Улуғ айём — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги кенг нишонлаш максадида Президентимиз томонидан имзоланган фармон ва қарори, уруш фахрийлари, фронт ортида меҳнат қилган нуроний отахон ва онахонларга бўлган чексиз меҳр ва эътибор ва ғамхўрликнинг шу билан бирга инсон хотирасининг муқаддас, қадри азиз эканлигининг ёрқин ифодаси бўлди.
Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшди. Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шу билан бирга, уруш даврида республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айланди. Айниқса, юртдошларимиз жанглар давом этаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган 1,5 миллиондан ортиқ кексалар, аёллар ва ёш гўдакларни бағрига олиб, оғир дамларда уларга беқиёс ғамхўрлик кўрсатди.
Халқимизнинг тарих саҳифаларига ўчмас ҳарфлар билан битилган бундай мардлик ва матонати, олижаноблиги, меҳр-муруввати ва юксак маънавияти барчамизнинг қалбларимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлаб, фарзандларимизни ватанпарварлик ва аждодлар жасоратига садоқат руҳида тарбиялашда илҳомлантириб келмоқда, дея таъкидланади Президентимиз қарорида.
Биз бугун янгиланган Ўзбекистоннинг, жонажон Қорақалпоғистонимизнинг озод ва обод ҳаётига, юртимиздаги катта бунёдкорлик ишларга, тўкин-сочинликка, фарзандларимиз камолига, энг асосийси тинч ва осойишта осмонимизга, ҳар бир янги куннинг янги мақсадларига назар солар эканмиз, бундай буюк бахтнинг пойдеворини яратиб кетган азиз оталаримизни ёдга оламиз.
Бугун биз ёдга олаётган, қорақалпоқ юртининг илк тамал тошини қўйган, миллатини улуғлаган ватанпарвар, фидойи отамиз Оллоёр Дўстназаровнинг машаққатли ва шарафли ҳаёт ва меҳнат йўли ўз авлодларига юксак намуна бўлиб хизмат қилмоқда.
Ватан тупроғини азиз билиб, бугунги фаровон ҳаёт учун жон олиб, жон берган Оллоёр Дўстназаров каби улуғ аждодларимиз руҳидан куч олиб, уларни устоз билиб, эл учун хизмат қилган, Ватани ва халқ учун хизмат қилишни ўзининг фарзандлик бурчи деб билган, Ватанни севиш, фидойилик фазилатларини қалб амри деб тушунган инсон борки, Оллоёр Дўстназаров босиб ўтган ҳаёт йўлини, унинг, шу юртни мукаммал бир ўлкага айлантириш учун чеккан машаққатларини ўзига намуна деб билади.
Бугун ўғил-қизларимиз янгиланиб, яшнаб турган кўчаларда яйраб юрар эканлар, оналар тўкин-сочин бозорларга кириб, қиз-йигитлар саройлардек тўйхоналар тўрига ярашиб, келин-куёв бўлиб, янги ҳаёт йўлига қадам қўяр эканлар, ёш авлодимиз мактабда, олийгоҳда билим олар эканлар, онги билан англаб, қалби билан сезиб бундай кунларга кимларнинг меҳнати, кимларнинг ҳаёти билан етдик, деб фикрлашлари фарзандлик бурчидир. Қорақалпоғистонни ёруғ, нурли кунларга олиб чиққан, на оиласи, на дўсти-ёри, на фарзандларини, на ўзини аямаган Оллоёр Дўстназаров хотирасига бағишланган анжуман айни – Хотира ва қадрлаш куни арафасида ўтказилаётганида ҳам жуда катта маъно бор.
Биз Оллоёр Дўстназаров тақдири ҳақида нималарни биламиз?
Отамиз тақдиридаги оғир синовлар, хиёнатлар, сотқинликлар, ички ва ташқи душманларнинг ҳар бир зарбаси Оллоёр Дўстназаровни қорақалпоқ халқига, миллатига бўлган муҳаббатдан, Қорақалпоғистон деган юртнинг чегараларига тамал тоши қўйишдек мақсадидан, ўз миллатининг тили, урф-одатлари, қадриятларини сақлаш, уни келажак авлодга етказишдек шарафли ишлардан қайтара олмаган!
