Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Элликқалъа туманида бўлди. Сенат Раиси дастлаб тумандаги «Ақчакўл» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги хотин-қизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ташкил этилган Ўқув марказининг фаолияти билан танишди. Марказда «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган хотин-қизлар билан суҳбат ўтказди.
Мазкур овул фуқаролар йиғини ҳудудида «Маҳаллабай» ишлаш, «Аёллар дафтари»га киритилганларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши аъзолари билан суҳбатда бўлди.
Шундан сўнг «Бўстон» МФЙ ҳудудидаги Ёшлар меҳнат гузарида ташкил этилган хизматлар кўрсатиш йўналишидаги ишлар ва бу ерда меҳнат қилаётган хотин-қизларга яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева Амударё туманида ҳам бўлиб, дастлаб тумандаги «Дурунки» МФЙда ҳудуд фаоллари ва ёшлар билан учрашди. Учрашув давомида фан-таълим, спорт соҳаларида юқори натижаларга эришаётган ёшларга эсдалик совғаларини топширди. Шундан сўнг «Ўртақалъа чорвадори» агрофирмасининг фаолияти билан танишди. Сенат Раиси ўтган йил мавсумида 2 тоннадан ортиқ юқори сифатли асал етиштириб, мўл даромад олган агрофирма раҳбари билан суҳбатлашди. Аҳоли асосан, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва асаларичиликни ривожлантириш бўйича тадбиркор томонидан олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Сенат Раиси бир қатор фуқаролар йиғинларида бўлиб, пилла етиштириш ва гилам тўқиш орқали даромад топаётган оилалар, ўзини-ўзи иш билан банд қилаётган хотин–қизларнинг фаолиятини кўздан кечирди. Шунингдек, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари учун яратилаётган шароитлар билан танишди. Шу куни туман фаоллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари билан учрашув ўтказилди. Унда маҳаллий Кенгаш фаолиятини такомиллаштириш, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.
Тадбир давомида «Аёллар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган фуқароларга совғалар топширилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.