“ИБРОЙИМ ЮСУПОВНИ англамай туриб…”


Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда барпо этилган Адиблар хиёбонининг бир йиллиги яқинда мамлакатимиз жамоатчилиги томонидан кенг нишонланди. Айни жазирама кунларда хиёбон ташриф буюрувчилар учун ҳам жисман, ҳам қалбан оромбахш маскан сифатида янада гавжум.

Юртимизнинг 20 дан зиёд олий ўқув юртларини адабиёт оламида ҳамкору ҳамфикр этган миллатимиз буюкларининг рамзий сиймолари табаррук боғнинг “мезбонлари” сифатида меҳмонларни кутиб олмоқда.

Улар орасида қардош қорақалпоқ ёшлари ҳам Ибройим Юсуповдек миллат ифтихорини янада яқиндан таний бошлади. Қирғизнинг буюги — Чингиз Айтматов эътироф этган адиб ижодини кенг ўрганиш, тарғиб қилиш уларни фақат ва фақат эзгу мақсадлар сари етаклайди.

Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида қорақалпоқ элининг суюкли шоири Ибройим Юсупов ҳайкали ҳам ўрин олган. Буюк адиб Чингиз Айтматов унинг ижодини шундай баҳолаган эди: “Мен қорақалпоқ халқини ва унинг буюк ўғлони Ибройим Юсуповни севаман. Шеърият жуда мураккаб нарса. Уни қайси тилда ёзилган бўлса, ўша тилда ҳис этиш керак. Ибройим Юсупов шеърларининг таржималарини ўқийман. Бу инсоннинг шеърлари ҳатто таржимада ҳам ҳайратга солади ва завқлантиради. Афсуски, уларни аслиятда ўқий олмайман… Агар Ибройим Юсупов ўз омадини насрда синаб кўрса, бу  инсон нималарга қодирлигини Тангригина билган бўларди. Агар қачонлардир у бунга азм қилса, буюк даҳолар — Эрнест Хемингуэй ва Робиндранат Тагор каби юксакларга парвоз қила оларди”.

Бошқа атоқли адиблар ҳам Ибройим Юсуповнинг ижодини жуда юқори баҳолаган. Маш­ҳур шоир Расул Ҳамзатов уни “қалбларни даволовчи шоир” деб атаган бўлса, Қайсин Қулиев “Навоий ва Махтумқули билан бир қаторда турк тилли халқлар шеъриятининг  башоратчиси” сифатида эътироф этган. Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўразбой Абдураҳмонов эса “Ибройим Юсупов — ХХ асрнинг Бердақи” деб ҳисоблаган.

Шоир эса ўзига шундай таъриф берган:

 

Мен дурагай бир бутоқда унганман:

Навоий ва Пушкин устоз, илҳомчим.

Қайнаб турган қоним билан уммонман,

Мен Бердақнинг соф қонидан бир томчи.

 

Аммо унинг ижод чўққилари сари йўли равон бўлмаган. Шоирнинг тўнғич қизи, кимёгар  Шаҳзода Ибройимовнанинг хотирлашича, боболари Юсуп охун Бухоро мадрасасида таълим олган, фақат Қорақалпоғистондагина эмас, балки бутун ўлкада таниқли уламолардан бўлган. Диндорлиги учун ўтган асрнинг 30-йиллари бошида қатағон қилиниб, Туркманистонда дарбадарликда вафот этган. Маъмурлар уламони сургун қилиш билан чегараланмасдан, мол-мулкини мусодара қилган, бу оиланинг ўз вақтида кўркам ҳисобланган уйини трактор билан бузиб ташлаган. Юсуп охуннинг рафиқаси Хонбиби ая болалари билан ертўлада яшашга мажбур бўлган.

Шундай ҳам тирикчилик ўтказиш ўта машаққатли бўлган ўша даврда “халқ душмани”нинг оиласи — она ва унинг уч фарзанди қандай уқубатларга дучор бўлганлигини ортиқча таърифлашга ҳожат бўлмаса керак.

Отаси вафот этганида Ибройим уч яшар болакай бўлган. Турмуш машаққатларига қарамасдан, отасидан қолган китобларни мутолаа қилар, бир йўла араб тилини ўрганар эди.

Ибройим онасига тиргак бўлиш учун 13 ёшидан ишлай бошлаган. Билимдонлиги, тиришқоқлиги учун унга Чимбой туманидаги жамоа хўжалигида табелчиликни ишониб топширишган. Бу хизмати учун ойига икки килограмм буғдой олган.

