Нукуслик йўловчилар нега норози?


Барчамиз йўловчи сифатида жамоат транспортларидан фойдаланамиз. Айни дамда Нукус шаҳрининг у ёғидан бу ёғига бориш учун 30-35 километр йўл босишга тўғри келади. Шундай экан, йўловчиларга қўйилган автотранспортлар хизмати талабга жавоб берадими? Афсуски, бу борадаги фаолиятдан кўпчиликнинг кўнгли тўлмайди. Соҳадаги камчиликлар ҳам бундай фикрни тасдиқлайди.

Масалан, шаҳардаги 45, 65-сонли йўналиш таксилари эрталаб «Марказий бозор»да, пешин ва ­кечқурун эса ўз йўналишидаги охирги бекатда туриб қолади. Бундай ҳолат ҳайдовчиларнинг ўзбошимчалиги туфайли юзага келмоқда. Чунки, улар ўриндиқлар тўлмагунча машинани ҳайдамайди. 45, 65, 37, 10, 2, 33 ва 46-сонли  йўналишли таксилар эса кўпинча «Гўна қалъа» ва «26-кичик район» деган ёзувни олдинги ойнага илади-ю, қоғозда ёзилган жойгача йўловчи олади, ундан у ёғига борувчиларни эса олгиси келмайди. Йўловчиларни тушириб, у ёғига яна бошқа одамларни олишни истайди. Ёки охирги бекатга бормай, ярим йўлдан айланиб кетади. Шунинг учун йўловчиларнинг эрталаб ишга, кечқурун уйга қайтиши мушкул бўлмоқда.

Бундай хатти-ҳаракатлар йўловчиларнинг «нонини ҳалоллаб еса бўлади-ку!», «ҳайдовчилар аҳолига яхши хизмат кўрсатишни эмас, тезроқ чўнтагини қаппайтиришни ўйлайди» деган ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Ҳайдовчилар эса «Берилган «план» ва «норма»ни бажаришимиз керак, ўзларининг машиналарини ҳайдаб юрганларга осон, ижарачилар эса «план»дан ортиғини машина эгасига тўлаши керак, бундан ортгани тирикчиликка зўрға етади…» деб дардини достон қилади.

Савол туғилади. Аҳолига транспорт хизматини кўрсатувчи корхоналарнинг раҳбарлари фақат «план» талаб қиладими? Уларни одамларга қандай хизмат кўрсатилаётгани қизиқтирмайдими? Афсуски, мана шундай эътиборсизлик натижасида йўловчилар билан ҳайдовчи ўртасида ҳар куни жанжал келиб чиқмоқда. Айниқса, кечқурун йўналишли таксиларга чиқиш энг мушкул ишга айланмоқда. Йўловчилар машинадан қолиб қўймаслик учун бир-бирини итариб, ҳали тўхтамаган машинанинг олдига қий-чув билан югуради. Бу масала ҳатто интернет тармоқларида муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2018 йил 6 мартдаги «Автомобил транспорти соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3589-сонли қарорига кўра 2018 йил 8 июндан бошлаб йўловчи транспортини бошқариш бўйича «Нукус транспорт» бошқармаси «Ўзавтотранс» агентлигига бириктирилган. Демак, соҳани назорат қилиш масъулияти Ўзбекистон автомобил транспорти агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси зиммасига юклатилган.

Ушбу салбий ҳолатларга изоҳ сўраб, бошқарма бошлиғи А.Бердиевга мурожаат қилдик.

— Бугунги кунда Нукус шаҳри ҳудудида 16 автобус, 105 кичик ҳажмли автобус йўналиши мавжуд, — дейди А.Бердиев. — Шундан жорий йил октябрь ҳолатига 4 автобус, 86 кичик ҳажмли автобус ҳаракатланадиган 90 йўналиш бўйича 66 та масъулияти чекланган жамият ва кичик корхоналарга тегишли 99 Газель, 918 ДАМАС, 15 автобус, жами 1032 автранспорт воситалари йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Тўғри, автотранспортларнинг камлиги сабабли тиғиз пайтлари, хусусан эрталаб ва кечқурун қийинчилик юзага келмоқда.

Бу эса, автобус йўналишларида автобус хизмати кўрсатишни хоҳловчи кичик корхоналар йўқлигидан келиб чиқмоқда. Айрим корхоналарнинг банк кредити ҳисобига олинган автобуслари кредит маблағи вақтида қайтарилмаётгани туфайли банк томонидан хатловга олиниб, йўналишга қўйилмаяпти. Автобуслар топган даромад унинг таннархини қопламаяпти. (Ажаб, кредитни қайтармаганлиги сабабли ҳаракатсиз турган транспортларни иложини топиб, ишга қўшишнинг наҳотки чораси топилмаса?! А.Ж.)

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги ПҚ-2724-сонли «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ва шаҳар ва қишлоқларда автобусларда йўловчиларни ташиш соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, 2017-2021 йилларда шаҳар ва қишлоқларда транспорт хизматини янада ривожлантириш дастури асосида республикамиз шаҳар ва қишлоқларидаги йўналишли автотранспортларни босқичма-босқич замонавий, қулай автобуслар ва микроавтобуслар билан янгилаб бориш ишлари амалга оширилмоқда, — дейди А.Бердиев. — Шу мақсадда жорий йил ноябрь-декабрь ойларида «Умарбек транс» МЧЖ томонидан 15, «Нукус Лада транс» МЧЖ томонидан 15 ИСУЗУ автобуслари келтирилиши кутилмоқда. Бу автобуслар шаҳар ичидаги йўналишларга қўйилади.

