1914 йил Қораўзак туманидаги чорвадор оилалардан бирида туғилган Мақаш Балмағанбетов урушгача қишлоқда техник бўлиб ишлаган.
1943 йили у урушга отланади ва Дала фронтининг 7-армия 73-гвардия ўқчилар дивизиясининг 2-ротасида, урушда кескин бурилиш ясаган Курск жанггида қатнашиб жасорат кўрсатади.Шунингдек, сержант Мақаш Балмағанбетов Белгород, Харков, Кировград шаҳарлари, Молдава, Руминия, Словакия ва Чехия давлатларини фашистлардан озод этишда қаҳрамонларча кураш олиб борди.
Айниқса, Мақаш Балмағанбетов 1943 йилнинг 25 сентабрь куни Украинанинг Днепропетровск вилояти Бородаевка қишлоғи ҳудудида Днепр дарёсини батольон жангчилари орасида биринчи кечиб ўтиб, фашистлар билан курашга жадал киришиб кетади.Гвардия сержанти Балмағанбетов бошқарган бўлим бир кунда душманнинг учта ҳужумини қайтаришга эришади ва ўзлари Бородаевка қишлоғини қуршовга олади. Бўлим ҳарбийларининг бу ҳаракатлари бошқа аскарларнинг ҳам дарёдан эсон-омон ўтиб, душманга қарши ҳужумга ўтишига имконият яратади.
Шунингдек, гвардия сержанти Мақаш Балмағанбетов душманнинг ўқ отувчи ҳарбийлари жойлашган қишлоқдаги уйни ёқиб юбориб, батальон аскарларининг олға қараб силжишига йўл очади, натижада бу қишлоқ душманлардан бутунлай тозаланади.
Мақаш Балмағанбетовга фашистларга қарши курашда кўрсатган бундай жасорати учун «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони берилиб, орден ва «Олтин Юлдуз» медали билан тақдирланади. 1945 йили урушдан қайтган сержант Мақаш Балмағанбетов Нукус шаҳрида яшаб, 1977 йилнинг 29 сентабрда 63 ёшида вафот этади.
Материалларни ёзма манбалар асосида Адилбай Оразов тайёрлаган.