Ўша йиллари Нукусда педагогика институти ташкил этилгандан кейин талабалар етишмаслиги сабабли ўрта мактабни тугалламаганларни ҳам имтиҳонсиз ўқишга қабул қилишган. Лекин Ибройим билан бир курсдагиларнинг деярли ҳаммаси кўп ўтмай ўқишни ташлаб кетган. Биргина у таълимни давом эттирган ва йигирма ёшлигида шу олий таълим муассасасида талабаларга дарс бера бошлаган. Айни пайтда Қорақалпоғистон радиосида дикторлик ҳам қилган.

Бу йиллари отасининг қатағон қилинганлигини яширган, деган баҳона билан ғанимлар Ибройимнинг оёғидан чалишга ҳам ҳаракат қилиб кўрган. Аммо текширишлар натижасида бу ғирт туҳмат эканлиги, таржимаи ҳолида отаси билан боғлиқ барча маълумотларни аниқ баён этгани аниқланган. Шунга қарамасдан, ёш муаллимга қаттиқ ҳайфсан беришган.

— Отамиз ўша давр сиёсатини яхши билар ва жуда эҳтиёткор бўларди, — ҳикоя қилади Шаҳзода Юсупова. — Оиламизда раҳбарларни тилга олиш умуман ман этилган эди. Отамиз педагогика институтида домлаликдан кейин “Амударё” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида илмий ходим вазифаларида ишлади. Бирин-кетин китоблари чиқа бошлагани, дурустгина қалам ҳақи олиб турганига қарамай, жуда камтарона турмуш кечирардик.

Яхшигина ёдимда, 1950-йилларнинг охирида Тошкентга марказий газета мухбири сифатида юборилган (аслида Москвада нуфузли раҳбарлик лавозимидан ҳайдалиб, сургун қилинган) таниқли ёзувчи Константин Симонов уйимизга меҳмон бўлиб келганида пальтосини осиб қўйиш учун жавон ҳам, ҳатто илгак ҳам тополмай бироз вақт аланглаб турган, отам буни пайқагач, кулимсираб унинг уст кийимини бўйра устига тахланган кўрпалар тепасига ташлаб қўйганди.

Бошқа бир сафар ноқулай об-ҳаво туфайли Москвадан Қирғизистонга учиб келаётган самолёт Нукусга қўнганида, ўша пайтда Қорақалпоғистоннинг биринчи раҳбари Қаллибек Камолов йўловчилар орасида бўлган Чингиз Айтматовни кутиб олган ва ҳукумат қароргоҳига таклиф этган. Аммо у отамизни ўз қадрдони ҳисоблаб, бизнинг уйимизга олиб боришини илтимос қилган.

Машҳур ёзувчи қийшайиб турган ночор уйимизни кўриб, “Шундай истеъдодли ва машҳур шоирингизга тузукроқ иморат қуриб беришга ёрдам берсангиз бўлмайдими”, деган. Аслида бизга 15 йил илгарироқ уй қуришга жой ажратилган, унинг пойдевори ҳам кўтарилган эди. Аммо отамиз янги уй қуришга ҳафсала қилмас, бизга ана шу бошпана ҳам бўлаверади, деб ҳисобларди.

Ночор бўлса ҳам шу хонадонимизда кўплаб таниқли шоир ва ёзувчилар меҳмон бўлган, улар ҳам янги уйни қачон қурасиз, деганларини кўп марта эшитганман. Отамиз Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Давид Қуғултинов, Римма Казакова билан бирга Зулфия, Комил Яшин, Ҳамид ­улом, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов билан дўстлик ва биродарлик, устозлик ва шогирдлик борасида ўзаро жуда яқин муносабатда бўлган. Укам Баҳромнинг исмини ­афур ­улом қўйгани ҳам отамизнинг ана шу буюк шоир билан қалин дўстлигининг белгиси, дейиш мумкин.

Ибройим Юсупов болалигиданоқ қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди, Шарқ ва мумтоз адабиётимиз намуналаридан хабардор бўлган, талабалик йилларида рус ва жаҳон адибларининг нодир асарларини қунт билан ўрганган. Унинг 1946 йилда эълон қилинган биринчи асари — “Ватаним” шеъри экани ҳам тасодиф эмас.

Умуман, у ўзини Қорақалпоқ юрти, ватанисиз тасаввур эта олмайди:

 

Бир ёним сув, бир ёним чўл бўлмаса,

Жаннат қуриб берсанг-да, мен бормайман.

Гул ҳам явшан иси анқиб турмаса,

У ерда мен қорақалпоқ бўлмайман.

