Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги ижтимоий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида
21 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикасида бўлди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Нукус шаҳридаги «Шорша баба» қабристонига бориб, Муса Ерниязов мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилди.
Муса Ерниязов кўп йиллар Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Раиси лавозимида ишлаган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони бўлган.
Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, марҳум хотирасига мақбара барпо этилди. Бугун бу жой обод зиёратгоҳлардан бирига айланган.
Президент Шавкат Мирзиёев Бўзатов туманига келиб, “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Жугинис Жуманазаров хонадонида меҳмон бўлди.
Жугинис оға рафиқаси Салима опа билан беш қизни тарбиялаб вояга етказган. Улар таълим, маданият, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт соҳаларида фаолият юритмоқда. Кенжа қизи Улзода Жуманазарова каратэ бўйича Ўзбекистон чемпиони.
Давлатимиз раҳбари оиланинг турмуш тарзи, улар тимсолида бутун бўзатовликларнинг яшаш шароитлари билан қизиқди.
Оила томорқадан унумли фойдаланмоқда. Иссиқхона ташкил этилган, мевали дарахтлар ва полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда.
– Бўзатовда азалдан миришкор одамлар яшайди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ери унумдор, шўри йўқ. Лекин узоқ йиллар имкониятлар таҳлил қилинмай, бироз эътиборсиз қолганди. Бўзатов халқидан қарзимиз бор эди. Энг яқин марказ – Кегейли тумани марказигача салкам 100 километр эди. Энди шу ернинг ўзида шароит яратиб, давлат хизматларини йўлга қўйиб, иш ўринлари ташкил этишга ҳаракат қилаяпмиз. Тадбиркорларни ишонтириб, субсидия берсак, инфратузилмани яхшилаб, аҳолини кўчиб келишга жалб этсак, бу ҳудуд катта имкониятларга эга.
Бўзатов тумани давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йилда қайта ташкил этилган эди. Кейинги икки йилда бу ерда кўп қаватли уйлар, савдо мажмуалари, минг ўринли амфитеатр, спорт майдони, Ёшлар маркази қурилди, йўллар таъмирланди. Тўқимачилик корхонаси иш бошлади.
Хонадондан чиқишда бўзатовлик экологлар, маҳаллий аҳоли вакиллари билан мулоқот бўлди.
– Ички имкониятлардан фойдаланиб, тинимсиз ҳаракат қилмасак, натижа бўлмайди. Шунинг учун Бўзатов туманини ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиш мақсадидамиз. Масалан, туманда 11 минг гектар унумдор ер фойдаланилмай турибди. Энди бу жойни илғор вилоятлардан бирига бириктириб, насосларини тиклаб, яхши насл ва навлар олиб келиб, етиштирилган маҳсулотларни сотиб оладиган тизим ташкил этамиз, – деди Президент.
Туман аҳолиси ҳудуддаги ўзгаришларни айтиб, бу борадаги эътибори учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев Бўзатовда қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашди.
Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон тиббиёт институти ҳузуридаги болалар клиникасини бориб кўрди.
Давлатимиз раҳбари бундан тўрт йил олдин унинг қурилишига тамал тоши қўйган эди. Мазкур мажмуа шу ойда фойдаланишга топширилди.
Клиника стационар шароитда йилига 3 минг 600 нафар, амбулатор тарзда 22 минг 400 нафар беморга хизмат кўрсатиш қувватига эга. Бу ерда туғма ва сурункали касаллиги бор болаларга юқори технологиялар асосида ташхис қўйилади ва даволанади. Болалар кардиохирургияси, кичик инвазив хирургия, нейрохирургия, офтальмология, оториноларингология, юз-жағ хирургияси, ортопедия ва гинекология бўлимлари замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
Шифохонада 300 га яқин киши ишлайди. Профессор-ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари Жанубий Корея, Япония, Австрия, Россия каби мамлакатлардаги илғор клиникаларда тажриба орттириб келган.
Президентимиз бу ерда даволанаётган болаларни кўриб, оналари билан суҳбатлашди.
– Оналарнинг бахти – фарзанд. Ана шу бахтни асраш, бемор болаларнинг тезроқ соғайиши, соғломлари касал бўлмаслиги учун ҳамма ҳаракатларни қиламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Институтда тиббий таълим, илм-фан ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун замонавий шароитлар яратилган.
Давлатимиз раҳбари шу ерда амалиёт ўтаётган институт талабалари билан ҳам мулоқот қилди. Тиббий таълим муассасаларида ахборот технологиялари бўйича дарс соатларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида ўтаётган Ёшлар фестивалига ташриф буюрди.
– Ҳозиргина Бўзатов туманидан қайтишда ёшлар фестивали ўтказилаётганидан хабар топиб, сизлар билан учрашишга қарор қилдим. Чунки мен қаерга борсам, албатта ёшлар билан мулоқот қилишга ҳаракат қиламан. Сизларнинг кўзингизда, билимингизда, эртанги кунга ишончингизда Янги Ўзбекистонни, Янги Қорақалпоғистонни кўриб, ўзим учун катта куч-қувват оламан, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида Қорақалпоғистонда ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди. Шаҳар ва туманларда 14 та янги мактаб барпо этилди, 4 та олийгоҳ ташкил этилди.
– Мен ҳар доим ёшлар, таълим, билим-билим деб таъкидлайман. Билим «ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди». Қанча кўп билим эгалласак, келажак бизники. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратамиз деб ўзимизга ғоя олганмиз. Бу пойдеворни ким яратади? Фақат билимли ёшлар, – деди Президент.
Ёшларга кенг имконият яратишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди. Жумладан, 55 та янги мактаб, 187 та мактаб учун қўшимча ўқув бинолари қурилиб, 135 та мактаб капитал таъмирланиши айтилди.
Президентимиз келгуси беш йилда олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50 фоизга етказилиши, бунинг учун Қорақалпоғистонда мамлакатимиз ва хорижий университетларнинг 6 та нуфузли олий ўқув юртлари филиаллари ташкил этилишини таъкидлади.
Шунингдек, келгуси беш йилда ҳар бир шаҳар ва тумандаги Ёшлар марказлари ва умумтаълим мактабларида 100 мингдан зиёд ёшлар чет тиллари ва IT технологияларига ўқитилади. Қўшимча 6 минг ўринли янги ётоқхоналар қуриб битказилади.
Ёшлар Президент ташрифини олқишлар билан қўллаб-қувватлади.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи якунига етди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,
Абдулазиз МУСАЕВ,
ЎзА мухбирлари