Муҳтарам Президентимиз “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида таъкидлаганидек, Ўзбекистонда ҳам экологик муаммолар жиддий ташвиш туғдирмоқда. Аксарият минтақаларда тупроқ емирилиб, унимдор ерлар қисқармоқда, чўлланиш, сув етишмаслиги, қурғоқчилик, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш жиддий муаммога айланиб бормоқда.
Шунингдек, ҳозирги вақтда Орол фожиаси туфайли 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонда Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Ҳар йили 100 миллион тонна қум ва туз ҳавога кўтарилмоқда. Бу эса, Орол ҳалокати глобал муаммо эканидан далолатдир.
Қайд этиш керакки, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида сўнгги йилларда Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этиш, Оролбўйи ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича янги ислоҳотлар ва халқаро ташаббуслар амалга оширилмоқда. Экологик инқироз оқибатларига барҳам бериш мақсадида, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Президентимиз ташаббуси асосида БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги 75-сессиясида “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюцияси қабул қилинди.
Ушбу резолюцияда белгиланган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июлда “Бирлашган МиллатларТашкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан Оролбўйи минтақасига иқтисодиёт тармоқларида ресурс тежовчи ва юқори самарага эга замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга боғлиқ 2021–2024 йилларда амалга оширилиши белгиланган 7 та йўналишдаги 71 та тадбирдан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланди.
“Йўл харитаси”даги тадбирлар учун 312 млрд. сўм, 22,2 млн. АҚШ доллари,6 млн еврога тенг маблағлар сарфланиши, ҳар бир йўналиш бўйича тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ижроси тегишли вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари бошчилигида тузилган 7 та Ишчи гуруҳлар томонидан таъминланиши белгилаб берилди.
Қарор билан махсус резолюцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун 2021–2024 йилларда бажарилиши режалаштирилган 65 та устувор инновацион лойиҳалар тасдиқланди. Ушбу лойиҳалар учун турли манбалардан 1,9 трлн сўмга тенг маблағлар сарф этилиши ва натижада 4500 та иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
“Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюцияда қайд этилган вазифаларни бажариш бўйича ифодаланган тадбирлар ижроси устидан парламент назоратини амалга оширишнинг асосий йўналишлари белгиланди.
Махсус резолюциясида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича “Йўл харитаси”нинг 8-бандига мувофиқ Оролбўйи минтақасини кўп томонлама барқарор ривожлантириш концепцияси ва “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиши ва бунда “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” шиори остида бошқа ҳудудлардан келган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларни назарда тутиши, Қорақалпоғистон Республикасига бошқа ҳудудлардан келган тадбиркорлик субъектларга турли имтиёзлар ва преференциялар бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши топширилди.
Ўз навбатида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига депутатларнинг бекитилган сенаторлар билан бирга тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни амалга ошириши белгиланди.
Қайд этиш керак, “Йўл харита”сида белгиланган йўналишлар бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида қуйидаги мақсадларга эришамиз:
Жумладан, Оролбўйи минтақасида сиёсий-ҳуқуқий инновациялар орқали тaркибий вa трaнсфoрмaцион ўзгaришлaр учун қулай муҳит ярaтиш ҳамда институционал базани ривожлантириш орқали Нукус шаҳрида «Ёш олимлар академияси» ташкил қилинади; Нукус шаҳрида ёш олимлар, стартап лойиҳалар эгалари, тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ёшлар технопарки фаолияти йўлга қўйилади; Нукус туманида Оролбўйи халқаро инновация маркази қошида ўсимликлар уруғлари генбанки билан таъминланган лаборатория, бизнес-акселератор ўқув маркази ва технопарк ташкил қилинади; Нукус туманида «Ақлли қишлоқ» (Smart village) концепцияси асосида янги замонавий турар жойлар комплекси қурилади; Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда илмий-тажриба участкаси ва экофизиологик тадқиқотлар лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади; Мўйноқ туманида «My garden in the Aral sea» чўлга ва қурғоқчиликка чидамли декоратив ўсимликлар боғи кенгайтирилади;
Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни рақамлаштириш ва инновацион ёндашувларини амалга ошириш орқали Оролбўйи ҳудудида метеорологик кузатишлар ва атмосфера ҳавоси ифлосланишини мониторинг қилиш тизими автоматлаштирилади; Чиқиндиларни қайта ишлаш ва экологик тоза энергия ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилади; Қорақалпоғистон Республикасида мавжуд маиший ва қурилиш чиқиндилари полигонлари рекультивация қилинади ҳамда янгилари ташкил этилади; Цемент ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг атмосфера ҳавосига ташламалари мониторингининг автоматлашган тизими жорий қилинади; Оролнинг қуриган тубида 100 минг гектар ҳудудда инновацион ёндашувлар асосида ўрмонзорлар барпо этилади; Оролбўйи ҳудудида 250 гектар майдонда ноанъанавий навдаги доривор ўсимликлардан годжи, лаванда ва наъматак ўсимликларининг плантацияси ташкил этилади; Оролбўйи минтақасида чуқур артезиан қудуқлар бурғилаш орқали қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликнинг сув таъминоти ривожлантирилади; Оролбўйи миллий табиат боғи бошқарувига инновацион ёндашувларни жорий этишда минтақавий ҳамкорлик йўлга қўйилади;
