ЧИНАКАМ ХАЛҚ МИНБАРИ — 75 ЁШДА


Беруний туманининг ижтимоий-сиёсий ва оммавий нашри саналган “Халқ минбари” газетасининг 75 йиллиги она-Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида мутлақо янги даврни бошлаб берган Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида нишонланмоқда.

“Халқ минбари” газетасининг 75  йиллиги хусусида гап кетганда, авваламбор мазкур нашрнинг босиб ўтган шонли йўли ҳақида мулоҳаза юритиш ўринлидир.

1946 йил 1 августда нашр қилинган, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир йиллар заҳматини чеккан, 50-йиллар  қатағонлари гувоҳи бўлган, 60-70-йилларда қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш, маданият соҳаларида берунийликларнинг қаҳрамонона меҳнатини куйлаган, саксонинчи йилларда собиқ  Марказдан юборилган Гдлян-Иванов гуруҳининг халққа етказган жабру ситамлари, азобларини оддий халқ билан бирга тортган газета бугун энг улуғ ва энг азиз байрамимиз-Мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида ўзининг шонли 75 йиллигини нишонлаяпти.

Кўпчиликка маълумки, газетамизга илк асос солинган давр урушдан кейинги  оғир йилларга тўғри келади. Иккинчи жаҳон урушидан катта йўқотишлар билан чиққан, халқ хўжалигининг барча соҳалари  деярли вайрон аҳволга келиб қолган бир пайтда газета чиқариш масаласи  осон эмас эди. Ўша пайтда атиги икки ижодий ходим билан иш бошлаган туман газетасининг биринчи муҳаррири Раҳмон Каримов бўлган. Газета энди иш бошлаган йилларда унинг чоп қилиниш жараёни жуда қийин кечган. Газета учун мақолалар босмахонада (нашриётда) ҳарфлар доналаб қўлда териларди. Қоронғи ва зах хоналарда иш бошлаган матбаачилар ҳар қандай шароитда ҳам газетани ўқувчиларга вақтида етказиб беришга ҳаракат қилишарди.

Газетага турли йилларда Шариф Ўрозбоев, Солий Хидирбоев, Жаббор Қурбонбоев, Қодир Шарипов, Ортиқ Эгам, Норжон Жуманиёзова, Худойберган Оллоёров, Рустам Рўзметов, Тўрамурод Юсупов, Абдулла Аҳмедов, Қурбон Шониёзов каби серқирра ижодкорлар раҳбарлик қилишди.

Тўрткўл ва Беруний туманлари бириктирилиб, ягона туман сифатида қайта ташкил қилинган йилларда Тўрткўл, Беруний ҳамда Амударё туманлари учун «Пахта учун» газетаси чоп қилинди. 1965 йилга келиб, Беруний тумани газетаси муштарийларга «Пахтакор» номи билан етказиб берила бошлади. 1991 йилда Ватанимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгач газета номи “Халқ минбари” дея номланди.

Бугунги кунга келиб, «Халқ минбари» туман газеталари  орасида ўз ўрни ва обрўсига эга. Газета 1991 йилда табиатни муҳофаза қилиш мавзусидаги туркум мақолалари учун туман нашрлари орасида юқори натижага эришиб, махсус диплом билан мукофотланган. Газетада фаолият юритган 3 нафар журналист матбуот соҳасидаги кўп йиллик ва самарали меҳнатлари учун “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист”, бир нафари “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, бир нафари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият  ходими” унвони билан тақдирланган. 1 нафар журналист Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Фахрий ёрлиғига сазовор бўлган.

Газетамизнинг бугунги кундаги ютуқлари ҳам кўзни қувонтиради. Жумладан, газетанинг махсус мухбири, Beruniy_XABAR24 канали таъсисчиси Лобархон Базарбаева “Энг улуғ, энг азиз” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида диплом ва қимматбахо совғалар билан, шунингдек,  27-июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган тадбирда  Қорақалпоғистон матбуоти ривожланишига ҳисса қўшган журналист сифатида диплом билан  тақдирланди. Қатор халқаро конференция, анжуманларда иштирок қилди ҳамда танловлар ғолиби бўлди. Канали орқали “Юзма-юз”,  “Ёшлар савол берганда…” лойиҳаларини ишлаб чиқди. Газета қошидаги «Шалола» адабий тўгарагига ижодкор ёшларни бирлаштира олди.  «Шалола»да камол топган ёшлар бугун нуфузли олийгоҳларда таҳсил олмоқда. Лобархоннинг турли мавзулардаги танқидий-таҳлилий мақолалари республика газеталарида ҳам чоп этилди.

Шунингдек, у 2019 йилда фаол журналистик фаолияти учун Kar24.uz  сайти томонидан махсус сертификат ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Миллат эркинлиги, юрт ободлиги ва озодлиги бугун ижод аҳли учун мислсиз имкониятларни яратиб бермоқда. Ҳозирги кунда таҳририят журналистлари туманимиз халқ хўжалигининг турли соҳаларидаги воқеалардан муштарийларни ўз вақтида бохабар қилиб боришга ҳаракат қилаяпти. Таҳририят зарур компьютер ускуналари ва жиҳозлар билан таъминланган.

Шиддат билан ривожланаётган ҳозирги замонда журналист меҳнатининг нақадар машаққатли ва масъулиятли эканини яхши биламиз. Шу сабабли ҳам туман ҳокимлиги «Халқ минбари» газетаси  таҳририяти журналистларининг эзгу орзу-интилиш ва ташаббусларини мунтазам қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Бугун биз журналистлар олдида турган вазифалар кўлами жудаям кенг. Бугунги глобаллашув жараёнида газетхоннинг ахборотларга бўлган талаби ҳам жуда кучли. Қолаверса, бугунги кун билан ҳамқадам, ҳамнафас бўлиш учун журналистга Юртбошимиз қайд қилганларидек, жасорат керак. Матбуот чинакам  фидойилар соҳаси. Ҳар бир воқеани ўткир нигоҳ ва чуқур назар билан кузатиб, таҳлил қилиш ва ўринли хулоса чиқариш, воқеалар ривожини  адолат тарозисида тортиб бориш эса журналистларнинг асосий ишидир.

Халқ хўжалигининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, туманимиздаги бунёдкорлик ишлари,  байрамолди тараддуди хусусида мақолалар бериб бориш, мустақиллигимизнинг қандай ноёб ва бебаҳо неъмат эканини эл-юртимизнинг онгу тафаккурига сингдириш, унинг боқийлигини таъминлаш учун  тараннум этиш бугунги кунда «Халқ минбари» газетаси таҳририяти ижодий жамоасининг асосий вазифасига айланди.

Шу ўринда мамнуният билан қайд этмоқчиманки, жорий йилги 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони билан тақдирландим. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Бу нафақат менинг, балки бутун жамоамизнинг ютуғи деб биламан.

Шу ўринда, 75 ёшли «Халқ минбари»нинг ­бугунгидай даражага етишига ҳисса қўшиб келаёт­ган фахрий журналистлар, жамоатчи ­мухбирлар ҳамда барча ҳамкасбларимизни таҳририя­тимиз, шахсан ўз номимдан табриклайман.

Лола ХЎЖАНИЁЗОВА,

Беруний тумани “Халқ минбари” Газетаси Бош муҳаррири.