МУСТАҚИЛЛИК МЕНИНГ ҲАЁТИМДА


«Ишончим комил, биз жонажон Ватанимизга бўлган чексиз меҳримиз ва садоқатимизни муқаддас байроқ қилиб, бор билим ва тажрибамиз, ақл-заковатимизни ишга солиб, ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган эзгу мақсадларимизга албатта етамиз.

Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон  мамлакатга айланади.»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг

«Янги Ўзбекистон» газетасида эълон қилинган суҳбатидан.

Инсон ҳаётида унутилмас лаҳзалар, воқеалар, ҳодисалар жуда кўп бўлади. Буларнинг ҳар бирининг инсон тақдирида ўз ўрни бор. Баъзилари унутилиб кетса баъзилари инсон қалби ва онгига мустаҳкам ўрнашиб олади. Ана шундай лаҳзалардан бири Ўзбекистон Мустақиллиги эълон қилинган кун эди.

Мен ўшанда Қорақалпоғистон Республикаси Олий Советида (Кенгашида) (Давлат органлари, жамоат ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ишлари бўйича) қўмита раиси лавозимида ишлар эдим.

Ўзбекистон давлати Мустақиллиги эълон қилиниши нафақат ўзбек халқининг балки, Ўзбекистонда яшовчи барча миллат вакиллари, айниқса Қорақалпоғистон халқининг ҳам асрий орзу-умидлари рўёбга чиқишининг ойдин йўлларини белгилаб берган эди.

1980 йиллар охири, 1990 йилларнинг бошида Қорақалпоғистонда ҳам собиқ Иттифоқ ҳудудларидаги Автоном Республикалар ичида рўй бераётган нотинчликлар, давлат бошқаруви тизимидаги бош-бошдоқлик турли оқимлар ва гуруҳлар пайдо бўлишига сабаб бўлаётган эди.

Ўзбекистон мустақиллиги қорақалпоқ халқининг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлаб берди. Кўп ўтмай Қорақалпоғис­тон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибида ўз Конс­титуцияси, Герби, Байроғи, Мадҳиясига эга бўлган суверен республикага айланди.

Мен Қорақалпоғистонда туғилган  ўзбек қизиман. Ота боболарим каби мен ҳам Қорақалпоғистон деб аталмиш шу юртда қорақалпоқ халқи қадриятлари, урф-одатлари, маданияти, маънавияти билан ўсиб улғайдим, тарбияландим. Ватаним ва халқ хизматида юрганимдан фахрланаман.

Мустақиллик эълон қилинган кунни ҳаётимдаги озод ва обод турмушга очилган энг ёруғ йўл деб тушунаман ва бу кунни худди ўзим туғилган кун каби ҳаётимдаги энг азиз ва улуғвор лаҳзалардан бири сифатида эъзозлаб яшамоқдаман.

Энг аввало, ишонч билан айтиш мумкинки мустақиллик нафақат мамлакат балки, ҳар бир фуқаронинг тақдирида катта бурилишлар ясади. Шу жумладан оилада ҳам. Қувонаманки, мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси учун яратилган имтиёзлар, имкониятлар, оилам, 4 ўғлим, 2 қизим тақдирида ёрқин акс этди.

Фарзандларимнинг ҳаммаси олий маълумотли. Кенжа фарзандим «Умид» жамғармаси йўлланмаси билан Англияда таҳсил олиб келди. Корейс, турк, инглиз, рус тилларини мукаммал билади. Учинчи  ўғлим Японияда магистратурани тамомлади. Инглиз, рус, турк тилларини ўрганди.

Улар давлат ишларида юртимиз, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қилиш бахтига мушарраф бўлаётганлигидан бахтлиман.

Бу йил менинг меҳнат фаолиятимга 58 йил тўлди. Меҳнат фаолиятимнинг 30 йиллик йўли эса бутун ҳаётим мазмунини акс эттиради.

Мен журналистман, ижодкорман. Насрий ва назмий 40 дан ортиқ асарларим ўзбек, қорақалпоқ, рус тилларида нашр қилинган. Мен фаолият олиб бораётган ижтимоий-сиёсий соҳада 1982 йилдан эътиборан то 2021 йилгача узлуксиз равишда туман, Қорақалпоғистон Олий Совети, Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутати, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида фаолият юритиб келмоқдаман.

Шу йиллар давомида Қорақалпоғистон Олий Совети Президиуми Секретари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесида Раис ўринбосари, Қўмита Раиси, Қорақалпоғистон Ҳукумати раиси ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида ишладим.

