Бандлик масаласи «Оила кесими» ва «Харидор кесими»да ўрганилмоқда


Президентимиз раҳбарлигида шу йил 8 апрель куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги асосий вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу йўналишдаги ишлар муҳокама этилди ва  бир қатор муаммолар ­танқидий кўриб чиқилиб, тегишли вазифалар белгиланди.

Ҳудудларда «маҳалла кесими»да ишлаш тизимини тадбиқ этиш орқали аҳолини даромадли иш билан таъминлаш энг самарали йўл эканлигини бугун барча тан олмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида оилаларнинг даромад манбаларини, фойдали меҳнатга бўлган эҳтиёжларини «оила кесими»да ҳамда тадбиркорларнинг муаммоларини «харидор кесими»да ўрганиш ва тез ҳал қилиш бўйича тижорат банкларининг 418 нафар ходимлари маҳаллаларга доимий вакил этиб бириктирилди.

Шунингдек, маҳаллаларда тадбиркорлик, инвестиция ва рақобат муҳитини яхшилаш ҳамда «драйвер» лойиҳаларни амалга ошириш бўйича секторлар қошида бошқариш офислари ташкил этилди.

Бу ишга иқтисодий комплексдан жами 434 нафар соҳа раҳбарлари жалб этилди.

Бугунги кунда сектор раҳбарлари томонидан ҳар ҳафтанинг шанба куни «маҳалла кесими»да ишлаш бўйича аҳоли ва  тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказилиб, ­муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.

Шунингдек, маҳаллаларнинг ихтисослашувига қараб, уларнинг «драйвер» соҳалари аниқланмоқда.

Шаҳар ва туманларимиздаги 416 та маҳалланинг 140 тасини савдо ва хизмат кўрсатиш, 97 тасини чорвачилик, 76 тасини кичик бизнес, 65 тасини деҳ­қончиликка ихтисослаштириш белгилаб олинди. Шунингдек, 21 маҳаллада иссиқхоналар қурилади, 8 маҳаллада паррандачилик, 6 маҳаллада боғдорчилик ва 3 маҳаллада балиқчилик йўлга қўйилади.

Шу йил бошидан бошлаб янги 1271 кичик бизнес субъект­лари ташкил қилиниб, уларнинг жами сони эса 20 минг­га етди. Бундан ташқари, январь-март ойларида 1958 якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлар ташкил этилди. 1346 тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта тикланди. Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистонда 1645 та ҳунармандчилик субъекти ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Яна бир муҳим масала, ­Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида умумий баҳоси 12,3 трлн. сўмлик 1359 та лойиҳани амалга ошириш ва 17,6 минг янги иш ўринлари яратиш белгилаб олинди. Ҳозирги вақтгача умумий баҳоси 4 трлн. 822 млрд. сўмлик  852 та лойиҳа ишга туширилиб, 5403 нафар аҳоли ишли бўлди.

Шу йил 593 ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида жами 71,6 млрд. сўмлик бюджет тушумлари кутилмоқда. Бундан ташқари, маҳаллаларда ишни «оила кесими» ва «харидор кесими»да ташкил этиш бўйича тузилган доимий вакиллар гуруҳи томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда. Ўрганишлар натижасида қўшимча қиймати 80,8 млрд. сўмлик 19 та лойиҳа аниқланди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида бу йил 975 тадбиркорлик субъектига жами 355,8 млрд. сўмлик кредитлар ажратилган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари асосида эса, аҳоли банд­лигини таъминлашга жами 89 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар берилиши белгиланган.

Бугунги кунгача «1+1» тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига 2077 ишсиз ёшлар бириктирилди.

Ҳукуматимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар асосида ташкил этилган «Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникалари»да «Колл–центр»лар фаолияти йўлга қўйилиб, тегишли ­вазирлик ва идоралар томонидан тадбиркорларга амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Шунингдек, тадбиркорлик масаласи бўйича Бош вазирнинг ҳудудимиздаги қабулхонасига жами 672 масала бўйича 645 та мурожаатлар келиб тушган ва уларнинг  634 таси кўриб чиқилган. Мурожаатларнинг кўпчилигини маҳаллий ҳокимликлар даражасида ҳал этиладиган масалалар ташкил қилади.

Аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича аниқ режаларни белгилаб олдик. Жумладан, бу йил шаҳар ва туманларимизда жами 22 минг 41 та янги иш ўринларини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, 42 минг 97 нафар фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилмоқда.

Яна бир гап. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ишсиз фуқароларнинг деҳқончилик билан шуғулланиши учун 25 минг гектар майдонни ажратиш ҳисобидан 30 минг фуқаронинг бандлиги таъминланади.

Жорий йилнинг дастлабки чорагида 2482 лойиҳа ҳисобидан 3710  та янги иш ўринлари яратилишини таъкидлашимиз лозим. Бундан ташқари, жами 12 минг 959 фуқаронинг бандлигини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилди. Кейинги чорак давомида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида уларнинг сонини 3 баробарга кўпайтиришни режалаштирганмиз.

Шу йилнинг охиригача ҳар бир иқтисодий кўрсаткични 30 фоизга ортиғи билан бажаришни мақсад қилганмиз. Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган ҳар бир йўналишдаги  масала ва топшириқларни, жумладан тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлашга маҳкам бел боғлаганмиз.

Қ.САРИЕВ,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.