“Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолиблари аниқланди


Нукус шаҳридаги “Истиқлол” болалар дам олиш марказида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий санъат академияси Қорақалпоғистон бўлими, “Қорақалпоқфильм” киностудияси давлат корхонаси билан биргаликда ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, юртимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган  кўламли ишларни кенг жамоатчиликка етказишда фаоллик кўрсатиб келаётган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантиришда ушбу танлов муҳим аҳамият касб этмоқда.

Танловда ёзувчи – шоирлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, халқ амалий санъати вакиллари, рассомлар, фотограф ва дизайнерларнинг “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этган ижодий ишлари кўриб чиқилди.

Мазкур танловга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Иштирокчилар бой тарихимиз, миллий анъана ва қадриятларимизни ўзларининг тасвирий санъат ва фото асарлари ҳамда дизайн ишларида моҳирона  тасвирлаган. Ташкилотчилар томонидан энг муносиб деб топилган ижодий ишлар танлаб олинди.

Ҳар бир номинация бўйича ғолиблар аниқланиб, эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Қ.Х.А.