 

Ўз ватанига бағишланган шеърлар таниш тимсоллар — учиб бораётган ғозлар, шамолдан чайқалаётган қоратол, ёйилиб ўсаётган саксовул, сарғайган саҳро орқали ёқимли, юракка яқин янграйди. Шу билан бирга, адиб шеърияти ўқувчилар руҳияти, ички дунёсида инсоний фазилатлар, муҳаббат ва садоқат туйғуларини уйғотади.

Мунаққидларнинг таъкидлашича, Ибройим Юсупов шоирлик маҳорати Алишер Навоий, Умар Хайём, Низомий, Саъдий, Ҳофиз, Махтумқули, Ажиниёз, Бердақ ва Абай устозлик мактаби таъсирида шаклланган. Шунинг учун шоир шеърларидан бирида буни қуйидагича таърифлайди:

 

Саҳро гулларини сочай пойингга,

Навоийни суйган қорақалпоқ бўлиб.

Ибройим дер: улуғ руҳинг олдида

Бош эгайин шогирдинг Бердақ бўлиб.

 

Ибройим Юсупов 2000 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикаси адабиёти ва санъати кунларида журналистнинг ижодкор учун ҳаёт сабоқлари нималардан иборат, деган саволига шундай жавоб берган эди:

— Ҳаётнинг маълум бекатларидан ўтиб, умрингга умр қўшилгани, кексалик боғига қадам қўйганинг сари ёшлигингда, ўрта ёшлик даврингда хаёлингга келмаган кўп нарсалар ҳақида ўйлай бошлайсан экан. Бу ўйлар ёшлик ва ундан кейинги даврлардаги қалбингда, тафаккурингда кечган ўй-фикрлардан жиддий фарқ қилади. Яъни энди қишлоқ шунчаки маскан эмас, ўз уйингга, атрофингдагилар шунчаки одамлар эмас, қадрдонларингга, табиат, борлиқ шунчаки кўриниш, манзара эмас, бошпанангга, меҳрибонингга, юрт шунчаки гўша эмас, улуғвор Ватанга айланади. Бундай пайтда одамлар ўртасидаги муносабатлардан зиддият эмас, гўзаллик ахтарасан, умуминсоний фазилатларни улуғлайсан, югурик ҳаётнинг фалсафасини англашга ҳаракат қиласан.

Ибройим Юсупов ўзбек ва қорақалпоқ халқлари дўстлиги ва биродарлигининг оташин куйчисидир:

 

Ўзбекни ўз оғам этган,

Улкан бахтни инъом этган,

Бир қозонда ош дамлатган,

Меҳри иссиқ туғишганлик.

 

Атоқли шоир Қорақалпоғистон Республикаси мадҳиясининг муаллифи ҳам. Адиб ихлосмандлари унинг шеър ва достонлари, ҳикоя ва пьесалари, долзарб публицистикаси билан яқиндан таниш бўлиши билан бирга, А.Пушкин, М.Лермонтов, Т.Шевченко, Ж.Байрон, И.Гёте, Г.Гейне, Ф.Шиллер шеърлари, Шекспир сонетлари, Алишер Навоий ва Ҳофиз ғазаллари, Умар Хайём рубоийларини таржима қилиб, қорақалпоқ тилида сайратиб юборганларидан яхши хабардор. Ўзининг шеърлари ҳам рус, қозоқ, украин, белорус, грузин, латиш, болгар тилларига таржима қилинган.

Ибройим Юсуповнинг ижодий фаолияти ўзининг муносиб баҳосини олган. У Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, қўша-қўша орден ва медаллар соҳиби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори. Кўп йиллар мобайнида Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлигига сайланган.

Президентимиз ташаббуси билан ҳозир Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби ташкил этилди, бу ерда ҳам шоир ҳайкали қад ­ростлаган.

Юксак истеъдод соҳиблари оламшумул кашфиётлари, ноёб ижодлари, буюк хизматлари билан ўз халқини, юртини дунёга танитади. Айни пайтда уларнинг ўзларини ҳам ватанлари билан айнанлаштиришади.

Ибройим Юсупов номи тилга олинганда ҳам қорақалпоқ халқи, ўлкаси гавдалангандек туюлади. Буни Назира Матёқубова атоқли шоиримиз таваллудининг 90 йиллигига бағишланган шеърида шундай ифодалаган эди:

 

Балки олимдирсан, балки фузало,

Ким бўлсанг ҳам сенга айтай бир ҳақни.

Ибройим Юсуповни англамай туриб,

Англаш мумкин эмас қорақалпоқни.

Эркин ЭРНАЗАРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

(«Янги Ўзбекистон» газетасининг

29 май сонидан олинди).