Бугунги кунда юқорида таъкидлаганимдек, Мустақиллик барча соҳадаги кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш билан бирга мен фаолият юритган ва юритаётган соҳада ҳам жуда катта ижобий ўзгаришларга сабаб бўлди. Бу мақолада бунинг ҳаммасини санаб ўтишнинг иложи йўқ, албатта.

Аммо мен ўз ҳаётим ва фаолиятим давомида фикрлаган, орзу қилган, умидвор бўлиб билдирган таклифларим, тавсияларим, матбуотда эълон қилинган мақолаларда қолиб кетаверар эди. Бугунги кунда бу соҳадаги янгиланишлардан фикрим ёришиб, яна ҳам яшариб, ишлашда давом этгим келади.

Бу юксалиш кейинги беш йил давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тартибга солувчи қатор қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганда намоён бўлмоқда. Бу соҳадаги ваколатлар ва вазифалар кенгайтирилди, ижро органлари раҳбарларининг маҳаллий кенгашлар олдидаги ҳисобдорлиги белгилаб берилди.

Олий Мажлис палаталарини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман, шаҳар кенгашлари билан ўзаро ҳамкорлиги йўлга қўйилди.  Булар билан боғлиқ яна кўп янгиланишлар тўғрисида фахрланиб, тўлқинланиб гапириш мумкин. Булар ҳаммаси ҳаётда яққол намоён бўлаётганлиги фикримнинг далилидир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳадаги ислоҳотларнинг халқаро эътирофи, жаҳон рейтингларидаги динамикаси  тўғрисида гап кетганда бу соҳадаги ислоҳотларни халқимиз эътироф этаётганлигини фахр билан айтиб ўтиш мумкин. Бу нафақат менинг фаолият олиб бораётган соҳамга, балки мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги тенгсиз ютуқларига ҳам тааллуқлидир.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, иқтисодий фаолиятда эркинликни таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги моддий ва процессуал нормаларни такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичлари ошишига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, сўнгги тўрт йил мобайнида мамлакатимиз Мерос жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик” индексида 52 поғонага, Жаҳон банкининг “Логистика самарадорлиги” индексида 19-поғонага, “Бизнес юритиш” индексида 18-поғонага кўтарилди.

Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг “Мамлакатларга хос хатарларни таснифлаш” тизимидаги 6-гуруҳ мамлакатлари қаторидан 5-гуруҳ мамлакатлари қаторига ўтди.

Давлатимиз раҳбари раҳномалигида Ўзбекистон ўтган давр мобайнида Doing Business рейтингида 87-ўриндан 69-ўринга, Иқтисодий Эркинлик индексида 166-ўриндан 114-ўринга муносиб кўрилган.

Биргина ўтган йилнинг ўзида давлатимиз раҳбарининг ўндан ортиқ муҳим халқаро ташаббуси тўлиқ амалга оширилди. Масалан, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни “Диний эркинликни тизимли, давомий ва жиддий равишда бузишда иштирок этувчи мамлакатлар рўйхатидан” чиқарди. Ёхуд 2018 йил охирида БМТ Бош ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциянинг қабул қилиниши Президентимиз томонидан илгари сурилган халқаро ташаббуснинг дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланганлигининг яққол исботидир.

Шу ўринда мен Қорақалпоғистон мисолида Президентимизнинг ташаббусларини келтириб ўтмоқчиман.

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда экологик иқтисодий демографик вазиятни яхшилашга қаратилган устувор йўналишлар ўз самарасини бермоқда.

БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Президентимиз томонидан илгари сурилган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилинди.

Бу резолюция Орол денгизи инқирози оқибатларини тугатиш, бу ҳудудда экологик вазиятни янада яхшилаш чора-тадбирларини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган кўламли ишлар, Оролбўйи минтақаси учун ҳамкорлар билан «Траст» фондининг ташкил этилганлиги ва кўплаб жамғармалар, дастурларнинг янада самарали бўлиши учун хизмат қилади.

Резолюция сув тежовчи технологиялар ишлаб чиқилиши, инвестициялар жалб этилиши, айниқса Экотуризмнинг ривожланиши, экологик миграциянинг олдини олиш сингари зарур рағбатлантирувчи омиллар амалга ошиши учун кенг йўл очиб беради.

Демак, давлатимиз раҳбарининг шахсан Ўзбекистон томонидан илгари сурилган қимматли ва муҳим ташаббуслари халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётганлиги юртимиз равнақида яққол намоён бўлаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Халқимиз юртимизнинг шонли 30 йиллиги байрамини кўтаринкилик ва Ватан равнақи учун фахр ифтихор билан нишонламоқдалар. Шиддатли ислоҳотлар. Бу ислоҳотларни бошқача таърифлаш қийин. Бир ҳақиқатни тан олишимиз керак.

