Элликқалъа туманидаги овул фуқаролар йиғинларининг бирида рўйхатда туриб, Беруний туманида яшовчи Р.М. ушбу тумандан Д.К.га мансабдор эканлигини билдириб, дорихона очишда ёрдам беришини айтади.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, у ўзининг ёлғон ваъдаларига ишонтириб, фуқаронинг 1000 АҚШ доллар пулини қўлга киритган.
Мўмай ўлжадан хурсанд бўлган Р.М. Хоразм вилоятидаги сиҳатгоҳга дам олиш учун бориб, у ерда ўзини “терговчи” тариқасида таништирган. Унга арзини айтган шифокорлардан бирига пулларини ундириб ва бошқа муаммоларини ҳал қилиб беришини айтиб, унинг ҳам 1050 АҚШ доллари миқдоридаги пулини қўлга киритган.
Бундан ташқари у бошқа фуқароларнинг ҳам пул маблағи ва мулкини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб келган.
Ҳожатбарор “мансабдор” ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинди. Унга нисбатан Беруний тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.