Жўқорғи Кенгес Раиси мактаб битирувчилари билан учрашди


25 май умумтаълим мактаблари битирувчилари учун ўзгача байрам саналади. Шу куни барча мактабларда “сўнгги қўнғироқ” садолари жаранглади.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларимизга  йўллаган табригида, уларни беғубор ўқувчилик йилларини ортда қолдириб, қадрдон мактаби, таълим-тарбия берган устозлари билан хайрлашиб, ҳаётнинг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўяётгани билан қизғин табриклади. 

 Навқирон, азму шижоатли ёшларимиз тимсолида биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий натижасини, хал­қимиз ва Ватанимиз келажагини кўрамиз, — деди давлатимиз раҳбари. Ёшларимизнинг санъат, маданият, спорт ва бошқа соҳалардаги  ютуқларини эътироф этди.

“Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари республикамизнинг барча умумтаълим мактабларида ҳукумат ва тегишли соҳа раҳбарлари иштирокида кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Нукус шаҳридаги 46-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўтказилган сўнгги қўнғироқ тадбирида иштирок этди.

Тадбирда Жўқорғи Кенгес Раиси, битирувчиларни қадрдон мактаби, меҳрибон устозлари билан хайрлашиб, ҳаётнинг янги, янада масъулият­ли босқичига қадам қўядиган қувонч­ли куни билан табриклади.

М.Камалов давлатимиз раҳбарининг битирувчиларга йўллаган табригида, “…сизларга, бутун мамлакатимиз ёшларига мурожаат қилиб айтмоқчиман: ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар.

Сизларнинг ҳаётда ўз муносиб ўрнингизни топишингиз учун давлатимиз ва жамиятимиз бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларини тўла сафарбар этади.

Халқимизнинг ана шундай юксак ишончига доимо муносиб бўлинг!

Сизларнинг ўз олдингизга юқори мақсадлар қўйиб, вақтингизни беҳуда ўтказмай, доимо билим ва кўникмаларингизни ошириб боришингиз, янги касб-ҳунарларни эгаллашингиз ва энг асосийси ўз мақсадингиз сари тинмай ҳаракат қилишингиз албатта келгусидаги муваффақиятларингиз гаровидир.

Сизларнинг ютуқ ва ғалабаларингизга ишонаман, азиз болаларим!” дея катта эътибор кўрсатиб, битирувчи ёшларга юксак ишонч билдирганини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама комил инсон қилиб тарбиялаш, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, устоз ва мураббийларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш, ёшларнинг билим олиши учун барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Нукус шаҳридаги 46-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 11-синфини ўз олдига ана шундай юксак мақсадларни қўйган 152 нафар ўқувчи битирмоқда. Улар орасида 9 нафари мактабни олтин ва кумуш медаллар билан битирди, 12 ўқувчи муддатидан олдин АҚШ, Буюк Британия, БАА, Жанубий Корея, Сингапур каби давлатларнинг олий ўқув юртларига киришга муваффақ бўлди.

Тадбирда сўнгги қўнғироқ чалинди. Мактаб ўқувчилари ижросидаги қўшиқ ва рақслар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади. 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.