30 ва 5 йил. Бу йилларни таққослаганда Ўзбекистондаги оламшумул ўзгаришлар, янгиланишлар, айниқса кейинги беш йилда шиддат билан намоён бўлганлигини кўрамиз.  Халқимиз эътироф этаётган Янги Ўзбекистоннинг дастлабки 15 қадами деб ном олган ютуқларимиз, ислоҳотларимизнинг натижасидир.

Энг аввало, Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатининг жорий қилинганлиги, чегараларнинг очилганлиги ва назорат пунктларининг ташкиллаштирилганлигини айтиб ўтиш жоиз. Валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нақд сўм билан боғлиқ муаммоларнинг бартараф этилиши, давлат хизматлари тизимида Давлат хизматлари марказлари фаолият олиб бораётганлиги диққатга сазовордир.

Туризмни ривожлантириш доирасида 90 давлат учун визасиз режим, 48 давлат фуқаролари учун визасиз транзит режими жорий этилганлиги,  инсон ҳуқуқлари, кафолатларининг кучайтирилиши, мажбурий меҳнат, шу жумладан, вояга етмаган болалар меҳнатини бартараф этишдаги ютуқларимиз ҳам шулар жумласидандир.

Энг диққатга сазовор бўлган, халқимизнинг кўнглини тўлдирган халқ  мурожаатлари билан ишлашиш ва давлат ташкилотларининг очиқ-ошкоралиги бўйича янги тизимнинг барпо этилганлиги халқимиз томонидан алоҳида қўллаб-қувватланмоқда.

Шунингдек, Гендер сиёсатининг янги босқичга олиб чиқилганлиги, Олий таълим тизимининг ривожлантирилиши, олийгоҳларга қабул квоталарининг ортиши, миллий ва хорижий давлатлар олийгоҳларининг филиаллари  очилиши ёшлар баркамоллигини орттиришда катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Тадбиркорлик муносабатларининг яхшиланиши, асосан, бизнесни рўйхатдан ўтказиш  ва юритиш бўйича жараёнлар такомиллаштирилиши, камбағалликнинг расмий даражада тан олинганлиги ва уни қисқартириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли дастурлар ўз самарасини бермоқда.

Халқимиз Ўзбекистонда 15 йил давомида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг тўғридан-тўғри фуқароликка  қабул қилиш тартиби жорий этилганлигидан кўнгли тўлди. Юртимизда бағрикенглик, дўстлик, биродарлик сингари қадриятлар улуғланиши маънавиятимизнинг энг асосий йўналишидан бирига айланди.

Ўзбекистонда  экология муаммолари Орол денгизининг суви қуриган  майдонида тўқайзорлар барпо этила бошлаганлиги, бу муаммоларга жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътибори қаратилаётганлиги ҳам бу соҳадаги ислоҳотларнинг натижаси бўлмоқда.

Мен Орол инқирози муаммолари тўғрисида кенгроқ эътироф этгим келади. Шундай дориламон кунларда юртимизда кейинги уч-тўрт йил ичида рўй берган ўзгаришларни, мислсиз бунёдкорликларни, обод овул ва қишлоқлар қиёфасини, халқимизнинг асрлик орзулари рўёбга чиқаётганлигидан фахрланамиз.

Янгиланган Қорақалпоғистоннинг узоқ-узоқ кенгликлари, қўй-қўзиларга тўла яйловлари, яшнаб турган боғ-роғлари, полизлари, ер ости, ер усти маъданларидан ишга тушган корхона, завод– фабрикалари…

Буларнинг ҳамма-ҳаммасида Президентимизнинг қорақалпоқ халқига, бу қадим ота-маконга меҳри, эътибори, ғам­хўрликларини  ҳис қилиб турибмиз.

Бугунги кунда  янги Ўзбекис­тон қиёфасида янги Қорақалпоғистон шаклланмоқда десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бунга ёрқин мисол сифатида кўп марта айтилган бўлса ҳам Президентимизнинг алоҳида эътибори ва ташаббуси билан Мўйноқ туманида кейинги йилларда амалга оширилган ишларни келтириб ўтиш кифоя. Хусусан, туманда 20 та кўп қаватли уй-жойлар қурилди, 100 километр масофадан ичимлик суви олиб келинди. Кўплаб корхоналар, ижтимоий объектлар ишга туширилди ва янгиларини барпо этиш давом этмоқда. “Мўйноқ аэропорти” янги лойиҳа асосида қайтадан қурилди. «Оқ кема» болалар оромгоҳида фарзандларимиз яйраб хордиқ чиқармоқда.

