Спортчи қизларнинг мурожаати ижобий ҳал этилди


Яқинда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси “Аёллар қаноти”нинг телеграмм каналига Хўжайли туманидаги 40-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиларидан ташкил топган волейбол жамоаси сардори З.Жумабаевадан мурожаат келиб тушган эди.

Унда қайд этилишича, яқинда ушбу жамоа аъзолари республика миқёсида ўтказилган мусобақада биринчи ўринни эгаллаган. Энди яқинда Жиззах вилоятида бўлиб ўтадиган мусобақага тайёргарлик кўрмоқда. Аммо, бўлажак мусобақага яхши тайёргарлик кўриш учун спорт зали талабга жавоб бермайди. Шунингдек волейбол тўплари етишмайди, спорт кийимлари эскирган.

Спортчи қизларнинг мурожаати ушбу партиядан сайланган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Т.Рўзметова, халқ депутатлари Хўжайли тумани Кенгаши депутати Д.Ранова ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хўжайли тумани Кенгаши ижрочи котиби Ж.Мамутов томонидан ўрганиб чиқилди.Натижада, барча спортчи қизларга спорт кийимлари ва волейбол тўплари топширилди. Машғулотлар ўтказиш учун тумандаги Ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумининг спорт зали фойдаланиш учун берилди.