Одатда бирон бир кўрсатув ёки фильм томоша қилганимизда ундаги бош қаҳрамонлар ёхуд телебошловчи, журналист меҳнати кўпроқ эътироф этилади-ю, кадр ортидаги жараён, аниқроғи, оператор-тасвирчиларнинг меҳнати бироз эътибордан четда қолгандек туйилади. Аслида, маҳсулотнинг кўркам ва сифатли, томошабоп бўлишида албатта, тасвирчиларнинг меҳнати таҳсинга лойиқдир.
Моҳир тасвирчи Низаматдин Уразимбетов ҳам мана 40 йилдирки, “Қарақалпақстан” телевидениесида самарали фаолият юритиб келмоқда. 1962 йилда Нукус шаҳрида туғилган Н.Уразимбетов Кунхўжа номидаги мактабни муваффақиятли тугатиб, икки йил давомида Германия давлатида Ватан олдидаги йигитлик бурчини адо этди. Болалик инсон ҳаётидаги энг ширин ва беғубор дамлардир. Қаҳрамонимиз ҳам атрофдаги гўзаллик, табиат манзаралари, эътиборга молик лаҳзаларни тасвирларда муҳрлашни жуда яхши кўрарди. Албатта, бу унга завқ берар, қизиқишини оширарди. Ҳарбий хизматдан қайтгач, у 1983 йилда Нукус телерадиомарказида ассистент кинооператор бўлиб иш бошлади.
— Ўша пайтлар ҳамон ёдимда, — дея хотирлайди суҳбатдошимиз Н.Уразимбетов. — Марказ директори Вячеслав Иванович Капустин ҳамда бош инженер Абат оға Аймурзаевнинг ҳузурига кириб, “ишлагани келдим” деганман, шунда улар “Келинг, марҳамат, ўзи бизга сиздек узун бўйли, кўркам йигитлар керак, аризангизни ёзинг” дея қўлимга бир варақ оқ қоғоз берган. Умримда биронта ҳам ариза ёзмаганлигим сабаб, “Ишга қабул қилишингизни сўрайман” деганман қисқагина қилиб. Мана ўша ариза сабаб ҳали –ҳануз ишдаман.
Ҳар бир ишда устоз бўлгани каби эндигина иш бошлаган Н.Уразимбетовга ҳам бу ердаги малакали мутахассислар касбнинг сир-асрорларини ўргатишди. Қаҳрамонимизнинг ўз касбининг устаси бўлишида албатта, Исабай Каипов, Полат Бегимов, Такен Садуасов, Жолдас Нуримбетов, Ережеп Таўибалдиев, Азат Бегимов, Бахтияр Бегайдаров, Ринат Ильясов каби моҳир тасвирчиларнинг хизмати алоҳида.
-Биласизми, ўша пайтларда бирон бир кўрсатувни тайёрлаб, эфирга узатиш жараёни жуда катта қийинчиликларни туғдирарди. Чунки, ҳозиргидек замонавий ахборот телекоммуникация воситалари йўқ эди. Катта юк ташувчи грузавой машиналарда 2-3 кунлаб туманларда съёмка жараёнларида юрардик. Кинокамераларда туширилган киноплёнкаларга кимёвий моддалар билан ишлов бериларди. Мутахассислар томонидан монтажланиб, режиссёрлар билан биргаликда эфирга тайёрланар эди. Қизиғи шундаки, ўша жараёнда сенинг меҳнатинг, телевидение тили билан айтганда “тақдиринг” ҳал бўларди. Чунки, агарда плёнка куйиб кетса барча меҳнатларимиз зое кетиб, хафсаламиз пир бўларди.
1993 йилдан бошлаб вазни анча оғир “Betacam” “КТ-190” маркали, камера батареясининг штативи 16 кг. юк бўлган видеокамера билан ишлай бошладим,-дейди Н.Уразимбетов.
