Тахиатошда тиббий диагностика маркази ва тикувчилик цехи фойдаланишга топширилди


Тахиатош туманида «Тахиатош ИЭС» акциядорлик жамиятига қарашли тиббий диагностика маркази ҳамда тикувчилик цехи биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов сўзга чиқиб, йиғилганларни янги бинонинг очилиши билан табриклади.

Таъкидланганидек, нафақат Қорақалпоғистон Республикаси, балки қўшни вилоятларни ҳам узлуксиз электр энергияси билан таъминлаб келаётган Тахиатош иссиқлик электр станцияси жамоаси томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Тиббий диагностика марказига республикамизда ягона бўлган замонавий МРТ, шунингдек, электрокардиограмма, видеоэндоскопия, ультратовуш диагностикаси, стоматология ва бошқа замонавий тиббий ускуналар ўрнатилган. Марказда тажрибали шифокор ва ҳамширалар томонидан тиббий хизмат кўрсатилади. Мурожаат қилган фуқаролар аниқ ташхис қўйилган ҳолда амбулатор даволанади.

Тикувчилик цехида эса замонавий бичиш-тикиш ва тўқиш ускуналари ёрдамида эркаклар ва аёллар кийимлари, акциядорлик жамияти ишчилари учун махсус ҳимоя кийимлари тайёрланади. Тиббий диагностика марказининг фойдаланишга топширилиши билан 48 та, тикувчилик цехида 17 та, жами 65 та янги иш ўрни яратилди.  Тадбир иштирокчилари тиббий диагностика маркази ҳамда тикувчилик цехида яратилган шароитлар билан танишди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.

Д.Абибуллаев.