Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан республика ҳудудида содир этилган жиноятлар мунтазам равишда таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олиш борасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, бугунги кунда республикада содир этилаётган жиноятларнинг кўпчилигини фирибгарлик жинояти ташкил қилмоқда.
Фирибгарлик жинояти алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки мулкий ҳуқуқини қўлга киритишдан иборат бўлган иқтисодий жиноятлар тоифасига киради.
Алдаш деганда, мол-мулкни эгаси ёки мол-мулк ишониб топширилган шахснинг ўзи уни фирибгарга ихтиёрий равишда, ўз хоҳиши билан беришга эришиш мақсадида, жабрланувчини чалғитиш, фактларни бузиб кўрсатиш, ҳақиқатни яшириш ёки била туриб ёлғон маълумотларни бериш тушунилади.
Фирибгарлик жиноятида алдаш усуллари ҳам турли хил бўлиши мумкин. Жумладан, алдаш оғзаки ёки ёзма бўлиши мумкин. Шунингдек, ўзгалар мол-мулкини ёки қандайдир моддий бойликларни қўлга киритиш мақсадида турли хил ҳаракатларни содир этиш, муайян ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали амалга оширилади.
Фирибгарлик жиноятларини содир этишда айбдор ўзини бошқа шахс сифатида (давлат ҳокимияти органи расмий вакили сифатида хизмат кийимини кийиш ёки хизмат гувоҳномасини кўрсатиш) намоён қилиш орқали ўзганинг мулкини қўлга киритиши мумкин.
Фирибгарлик шакли сифатида ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдор шахс томонидан ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда ўз фойдасига олиш учун ўзи ва мулк эгаси ёки мулк эгалигида турган шахс ўртасидаги алоҳида, ўзаро ишончга асосланган муносабатлардан қонунга хилоф равишда мулкни ўз фойдасига олиш учун фойдаланиши тушунилади. Одатда ишончга асосланган фирибгар ва жабрланувчи муносабатларида ижара, олди-сотди шартномалари вужудга келиши мумкин. Шунингдек, фирибгар шахс ўз ниятига эришиш учун хизмат, қариндошчилик, дўстлик муносабатларидан ҳам фойдаланади.
Жорий йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида республика ҳудудида 111 та фирибгарлик жиноятлари содир этилиб, уларнинг аксарияти Нукус шаҳри, Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа, Қўнғирот, Қонликўл ва Чимбой туманлари ҳиссасига тўғри келган.
Жумладан, содир этилган фирибгарлик жиноятларининг 12,3 фоизи автомашина олиб бериш,3,5 фоизи уй-жой олиб бериш, 1,7 фоизи чет элга ишга юбориш, 12,2 фоизи ер участкаси олиб бериш, 8,7 фоизи ишга киритиб қўйиш, 5,2 фоизи ўқишга киритиб қўйиш, 5,2 фоизи кредит олиб бериш, 1,7 фоизи қарз олди-бердиси билан боғлиқ 3,5 фоизи кибержиноят ва 45,6 фоизи бошқа усулларда содир этилган.
Шунингдек, фирибгарлик жиноятлари содир этилган ҳудудлар бўйича ўзига хослиги таҳлил қилинганда, автомашина олди-сотдиси билан боғлиқ фирибгарликлар Нукус шаҳри, Чимбой, Қўнғирот ва Нукус туманларида, ўқишга киритиб қўйиш Нукус шаҳри ва Чимбой туманида, ишга киритиб қўйиш Нукус шаҳри ва Тўрткўл туманида, чет элга ишга юбориш Нукус шаҳрида,уй-жой олиб бериш Нукус шаҳри ва Тўрткўл туманида, кредит олиб бериш Нукус шаҳрида, ер олди-сотдиси билан боғлиқ фирибгарликлар эса Нукус шаҳри, Тўрткўл ва Элликқалъа туманида салмоғи юқори эканлиги маълум бўлди.
Шу ўринда айрим мисолларни келтириш мумкин.
Фуқаро Э.А. фуқаро Л.У.дан 25.0 млн. сўм ва бошқаларнинг ҳам турли миқдордаги пулларини олиб, уларга Элликқалъа туманининг турли ҳудудларидан ўзига тегишли бўлмаган ер майдонларини сотишни айтиб, уларнинг пулларини алдаб олиб, ўзлаштирган.
Ёки, фуқаро М.М. таниши С.А.га “банкдан кредит олиб беришини” айтиб, унинг 30.6 млн. сўм пулларини алдаб олишга эришган.
Фуқаро О.А. фуқаро З.К.га “ишга жойлаштириб қўйишини” ваъда бериб эвазига 2 млн. сўм пулларини алдаб олган.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган фирибгарлик жиноятлари ҳам ошиб бормоқда.
Жумладан, номаълум шахслар томонидан 2021 йил 14 март куни фуқаро Н.Р.га «Инстаграмм» ижтимоий тармоғидаги «Асал Шодиева» профилидан конкурсда 200.000 сўм пул ютиб олганлигини айтиб, пластик картасининг рақамини олиб, пластик картасидан 700.000 сўм пулларини ечиб олган.
Шунингдек, номаълум шахслар томонидан фуқаро А.Б.га “Телеграмм” ижтимоий тармоғидаги “Redmi” телефон акцияси гуруҳига одам қўшганлиги учун ютуқ тушириш баҳонасида пластик картаси ҳисоб рақамини олишга эришиб, натижада унинг пластик картасидан 2.2 млн. сўм пулларини ечиб олган.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида қайд қилинган фирибгарлик жиноятлари 59 нафар шахслар (44 нафар эркак ва 15 нафар аёл) томонидан содир этилиб, шундан мавсумий ишчилар (12 нафар), ишламайдиганлар (20 нафар) ҳамда муқаддам судланган (15 нафар) шахслар томонидан содир этилган.
Фирибгарлик жиноятларининг 54,3 фоизи осон пул топиш, 17,5 фоизи кунлик эҳтиёжларни қондириш, 10,5 фоизи ўзга шахсга қарзини бериш ва 17,5 фоизи бошқа мақсадларда қилинган.
Фирибгарлик жиноятларининг сабаблари таҳлил қилинганда, уларнинг 20 таси бошқалар ҳисобига кун кечириш ҳаёт тарзига айланиб қолганлиги, 15 таси оилада ёки шахсий ҳаёт давомида юзага келган моддий етишмовчилик, 10 таси ҳуқуқий билимларнинг етишмаслиги ҳамда 12 таси бошқа сабаблар оқибатида содир этилганлиги маълум бўлди.
Оиладаги носоғлом муҳит атрофдаги шахсларнинг бепарволиги, бошқа шахсларнинг салбий таъсири ва бошқа шарт-шароитлар фирибгарлик жиноятларининг содир этилишига имкон яратган.
Содир этилган фирибгарлик жиноятлари оқибатида 57 нафар шахслар (шундан 29 нафар эркак ва 28 нафар аёл) жабрланган.
Таҳлилларга кўра, жабрланувчи шахс томонидан мўмай даромад олиш, арзон мол-мулкга эга бўлиш, ўқишга ёки ишга осонлик билан киришга бўлган мойилликлари сабабли фирибгарлик жиноятлари ортиб бораётганлиги маълум бўлди.
Шу ўринда фуқаролардан фирибгарларнинг ёлғон ваъдаларига учмасдан, ўзларининг мол-мулкларини асраш, қонуний эгалик қилиш чораларини кўришларини сўраб қоламиз.
Я.БАБАДЖАНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим бошлиғи.