Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ишчи гуруҳи республикамизда бўлиб, жойларда хотин-қизлар муаммоларини тизимли ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилганлар билан «маҳаллабай» ишлаш борасида амалга оширилаётган ва фуқаролар мурожаатларида келтирилган масалалар билан яқиндан танишмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Т.Мадумаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Кегейли, Элликқалъа, Тахтакўпир ва Бўзатов туманларида бўлди.
Таъкидланганидек, мазкур туманларда хотин-қизлар муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини уйма-уй юриш орқали ўрганиш ишлари ташкил этилган бўлиб, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва уларнинг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарларнинг аёллар билан ишлаш борасидаги фаолияти самарали ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги «Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Вақтинчалик тартиб жорий этилди.
Унга кўра, хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган ёки доимий даромад манбаига эга бўлганида, бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш орқали муаммоси ҳал этилганда, турар жой ижара компенсацияси белгиланган тартибда тўлаб берилганда, малакали тиббий хизмат кўрсатилганда, тўлиқ давлат таъминотига олинганда, аниқланган муаммолари қонуний ҳал этилганда, ўз аризасига кўра ва бошқа ҳолларда «Аёллар дафтари»дан чиқарилиши белгиланган.
Шуларни инобатга олиб, Элликқалъа туманидаги «Аёллар дафтари»га киритилган ишсиз хотин-қизларни доимий ишга жойлаштириш орқали бандлиги таъминланганлиги, моддий ёрдам, тиббий хизмат олгани, ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатилганлиги муносабати билан Халқ депутатлари туман Кенгаши ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссияси йиғилишлари муҳокамаси ва хулосалари асосида 2021 йил 18 мартдаги сессия қарори билан 875 нафар, 14 апрель кунги сессия қарорига мувофиқ 680 нафар, жами 1555 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»дан чиқарилган.
«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобига 2021 йил жорий ҳолатга 521 миллион 616 минг сўм маблағ келиб тушган бўлиб, 327 нафар аёлга 162 миллион 435 минг сўм моддий ёрдам, ижарада яшаб келаётган 9 нафар аёлга 9 миллион 525,6 минг сўм ижара пули тўланиб, жами 336 нафар хотин-қизга 166 миллион 669 минг сўм амалий ёрдам кўрсатилди.
Ҳозирда бандлиги таъминланиши лозим бўлган 800 нафар аёлдан 739 нафари иш билан таъминланган. 402 нафар хотин-қизга кредит маблағлари ажратилган. Боқувчисини йўқотган 142 нафар аёлнинг барчасига моддий ёрдам кўрсатилган.
Ўрганишлар давомида секторлар фаолиятида айрим муаммолар ҳам аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.