Ҳаракатсиз турган йўналишлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қошидаги шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро автотранспорт йўналишларида йўловчи ташишни ташкил этиш комиссияси томонидан тендер танловларига қўйилиб, йўналишни юргизишга талабгор корхоналарга бириктирилмоқда.

Масалан, 2018 йил 11 сентябрь кунги тендер танловида илгари ҳаракатсиз турган 4-сонли «Нукус шаҳар Савдо комплекси-Таслақ элати-Нукус шаҳар Савдо комплекси» автобус йўналиши схемаси янгидан чизилиб, янги ишга тушган Нукус шимолий ғарбий вокзалигача узайтирилиб йўналишли транспорт юритиш учун ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Кўна қалъа ҳудудида эса бугунги кунда 8-сонли «Жийдали байсин элати-Темир йўл вокзали-Нукус шаҳар Савдо комплекси» автобус йўналиши бўйича «ЛЛТ НУКУС» МЧЖ билан шартнома тузилиб, йўналишли транспорт юритишга тайёрланилмоқда.

«Даулетмурат автотранс» МЧЖ томонидан Нукус Шимоли-ғарбий автовокзали-Чимбой йўли-Водоканал-Е.Алакўз кўчаси-Х.Абдамбетов кўчаси-П.Сейтов кўчаси (26-кичик туман)-Ақманғит гузари (намунавий уйлар) йўналиши бўйича янги йўналиш ташкил этилиб, унда ҳаракат қиладиган йўналишли автотранспортларнинг ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Бугунги кунда ҳаракатсиз турган 84-сонли «Кебир овул (АЖМҚШ)-Таслақ элати-Кебир овул(АЖМҚШ)» кичик ҳажмли автобус йўналиши схемаси янги қурилган Нукус Шимоли-ғарбий автовокзалигача узайтирилиб, «Нукус Шимоли-ғарбий автовокзали-Нукус-Чимбой йўли-Х.Абдамбетов кўчаси-П.Сейтов кўчаси-Кебир овул(АЖМҚШ)» сифатида ўзгартирилиб, «Абдижамилов транс» МЧЖ томонидан йўналишли транспорт юритиш учун ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Шунингдек, Нукус тумани Саманбай ҚФЙ Узункўл бўлимидаги Намунавий уйлар(Иссиқхона қошида)да яшовчилар истаги бўйича янги «Узункўл бўлими (Намунавий уйлар)-Ақманғит гузари-П.Сейтов-Х.Абдамбетов-М.Жуманазаров-Е.Алакўз-Т.Қайипбергенов-А.Досназаров-М.Жуманазаров-Х.Абдамбетов-Ақманғит гузари-Узункўл бўлими-(Намунавий уйлар)» йўналишини очиш бўйича таклифи киритилган.

Шунингдек, 2018 йилнинг 11 сентябрида ўтказилган тендер комиссияси мажлисида ҳаркатсиз турган 104-сонли «Бўз овул элати (28-кўча)-Нукус Шимоли-ғарбий автовокзали» МЧЖ йўналишини Кўна қала 26-кичик тумангача узайтириш бўйича таклиф берилган.

Нукус шаҳри Таслақ элатида 2018 йил 16 августидан бошлаб янги автовокзал фаолият бошлагани сабабли шу ҳудудда ҳаракатланаётган йўналишли таксилар схемаларига ўзгартиш киритилиб, янги автовокзалгача узайтирилиши муносабати билан йўналишли автотранспортлар ҳаракат оралиғи ҳам узайди.

Йўналишли авторанспортлар сонини кўпайтириш бўйича ушбу йўналишларда хизмат кўрсатувчи корхоналар раҳбарларига таклифлар киритилди. Шунингдек, Кўна қалъа марказидаги автотранспортлар тўхташ жойи йўл ҳаракати қоидаларига жавоб бермаслиги муносабати билан ушбу объект шу йилнинг декабрь ойида Жийдали байсин элатида қуриб битказилаёт­ган янги автовокзалга кўчирилади.

Бошқарма бошлиғи берган маълумотлар орқали янги иш-режалар, тадбирлар кўп эканлигини кўрдик. Бу яхши, албатта. Бироқ, пойтахтимизда ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг аҳолига кўрсатаётган хизматини яхшилаш, уларнинг салбий хатти-ҳаракатлари(йўналиш бўйича тўлиқ ҳаракат қилмаслиги, ярим йўлдан қайтиб кетиши, кечқурун соат 19.00 ва 20.00 дан сўнг баъзи ҳайдовчиларнинг нархларни асоссиз, яъни белгиланган минг сўмни икки минг сўмгача ошириши)ни назорат қилиш масаласи бўйича аниқ фикр-мулоҳазалар, таклифлар айтилмагани ўкинчли, албатта.

Автотранспортларни сотиб олиб, уларни ижарага бериб қўйган, йўналишли таксиларга масъул бўлганлар фақат чўнтагини ўйлайвермаса, автотранспорт корхоналари раҳбарлари эса аҳолига хизмат кўрсатишни янада яхшиласа айни муддао бўларди.

Хулоса чиқариш ўзингизга ­ҳавола.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.