Дунё нигоҳи яна Оролга қаратилди


Орол денгизининг қуриши Марказий Осиё минтақаси учун катта экологик муаммоларни келтириб чиқарди. Президентимиз раҳбарлигида ушбу муаммога жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборини қаратиш, мазкур ҳудудда яшаётган аҳолига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мақсадида бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шу йилнинг 14-15 май кунлари Мўйноқ туманида  «Стихия»- электрон мусиқа, санъат ва илм — фан фестивали бўлиб ўтди.

Туризм ва спорт вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган  анъанавий халқаро фестивалда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, АҚШ, БАА,Франция, Германия, Италия, Буюк Британия, Нидерлендия, Жанубий Корея каби давлатлардан 500 яқин сайёҳлар, шунингдек, вилоятлардан келган меҳмонлар ҳамда ҳудуд аҳолиси иштирок этди. 

Мазкур фестиваль 2018 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Фестивални ўтказишдан мақсад, жаҳон ҳамжамияти, айниқса, ёшлар эътиборини Орол инқирозига қаратиш, уларни Орол денгизи тарихи билан таништириш, унинг қуриши ва аянчли оқибатларидан хабардор этиш, экологик вазиятни яхшилаш, атроф-муҳитга ижобий муносабатда бўлиш, яшил табиатни асраш, экологик маданиятни шакллантиришдан иборат.

Икки кун давом этган фестивалда Россия, Қозоғистон, Туркия ва бошқа давлатлардан келган мусиқий продюсерлар, мусиқачилар, дижейлар ҳамда юртимизнинг санъат усталари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.

— Мен дўстларим билан бирга АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридан Ўзбекистонни кўриш, айниқса, Орол денгизи бўйида ўтказилаётган фестивалда иштирок этиш учун келдим, — дейди меҳмонлардан бири. — “Кемалар қабристони” ни кўриб жуда ачиндим. Баланд тапаликка чиққанимда Орол денгизининг аввалги ҳолатини ўзимча тасаввур қилдим. Эндиликда, экологик вазиятни янада яхшилаш зарур деб ўйлайман.

Тадбир давомида “Стихия Н+1” кичик форуми ҳам ўтказилди. Меҳмонлар Орол денгизи бўйидаги ўтов (қора уй)лар қурилиши, ҳунармандчилик намуналари ҳамда музей билан танишди.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.