Рассомлар ташаббус кўрсатди


Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими раҳбарияти ташаббуси билан бир гуруҳ рассомлар томонидан муборак Рамазон ойи ҳамда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Аждодларни хотирлаш-муқаддас қадрият” шиори остида хайрия ҳашари ташкиллаштирилди.

Нукус шаҳридаги “Салмен ота”, “Шўрша бобо” ва рус қабристонларида санъат ва маданият соҳасида фаолият юритиб, ўлмас асарлар қолдирган қорақалпоғистонлик рассомларнинг қабртошлари атрофида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, қайтадан таъмирлаш каби эзгу ишлар амалга оширилди.

– Бунда аждодлар руҳини ёд этиш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва ёшлар орасида эзгу амалларни тарғиб этишга ундаш каби ғоялар мужассам, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси Улбосин Утегенова. – Шунингдек, хайрия тадбирлари ёш авлодда инсонийлик фазилатларини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.