Оролбўйи минтақасида ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳолини қўллаб-қувватлашнинг инновацион технологиялари ҳамда механизмларини жорий қилиш орқали Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги жами 74 та умумтаълим мактабларида замонавий ўқув компьютер синфхоналари ташкил этилади; Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида юрак қон-томир, стоматологик, ўткир ичак, ўпка, онкологик касалликларни профилактика қилиш ва камайтириш бўйича аниқ манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб амалга оширилади; Оролбўйи турли географик минтақаларида қум бўронлари ва гармсел шамолларга қарши яшил оазислар яратишда сувсизлик ва қурғоқчиликка бардошли дарахт-бута турлари жорий этилади; Ичимлик ва оқова сувларни тозалаш учун автоматик станциялар ишлаб чиқиш, автомобилларга ёқилғи қуйиш ва электромобилларни қувватлантириш ҳамда уларга сервис хизматларини кўрсатиш шохобчалари ташкил қилинади, Оролбўйи минтақасида қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиб автоном ичимлик шўр сувни тузсизлантириш технологияси ишлаб чиқилади;
Оролбўйи минтақасида иқтисoдий вa мoлиявий иннoвaцион механизмлардан кенг фойдаланиш, иқтисодиёт тармоқларида ресурсларни тежовчи, «яшил» вa циркуляр (чиқиндисиз, рeгeнeрaтив вa сaмaрaли) замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш орқали, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда ресурс тежамкор ва самарали технологиялар жорий этилади; Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳудудида қишлоқ хўжалигида тупроқ ости суғориш янги технологиялари тизими жорий этилади; Дарахт кўчатларига «Агролоток»лар қўйиш орқали сув тежовчи инновацион тизими жорий этилади; Қорақалпоғистон Республикасида 2,5 минг гектар майдонда пахта, ғалла, кунжут, маккажўхори ва чорва озуқаси экинларини суғоришда ёмғирлатиб суғориш тизими жорий этилади; Синов лабораторияларини модернизация қилиш (озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, электротехника, енгил саноат) ҳамда намуналарни лабораторияга етказиш бўйича логистика хизмати йўлга қўйилади;
Илм-фанни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, интеллектуал мулк объектларининг яратилиши, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва илмий-инновацион ишланмаларни жорий қилишда маҳаллий ва халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш орқали «Оролбўйини ривожлантириш бўйича энг илғор инновация ва технологияни жорий этгани учун» махсус номинацияси жорий этилади; Олий ўқув юртларида қўшимча таълим йўналишлари: Қорақалпоқ давлат университети ва Урганч давлат университетида — «Туризм (экотуризм)»; Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида — «Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси (қишлоқ хўжалигида)» бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади; Қорақалпоғистон ҳудудида экологик, биологик, тупроқ, иқлим ва ижтимоий жараёнлар мажмуини тадқиқ қилиш учун инновацион ускуналар билан жиҳозланган метеорологик станция барпо қилинади; Қорақалпоғистон экологик харитасини яратиш ва шу асосида экотуризмни самарали ташкил этиш механизми ишлаб чиқилади; Шўрланган тупроқлар балл бонитетини аниқлаш мақсадида олий таълим муассасалараро комплекс биокимёвий таҳлил маркази ташкил этилади; Оролбўйи халқаро инновация марказининг Нукус туманидаги «Саманбай» участкасида қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли ўсимликлар бўйича тажриба майдони ва лаборатория ишлари ташкил этилади; Чорвачилик мажмуаларида оқова сувларни Эйхорния сув ўсимликларидан фойдаланган ҳолда биологик тозалаш технологияси жорий қилинади; Сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда инновацион яшил гидропоника озуқаси етиштириш ташкил қилинади; Нукус туманида «Қирантау» конида маҳаллий агроруда асосида глауконит ишлаб чиқариш ташкил этилади; Оролбўйи минтақаси ҳудуди ёшларини ривожланган давлатлар илмий марказларида малакасини ошириш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармасининг махсус танлови жорий қилинади.
Махсус резолюция ва мазкур қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали, БМТнинг Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш Конвенцияси талабларидан келиб чиқиб 2022 йилги миллий ҳисоботи ишлаб чиқилади; Ташқи кўмак маблағларини ажратувчи донор мамлакатлар, халқаро ташкилотлар, молия институтлари, жамғармалар ва компаниялар билан БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармасига ресурсларни мобилизация қилиш бўйича Давлат бюджетининг ҳар йилги тасдиқланадиган харажатлар параметрларида «Йўл харитаси» ва инновацион лойиҳаларда белгиланган тадбирларни молиялаштириш учун зарур маблағлар ажратилади; Оролбўйи минтақасидаги ижтимоий-иқтисодий ва экологик масалалар тўғрисида видеороликлар ишлаб чиқилади ҳамда чет эл ОАВларида ва интернет ижтимоий тармоқларга жойлаштирилади.
Муҳтарам Президентимиз “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида ”Орол муаммоси глобал миқёсдаги экологик ва гуманитар ҳалокатдир. У аллақачон Оролбўйи аҳолиси генофонди, ҳаёти ва соғлиги билан боғлиқ аянчли оқибатларга олиб келди. Орол инқирози оқибатларини бартараф этиш учун барча саъй-харакатларни бирлаштириш лозим” деди.
Дарҳақиқат, мазкур чора-тадбирлар ижроси устидан парламент назоратини ўрнатишда биз сенаторлар ва депутатлар бор куч-ғайратимизни ишга соламиз.
Ботир Матмуратов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.