1904 йилда Қорақалпоғистоннинг аввалги Шоббоз, ҳозирги Беруний туманида туғилган Александр Трошков 1943 йилнинг октябригача қишлоқда ишлаган, кейинроқ армияга хизматга чақирилади.
Қишлоқдаги оғир меҳнатда чиниққан Александр 2-Украина фронти 46-армияси 99-ўқчилар дивизиясининг 1-ўқчилар полкида қонли урушларда қатнашиб, Украина ва Венгрия ҳудудларини душманлардан озод этишда жасорат кўрсатди.
Айниқса, 1944 йилнинг 5 декабрида у қишнинг совуғига қарамасдан Венгриянинг Мариаҳуза қишлоғи жойлашган Дунай дарёсини биринчи бўлиб кечиб ўтиб, душманнинг учта ўқ отувчи нуқталарини йўқотишга эришади. У бу жангда бир неча марта яраланишига қарамасдан, душманлар билан курашни давом эттириб, аскарларимизнинг тўлиқ ғалабага эришишига имкон яратади.
Мард қаҳрамон Александр Трошков орден, «Олтин Юлдуз» медали билан тақдирланиб, унга «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони берилади. Бироқ, у 1946 йили тўсатдан вафот этади.
Материалларни ёзма манбалар асосида
Адилбай Оразов тайёрлаган.