Президентимизнинг  Қорақалпоғистон Республикасига ҳар бир ташрифидан сўнг ушбу элда халқимизнинг асрлик орзулари амалга ошмоқда. Бўзатов тумани янги қиёфада ташкил этилди. Нафақат ташкил этилди, балки бир йил ичида бутунлай ўзгача кўринишда намоён бўлди. Замонавий иморатлар, спорт иншоотлари, равон йўллар — Бўзатов халқи учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Бу ерда республика ёш ижодкорларининг фестиваллари, мушоиралар, бахшиларнинг танловлари бўлиб ўтмоқда. Янги сиҳатгоҳлар қурилмоқда. Шунингдек, энг олис ва чекка Тахтакўпир туманида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, ҳудуд янги қиёфа касб этмоқда. Сув муаммолари ҳам ҳал бўлаётир.

Мамлакатимиздаги ислоҳотлар янгиланган Ўзбекистоннинг бағрида гуллаб яшнаётган Қорақалпоқ юртининг ҳам бахтли келажагига тамал тоши қўймоқда. Қорақалпоқ халқи давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга бўлган оталарча ғамхўрлиги, меҳр ва эътиборидан ҳамиша мамнун. Ислоҳотлар мустақиллигимиз мангулиги, юртимиз тараққиёти учун хизмат қилмоқда.

Баъзан ўйлаб қоламан, 30 йиллик давр мобайнида ютуқлар билан бирга камчиликларимиз, йўқотишларимиз ҳам бўлди. Хатолардан хулосалар чиқардик.

Бу табиий ҳолат албатта. Чунки инсон ҳаётининг ўзи хатолар ва улардан келиб чиқадиган хулосалар, сабоқлардан иборат.

Мен катта сиёсатшунос ёки иқтисодчи олим эмасман. Аммо ўз кузатишларим, хулосаларим, шахсий фикрларимни айта оламан.

Айниқса, сўнгги беш йилда мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида рўй бераётган янгиланишлар, бунёдкорликлар ўтган 30 йиллик давр мобайнидаги камчилик ва йўқотишларимизни яққол кўрсатиб берди. Мен фикрларимни қисқароқ ифодалашга ҳаракат қиламан.

Биринчидан, ўз иш фаолиятим давомидаги кузатиш ва хулосаларимдан келиб чиқиб айтаманки, биз халққа меҳр ва эътибор билан яқинлашмаган эканмиз. Тўғри, у даврларда ҳам фуқароларнинг ариза ва мурожаатлари билан ишлаш амалиёти бор эди. Лекин ҳар бир мурожаатдаги, аризадаги муаммолар ҳал қилинишига эътибор берилмас эди. Тез ва юзаки жавоб берилар, “отангга бор, онангга бор” қабилида иш юритилар, бюрократик анъаналар кучли эди.

Кейинги беш йилда очилган Халқ қабулхоналари, аҳоли мурожаатларига катта эътибор қаратилаётганлиги, инсон манфаатлари устуворлиги йўналишларида Президентимизнинг қатор Фармон ва қарорлари унинг ижроси халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига асос бўлмоқда.

Иккинчидан, яна бир хатолик тадбиркорлар, фермерлар фаолиятида кўринар эди. Улар учун яратиладиган имконият ва имтиёзлар қоғозларда қолиб кетар эди. Шиорбозлик кўп эди.

«Тадбиркор элга мададкор» дейиларди ва унинг мададкор бўлиши учун зарур қонунчилик ҳужжатлари йўқ ёки имтиёз ва имкониятлар чекланган эди.

Яқинда давлатимиз раҳбарининг юртимиз тадбиркорлари билан учрашиб, бу соҳада олиб борилаётган ишларга катта баҳо бериб устувор вазифалар белгилаганлиги юрт фаровонлигининг, тўкин-сочинлигининг мустаҳкам асосидир.

Бугун бу соҳадаги ютуқлар юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишида катта аҳамият касб этмоқда.

Учинчидан, мен 2005-йилда доимий ишлайдиган Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 1-чақириқда депутат бўлиб сайландим. Бу мен учун янги Парламентаризм мактаби ва бу соҳада жуда катта амалиёт бўлди.

Шу йилларда Қонунчилик палатаси, Сенат вилоят, туман халқ депутатлар Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари, айниқса Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва  Қўмиталари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга кўп уринган эдик.