Оллоёр Дўстназаров ўз олдига қўйган олийжаноб мақсадлари амалга ошиши йўлида жонини тиккан. Устюртда юриб сувсиз қолганида ҳам орқага чекинмаган. Бугунги кунда Қорақалпоғистон чегаралари шу инсоннинг фидойилиги, ватанпарварлиги, сўзидан, аҳдидан қайтмас юксак ботирлик фазилатларининг шарофати билан халқимизни эртанги кунларга ишончини мустаҳкамлаб турибди.
Бугун биз ёшларга элимизни тузиб кетган, бугунги фаровон ҳаётнинг асосини яратган Оллоёр Дўстназаров ўз ҳаёт йўлини мардикорликдан бошлаган десак, ишонмасликлари мумкин. Лекин бу ҳаёт ҳақиқатидир.
Оллоёр Дўстназаров мардикор бўлиб, оғир ва машаққатли меҳнатда чиниққан, ҳамма вақт халқ билан бирга бўлган. 1916 йилда Хўжайлидаги, Чимбойдаги халқ ғалаёнларида қатнашиб, жанговар ва даъваткор сўзлари билан халққа мададкор бўлган.
Тил ўрганиш, ўз устида тинмай ишлаш, унинг мақсадига айланган. Россияга кетиб, рус ишчилари билан, Петроградда Путилов заводида ишчи ходим бўлиб фаолият олиб борган йиллари Оллоёр Дўстназаров учун катта ҳаёт мактабга айланган. Россиядан овулига қайтиб келганида Чимбойда уни халқ ҳурмат билан кутиб олган. Шу йиллари Оллоёр Дўстназаров қорақалпоқ юртини ўрганиш бўйича тадқиқот олиб бораётган, рус инженер геологлари билан ҳам танишиб, улар билан доимо мулоқотда бўлган.
Унинг Россия Марказкомида Калинин билан учрашгани, қорақалпоқ миллатининг тарихи, оғир ўтмиши билан таништиргани, рус тилини яхши билган Оллоёр Дўстназаров учун халқининг яхши кунларини орзу қилиб, бошлаган ишларига йўл очиб берди.
У 1920 йиллар бошидан жамоат ва давлат ишларида фаолият олиб бора бошлади. Кўп машаққатларни бошидан кечирди. Марказ Ижроия қўмитаси сессиясида сўз олиб минбарга чиқди, қорақалпоқ тилида сўзлади, Ажиниёзнинг «Бўзатов»ини минбарда туриб куйлади. Қорақалпоқ халқининг узоқ ўтмишдаги дарду-зорлари, азоб-уқубатлари, кўча-кўчдан чарчаган руҳи қўшиқ бўлиб жаранглаганида бутун зал қарсакка тўлди ва Қорақалпоқ Автоном области тузилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.
Унинг фаол ҳаётини сотқинлик, хиёнат, халқ ва Ватан тушунчаларини ўз шахсий манфаатларига қурбон қилган, маърифатсиз кимсалар заҳарлади. У халқ душмани деган ноҳақ туҳматлар билан Россиянинг узоқ Карелея ўлкасида азоб-уқубатларда вафот этди.
Бугун ўз Конституцияси, ўз байроғи, герби, мадҳиясига эга бўлган Суверен Қорақалпоғистон юрти янгиланиб, гуллаб яшнамоқда. Бу Оллоёр Дўстназаров армон қилган халқ бахтидир. Биз бундай оталар руҳини азиз тутамиз. Улар мангу барҳаётдир.
Эй бағрикенг юртим дур-тупроқларинг,
Қушлар чуғурига тўла боғларинг.
Авлодлар унутмас, ўтмиш чоғларин,
Хотира азиздир, қадр муқаддас.
Мангудир қалбларда ўтганлар ёди
Бева қолиб чеккан она фарёди.
Узоқ элда жисми қолган зурриёди,
Хотира азиздир, қадр муқаддас.
Ватан, халқин асраб жон берганларчун,
Тинчлик деб, нурланар бу дунёю-дун.
Таъзимдадир янги авлоди бугун,
Хотира азиздир, қадр муқаддас.
Ғалаба айёми муборак бўлсин,
Кўнгилга оталар ҳикмати тўлсин,
Юраклар яйрасин чеҳралар кулсин,
Хотира азиздир, қадр муқаддас.
Хотира ва қадрлаш айёмида Оллоёр Дўстназаровдай буюк инсонларнинг мардлиги ва жасоратини тараннум этиш, ёшларнинг онгига ва қалбига етказиш бундай байрамларнинг мазмун-моҳиятини янада оширади, янада улуғворлик бахш этади!
Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.