Элликқалъа туманидаги “Bo’ston cluster” масъулияти чекланган жамияти пахтачилик кластери Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги қарори асосида ташкил қилинган.
Кластернинг умумий ер майдони 3975 гектар бўлиб, шундан экин майдони 2876 гектар. 2020 йилда 232 та фермер хўжалиги ва жамият томонидан 26712 тонна маҳсулот етиштирилиб, ҳосилдорлик ўртача 24,9 центнерга етди.
2018-2020 йиллар мобайнида туманнинг сув етиб бориши қийин, ҳосилдорлиги паст бўлган ҳудудларидаги жами 1850 гектар майдонда пахта етиштириш учун қулай шароит яратиш мақсадида янгидан 14 та насос агрегати ўрнатилди, 24 та насос агрегати таъмирланди. Қирққиз ва Амиробод каналларида қазиш ишлари олиб борилди.
Жорий йилда эса туман бўйича 2435 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинадиган бўлса, шундан 1000 гектари жамият томонидан амалга оширилади. Бунинг учун “Аму гулшани” ҳамда “Эко дрип люкс” масъулияти чекланган жамиятлари билан ҳамкорликдаги шартнома асосида 18,5 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда.