Нукус шаҳридаги Амфитеатрда юртимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, ҳукумат аъзолари, сектор раҳбарлари, вазирлик ва ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тантанали тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов очиб, халқимизни энг улуғ, энг азиз байрам – юртимиз мустақиллигининг 30 йиллиги билан самимий муборакбод этди.
Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида ўтган қисқа вақт ичида барча ҳудудлар қатори Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги беш йилда юртимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Бунинг натижасида аҳоли учун янги иш ўринлари яратилиб, бир қатор йирик саноат корхоналари, кўплаб ижтимоий соҳа объектлари ишга туширилди.
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” йўлга қўйилди. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш борасида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўз навбатида ёшларимиз бундай эътибор ва ғамхўрликка жавобан турли соҳаларда юқори натижаларга эришмоқда. Жумладан, яқинда Японияда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси сафида 4 нафар қорақалпоғистонлик спортчининг иштирок этгани, бир қатор ёшларимизнинг давлат мукофотлари билан тақдирлангани бунинг яққол далилидир.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари ижро этилди.
Тадбирда Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчилар ва уларнинг мураббийларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорига мувофиқ, фахрий унвонлар, шунингдек, спортчиларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан пул мукофотлари топширилди.
Тантанали байрам тадбири концерт дастури билан давом этди. Санъат усталари ва ёш иқтидор эгалари ижросидаги Ватан, дўстлик, тинчлик, ёшлик ҳақидаги куй-қўшиқлар, ҳарбийлар ҳамда ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.