Ҳа, вақт ўтгани сайин телевидение фаолияти ҳам тараққий эта бошлади. Н.Уразимбетов устози Рейипназар Жаббарбергеновдан видео магнитафонларнинг ишлаш тартибини ўрганиш баробарида М-3000, Panasonic F-70, Дивикам, Дивисипро каби камераларда ишлаб ўз тажрибасини ҳам оширди. Эндиликда, телевидение орқали эфирга узатилаётган кўрсатувлар замонавий Panasonic 4-К номли камералар орқали сифатли ва ёрқин рангларда акс эттирилмоқда. Эътиборлиси, кўрсатувларнинг сифатли эфирга узатилишида А.Қилишбеков, С.Аббазов, М.Ниязимбетов, З.Алланазаров, Р.Нийетуллаев, М.Утамбетов, К.Сейдуллаев, М.Жоллибеков, И.Бегайдаров, А.Мирзабеков, А.Камалов, Р.Рамбергенов, С.Матчанов ва бошқа кўпгина ёш тасвирчиларнинг меҳнати алоҳида бўлмоқда.
Ҳа, ижодкор одам дунёни ўз нигоҳлари, рангин олами билан тасвирлашни хуш кўради. Н.Уразимбетов ҳам фаолияти давомида жуда кўплаб расмий, кўнгилочар, маданий-маърифий телекўрсатувларнинг тасвирга олиш жараёнларида иштирок этган. Республика, мамлакат ҳамда халқаро миқёсдаги кўрсатувларни ҳам ўзининг энг яқин ҳамроҳи –видеокамераси орқали моҳирона ёрита олган. Жумладан, 1990 йилда Доғистонда бўлиб ўтган Едиге ботир таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан ўтказилган илмий конференция, Москва шаҳридаги Ломоносов номидаги университетда ўтказилган Наврўз байрами, Тошкент шаҳрида ўтказилган Маданият кунлари, Хоразм вилоятида бўлиб ўтган “Дўстлик гулшани” фестивали, Амударё кўприги қурилишининг очилиш маросимларини моҳирона ёритган.
— Бугун юртимиз янада янгиланиб, кўркам қиёфа касб этмоқда. Республикамизнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда. Ҳар бир соҳада кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, одамларимизнинг турмуш даражаси яхшиланмоқда. Ҳар қадамдаги янгиланиш, ўзгариш, ривожланишлар бахтли ҳаётимизга замин яратмоқда. Шундай экан, мен ҳам шу юртнинг бир ўғлони сифатида бугунги осойишта ва фаровон ҳаётимизни, истиқлол яратиб берган имкониятларни, неъматларни, ютуқларни рангли тасвирларга муҳрлаб, томошабинлар эътиборига ҳавола қилаётганимдан фахрланаман, — дейди суҳбатдошимиз.
Дарҳақиқат, юртимизда чин дилдан меҳнат қилаётган инсон борки, қадри улуғ, доимо халқ эътирофидадир. Н.Уразимбетовнинг ҳам камтарона меҳнатлари муносиб баҳоланиб, 2000 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Фахрий ёрлиғи, 2020 йилда эса Президентимиз томонидан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.
Н.Уразимбетовнинг оиласидан кўнгли тўқ. У турмуш ўртоғи билан биргаликда 3 фарзандни тарбиялаб камолга келтирди. Оилавий муҳит фарзандларига ҳам ўзининг ижобий таъсирини теккизгани аниқ. Чунки, бугун фарзандлар ҳам ота изидан бориб, санъат, маданият йўналишларида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Жумладан, катта қизи Наргиза И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида илмий ходим, ўғли Шарапатдин “Қарақалпақстан” телевидениесида дастурлаш бўлими муҳаррири, кичик ўғли Парахат “Айқулаш” ансамблида раққос сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Биз касбидан камол топиб, фидойи меҳнат қилиб келаётган Н.Уразимбетовга ижодий баркамоллик тилаб қоламиз.