Тил-миллат кўзгуси


«Кўнгил қулфи махранинг қулфи тил ва гулфин калитин сўз бил».

(А.Навоий).

Дунёда миллатлар кўп. Ҳар бир миллат, ҳар бир халқ ўзининг муқаддас тилига эга. Миллатни миллат қиладиган энг асосий хусусиятларидан бири — бу тилдир. Тил миллатнинг ғурури, кўзгуси, ор-номуси, фахридир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида ҳам айнан, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили, ўзбек тилидир, дея белгиланган. Тил маданият кўзгуси, маънавият гултожи, маърифат зиёсидир. Миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, илм маърифатга ундовчи кучдир.

Тил ҳодисаси — ажойиб ҳодиса. Ҳар қандай тил албатта унинг сўзлари билан гўзал. Буюк шоиримиз Эркин Воҳидов “Дунёнинг энг ажиб, энг сирли ва сеҳрли саёҳатларидан бири сўз оламига саёҳатдир. Негаки, сўз яратилишдан мўъжиза. Аввал сўз бўлган, дейилади муқаддас китобларда.  …Сўзнинг илдизига етган киши дунёнинг тагига етгандек баҳра топади. Инсоният тарихи сўзлар қисматида яшириниб ётар экан” дея эътироф этади.

Ёхуд буюк маърифатпарвар бобомиз А.Авлоний таъкидлаганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур” деганидек, миллий тилимиз бор экан миллат яшайди, миллат яшаса адабиёт яшайди.

Янги Ўзбекистон янги ривожланиш, Учинчи Ренессанс даврини бошлаб ­берди. Мамлакатимиз раҳбари ­Ш.Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида мамлакатимиз тарихида илк бор Давлат тилида маъруза қилганлиги тилимизга бўлган ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин далилидир. Лекин ҳали ҳам айрим жойларда, кўчаларда рус тилида ёзилган ёзувларга беихтиёр кўзингиз тушади.

Албатта бундай ҳолатларнинг олдини олиш зарур. Чунки, миллий тилнинг йўқолиши, эртанги миллат руҳининг йўқолишига сабаб бўлиши мумкин.

Миллий ғуруримиз, миллий кўзгумиз бўлган она-тилимизни кўз қорачиғимиздай асрайлик, бу билан биз миллатимизнинг руҳини, миллатимиз ғурурини асраган бўламиз.

Маълумки, тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишимиз керак.

Айша Матниязова,

Республика Маънавият ва

маърифат маркази

Элликқалъа туман бўлинмаси раҳбари.