Ўтганларни хотирлаш муқаддас қадрият


Республикамизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, шунингдек Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги кенг нишонланди. Байрам тадбирлари Нукус шаҳридаги «Истиқлол» болалар дам олиш марказидан бошланди. У ерда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи видеоалоқа орқали намойиш этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов сўзга чиқиб Президентимиз ва бутун халқимизни Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи Жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги билан самимий табриклади. Юртимизда уруш қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган алоҳида ғамхўрлик хусусида тўхталиб ўтди.

Шундан кейин тадбирлар хотира майдонидаги «Мотамсаро она» ҳайкали олдида давом этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, сенаторлар, депутатлар, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйишди. Шунингдек, Шимоли–ғарбий ҳарбий округи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, вазирликлар, жамоат ташкилотлари номидан ҳам гулчамбарлар қўйилди.

Бу йил карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда Хотира ва қадрлаш кунини ўтказишга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони асосида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчиларига Президентимизнинг байрам табриги ўқиб эшиттирилиб, 12 000 000 (ўн икки) миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти, ҳокимликлар, тегишли вазирликлар, жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди. Бундан ташқари, Иккинчи жаҳон урушида ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, хизмат бурчини бажариш чоғида вафот этган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзолари ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг Давлат мадҳиялари янг­ради.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, миллий гвардия, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жанговар отлиқ ва пиёда аскарлари майдон бўйлаб саф тортиб ўтди. Уруш йилларининг ҳарбий техникалари, қурол-яроғлари, Қуролли Кучларимизнинг бугунги қудратини намоён этувчи замонавий техникалар сафини халқимиз алоҳида қизиқиш билан томоша қилди. Шундан кейин «Ватанпарварлик боғи»нинг  тантанали очилиш маросими бўлди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев рамзий тасмани кесиб, йиғилганларни боғнинг очилиши билан табриклади.

Шу йилнинг 28-30 апрель кунлари оралиғида Тошкент ҳарбий округининг дала ўқув майдонида Мудофаа вазири кубоги учун бўлиб ўтган «Ватанпарварлар» ҳарбий спорт мусобақасида Кегейли туманидаги 41-сонли умумтаълим мактабининг «Лочин» жамоаси биринчи ўринни эгаллаган эди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов жамоа сардорига кубокни тантанали равишда топширди. Шунингдек, жамоа аъзоларига  Ташаккурнома ва қиммат баҳо совғалар тақдим этилди.

9 май –Хотира  ва қадрлаш куни, шунингдек Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 76 йиллигига ажойиб совға бўлган бу боғ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2019 йил декабрь ойида тасдиқланган йўл харитаси асосида очилди. Унинг қурилиши учун Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий маъмурий сектори томонидан маблағ ажратилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ва Нукус шаҳри ҳокимлиги бошчилигида қурилган бу боғда уруш йилларининг бошидан бошлаб, ғалаба кунигача бўлган фотосуратлар ўрин олган. Уларда  Қорақалпоғистон Республикасининг фронтга берган ёрдами ва халқимизнинг фронт ортидаги машаққатли меҳнатлари акс эттирилган. Жами саккиз дона техника: Т-64 танкаси, пиёдаларнинг жанговар машиналари, тишли транспортёрлар, артелерия ва зенит қурилмалари ўрнатилган. Экспонатларнинг орасида кўпчиликнинг диққатини СУ–17 самолёти тортди. Муҳандислик ҳимоя тўсиқлари, окоп ва блиндажлар бўйлаб саёҳат ҳар бир одамга уруш йилларини эслатади.

Боғда Қорақалпоғистон халқининг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ҳаёти ва уларнинг мардлиги, ғалабага қўшган ҳиссаси ўз аксини топган. «Хотира уйи», пневматик милтиқдан ўқ отиш тири, ҳарбий алпинизмни ривожлантириш мақсадида скалодром, ҳарбий объектлар, Мудофаа вазирлиги томонидан қўйилган жанговар техникалар, уруш қатнашувчилари тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг орден ва медаллари, шахсий буюм ва кийимлари ўрин олган. Келажакда бу ер ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялайдиган, халқимиз мазмунли дам оладиган файзли жойлардан бирига айланиши сўзсиз.

Республикамиз санъат усталари, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи оркестри ижросида уруш йилларини эслатувчи ҳамда бугунги бахтли ҳаётимизни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар ижро этилди.

Тадбир иштирокчилари боғдаги экспонатлар билан танишди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ.