвандлаш ускунаси, 6  нафар қизларга тикув машинаси, 4  нафарига хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги буюмлари топширилди.

Бугун ёшлар билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини тинглаш, бандлигини таъминлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, лойиҳа ва ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш, уюшмаган ёшларга эътибор қаратиш борасидаги ишлар ўз самарасини бермоқда. Амударё туманида ташкил этилган  “Вазирлар Кенгаши Раиси, вазирлар ва ёшлар” учрашувида ҳам ёшлар томонидан мурожаатлар, таклиф ва фикрлар билдирилди.  Бу каби учрашувлар ўйлаймизки, ёшларнинг янги лойиҳа ва ташаббусларини амалга оширишларида туртки бўлади. 

Қорақалпоғистон Республикасидаги мавжуд 9  та олий ўқув юртлари 44  та маҳаллага, 54  та касб-ҳунар мактаблари, техникум ва коллежлар 201  та маҳаллага бириктирилди.  Бунда уюшмаган ёшларни хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт, маданият ва китобхонлик тўгаракларига жалб этиш орқали уларнинг маънавий дунёқарашини шакллантириш назарда тутилган.

Бугунги кунга қадар “Ёшлар дафтари” жамғармасидаги маблағнинг 502,3  млн. сўми ишсиз ёшлар учун асбоб-ускуналар, даволаниши, моддий ёрдам ва шартнома пулларини тўлаб беришга сарфланди.

Мухтасар айтганда бугун юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, имконият ва имтиёзлар уларни фақатгина янги марралар сари руҳлантиради. Биз, мутасадди раҳбарлар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг мақсад ва интилишларини рўёбга чиқаришда янада жонбозлик кўрсатишимиз, бу борадаги ишларни кучайтиришимиз лозим.

Абатбай Данияров, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, Сенатор.