Бу мавзуда Халқаро тажрибани ўрганган ҳолда турли давра суҳбатлари, семинарлар ташкил қилинди. Чет давлатлар Парламентлари билан ҳамкорлик юзасидан берган таклифларимиз ҳам қоғозларда қолиб кетди.

Бугунги кунга келиб, айниқса кейинги беш йил давомида бу соҳада ҳам дадил қадамлар қўйилмоқда. Депутатлик мақоми халқ талаб ва эҳтиёжлари учун хизмат қила бошлади. Халқаро Парламентаризм соҳасида ҳам катта ютуқларга эришилмоқда.

Тўртинчидан, яна бир камчилик ва йўқотишларимиз инсон ва унинг тақдирига нисбатан суд ҳуқуқ тизимидаги қотиб қолган амалиёт, бюрократларча ёндашув, жиноий ишларнинг терговдан терговга оширилиб, йиллаб давом этиши, прокуратура, ички ишлар, адлия тизимидаги фаолиятда  акс этди.

Бу соҳада Президентимизнинг кейинги беш йилда чиқарган Фармон ва қарорлари  ижроси бу соҳага ҳам янги ҳаво олиб кирди.

Коррупцияга қарши курашиш кучайди. Инсон ҳаётига инсонларча муносабатда бўлиш тартиб таомиллари жорий қилинмоқда.

Биз бугун фахр ва ифтихор билан Янги Ўзбекистоннинг янгиланган ҳаётидаги халқни рози қилиш, турмуш фаровонлигини яхшилаш йўлида давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар самарасида 30 йиллик давр мобайнидаги ютуқлар билан бирга камчиликлар ва йўқотишлардан келиб чиққан хулосаларда мамлакатимиз равнақи ва буюк келажагимизни кўра оламиз.

Мен ижодкор сифатида ҳозир «Қорақалпоқ адабиёти» газетасида Бош муҳаррир бўлиб ишлаяпман ва Сенатда Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси аъзосиман, Қўмита иш режасига кирган Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини демократиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ахборот ресурсларини тайёрлаш ва уларни маълумотларни узатиш тармоқларида, шу жумладан Интернет тармоғида тарқатиш тартибларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, Ўзбекистоннинг Интернет тезлиги бўйича халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш, шунингдек давлат органлари фаолиятининг самарадорлиги, тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, эркин ва тезкорлик билан ахборот олиш имкониятини яратиш юзасидан маълумотлар тайёрлаш, таклифларни умумлаштириш ишларида бевосита иштирок қилмоқдаман.

Шу билан бирга ўзим муҳаррирлик қилаётган газетанинг қиёфаси давр талабига жавоб беришини истайман. Қорақалпоғистонга янги босма технологиялари олиб келиниши юзасидан таклиф, тавсиялар бермоқдамиз.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ижодкорлар олдига қўяётган катта, масъулиятли вазифалари бор. «Бугуннинг қаҳрамони бадиий асарларда акс этиши керак» дейди, давлатимиз раҳбари. Бу ижодкорлар жўшқин илҳом билан ҳис қилиши керак бўлган муҳим вазифадир.

Газетамиз ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз тилларида чоп этилади. Келгусида амалга оширилиши кутилаётган лойиҳаларимиздан бири газетамизнинг электрон нусхасини  яратиш  ва унинг ўқувчиларини кўпайтириш.

Шунингдек, ижодкор сифатида узоқ йиллик депутатлик фаолиятимдан келиб чиқиб, бу соҳадаги бугунги ислоҳотлар асосида публицистик асарлар яратиш.

Юртимизда байрам шукуҳи кезмоқда. Мамлакатимиз аҳолисига, халқимизга байрам тилакларини, шеърий сатрларда ­айтсам:

Бу юрт ҳурободдир, бу юрт дилобод,

Ҳар маҳалла-жаннат, ҳар уй гулобод,

Янгиланган қишлоқ, овул элобод,

Нурлансин юртимнинг жилоси бўлиб.

 

Озод Ватанимнинг обод ҳаёти,

Минг йилга ёзилган авлодлар хати,

Кўксига жойлашган юрак соати,

Уриб турсин элга вафоси бўлиб.

 

Хумо қуш қанотлим, оламга учгин,

Ой, юлдузларга ет, қуёшни қучгин.

Фаровон ҳаётнинг ҳар дами учқун,

Қолсин Мустақиллик зиёси бўлиб.

 

Янгиланган азиз Ўзбекистоним,

Юксалиб, яшнасин озод давронинг,

30 йилнинг улуғ шуҳрати шони,

Қолсин мангуликнинг садоси бўлиб.

 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

“Қорақалпоқ адабиёти” газетаси Бош муҳаррири.