Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг байрам табриги


Азиз дўстлар!

Аввало, машаққатли ва шарафли касб эгалари-матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, барча журналистлар, соҳа фидойилари ва фахрийларини касб байрамингиз-Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин табриклаймиз.

Халқимиз Сизларни чуқур мушоҳадали, билимли, юксак инсонийлик фазилатлари ва ўзига хос маданияти билан ажралиб турадиган, ўз ҳаётини инсонларнинг қувонч ва ташвишлари билан боғлаган, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга бағишлаган машаққатли ва шарафли касб эгалари сифатида қадрлайди ва эътироф этади.

Сўнгги йилларда юртимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳа фидойиларининг меҳнатини муносиб рағбатлантириш масалаларига юксак эътибор қаратилиши-бу ижодкор инсонларнинг ­чуқур изланишлар олиб бориб, давр билан ҳамнафас фаолият юритишида мустаҳкам асос бўлмоқда.

Бу борада Сизларнинг тинимсиз меҳнатларингиз, айниқса, ҳаётимизда юз бераётган тарихий ўзгаришлар ва янгиланишларни инсонларга холис етказиш, ёшларимизнинг қалбида она Ватанимизга, халқимизга бўлган садоқат туйғуларини янада кучайтириш, уларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, жойларда учраётган муаммоларга давлат органлари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш, уларни бартараф этиш йўлида амалга оширилаётган ижодий фаолиятингизни юксак баҳолаймиз.

Маълумки, ҳурматли Президентимиз ўтган йилнинг 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида шаффофлик ва сўз эркинлиги бу давр талаби эканлигини, сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асосларнинг янада кучайтирилишини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, юртимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўяётган бугунги кунда оммавий ахборот воситаларининг давр билан ҳамнафас бўлишини таъминлаш, соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, электрон ахборот тарқатиш тизимини ривожлантириш, матбуот ва ахборот соҳасининг сифат ва таъсирчанлигини ошириш ғоят муҳим масалалардан саналади.

Чунки, давлат ва жамият ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, халққа тезкор, холис ва ишончли ахборотларни етказиб бериш-инсонларни ҳаётдан рози қилишнинг муҳим мезонларидан бирига айланиб бормоқда.

Доимо изланишни талаб қиладиган бундай машаққатли ва масъулиятли ишда Сизларнинг билим ва тажрибангиз, фидойилигингиз ва жонкуярлигингиз, халқимиз ва она Ватанимизга содоқат билан хизмат қилишингизга қатъий ишонамиз.

Айниқса, юртимиз мустақиллигининг 30 йиллиги кенг нишонланиши кутилаётган жорий йилда халқимизни янада буюк ижодий ишларга руҳлантириш йўлидаги эзгу ишларингизни юқори баҳолаймиз.

Ташкил топганига бу йил 90 йил тўлаётган Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда “Қарақалпақстан жаслары” газетаси меҳнат жамоаларига, нашр этилганининг 75 йиллигини кенг нишонлаётган “Халқ минбари” ва “Мийнет байрағы” туман газеталарининг ижодкорларига, 50 йилдан буён ўз ўқувчиларига эга бўлиб келаётган “Қанлыкөл хабарлары” газетаси ҳамда бир қатор тармоқ ­нашрларининг фидойилари ва доимий ўқувчиларига ўзимизнинг юксак ҳурматимизни билдирамиз.

Қадрли дўстлар!

Барчангизни касб байрамингиз билан яна бир бор қизғин табриклаб, Сизларга мустаҳкам ­соғлиқ, оилаларингизга омонлик, файз –барака, ижодий ишларингизда юксак муваффақиятлар тилаймиз.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев