25 нафар ёшлар касбга ўқитилди


Бугун жойларда фаолият юритаётган ўқув спорт техника клублари  ёшларни меҳнатга ўргатиш, Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлаш, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш билан бир қаторда халқ хўжалиги учун кадрларни тайёрлаш, ёшлар ўртасида спортнинг техник ва амалий турларини янада ривожлантириш имконини бермоқда.

Бу борада Нукус шаҳар ўқув спорт техника клуби томонидан ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда. Қарорга мувофиқ,  «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш мақсадида туман ва шаҳарларда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Мазкур қарор доирасида Нукус шаҳар ўқув спорт техника клуби томонидан “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши учун ўқитилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда  Ёшлар ишлари агентлиги Нукус шаҳар бўлими бошлиғи, васийлик кенгаши котиби А.Ильясов, Қорақалпоғистон Республикаси “Ватанпарвар” ташкилоти кенгаши ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари А.Отегенов, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси катта инспектори Б.Кутимов ҳамда Нукус шаҳар ўқув спорт техника клуби раҳбари О.Абдимуратовлар сўзга чиқиб, бугунги кунда юртимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшларга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб ўтишди.

— Бугун юртимизда “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, умуман олганда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқув спорт техника клубимиз томонидан 25 нафар ёшлар ўқитилди. Бу ерда улар учун барча шароитлар яратилган. Ўз навбатида ёшлар ҳам бу эътибордан мамнун бўлмоқда. Келгусида бу каби ишларимизни яна давом эттирамиз, — дейди клуб раҳбари Омирбек Абдимуратов.

Дарҳақиқат, бугун ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлашда ҳар биримиз масъулмиз.

Ф.Нуруллаева.