Фуқаролар йиғинлари раислари рағбатлантирилди


Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида ўтган йил давомида ҳудудида биронта ҳам жиноят содир этилмаган маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари раисларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири С.Турманов таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хафвсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги ишларга бағишланиб шу йилнинг 12 февраль куни ўтказилган кенгайтирилган коллегия йиғилишида Президентимиз томонидан белгилаб берилган топшириқлар ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бабажанов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ 1-7 апрель кунлари республикамизда бўлиб, жиноятчиликка қарши курашни “Маҳалла кесими”да ташкил этиш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ўрганишлар олиб борди.

Унинг якуни бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида бўлиб ўтган йиғилишда республикамиз ҳудудида ушбу йўналишдаги ижобий ишлар билан бир қаторда йўл қўйилаётган айрим камчиликлар ҳам қатъий танқид қилинди.

Таъкидландики, жиноятчиликнинг эрта олдини олиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг мулкларини ишончли ҳимоя қилиш, ёшлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ўтган йили бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, йил давомида кенг жамоатчилик ва тегишли органлар билан биргаликда олиб борилган профилактика тадбирлари натижасида Қорақалпоғистон Республикасидаги 416 та фуқаролар йиғинидан 174 тасида, жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 419 та фуқаролар йиғинидан 279 тасида биронта ҳам жиноят содир этилмаган. Шунингдек, ҳудудда жиноятчилик ошган фуқаролар йиғинларининг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 111 тадан 105 тага камайишига эришилди. Бунда ички ишлар органлари ходимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва ходимларининг хизмати алоҳида эканлигини таъкидлаш ўринлидир.

Тадбирда ҳудудларда биронта ҳам жиноят ва ҳуқуқбузарлик  содир этилмаган, муаммолари ўз вақтида самарали ҳал этилган,  ёрдамга муҳтож оилалар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан бирга ишлаш, ҳудуднинг инфратузулмасини яхшилашда фидойилик кўрсатиб келаётган  15 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғини раисларига пул мукофоти топширилди.

Мукофотланганлар номидан Чимбой туманидаги “Жипек жоли” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Азатжан Қудайбергенова, Нукус шаҳридаги “Сарбиназ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мадияр Аминов сўзга чиқиб, меҳнатлари муносиб баҳолангани учун миннатдорлик билдирди. Келгусида бор билими ва тажрибасини ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш каби муҳим ишларга бағишлашини таъкидлади.

-Президентимиз раҳбарлигида аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар натижасида ҳудудимизда биронта ҳам жиноят содир этилмади,-дейди Беруний туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жонибек Қиличев. –Жумладан, тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларга ер майдонларининг ажратиб берилиши ўз самарасини бермоқда.

Тадбирда республикамиз ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олишда фуқаролар йиғинлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ҳам фикр таклифлар билдирилди.