ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ — ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИ


Сўнгги йилларда давлат бошқаруви органлари фаолияти, қонунлар ижроси, мамлакатни энг муҳим ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантириш давлат дастурларининг сўзсиз бажарилиши устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш ва уни тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Парламент назорати – бу мустақил ва қонуний, тизимли вакиллик органи фаолияти бўлиб, унинг палаталари, қўмита ва комиссиялари, палата аъзоларининг ижро ҳокимияти ва бошқа давлат органлари ҳамда хўжалик бошқарув органларининг инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига риоя қилинишини таъминлаш ҳамда конституциявий ва жорий қонунларнинг ижросини назорат қилиш фаолияти ҳисобланади.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, унинг асосида қабул қилинган Давлат дастурининг ижросини таъминлашда, жамиятда парламентнинг нуфузини, ролини оширишда, қонунларга риоя қилиш, уларни ижро этиш ва қонун нормалари билан тартибга солишга эҳтиёж туғилаётган жамиятдаги ижтимоий муносабатларни аниқлаш, амалдаги қонун ҳужжатларини ҳаёт талаблари билан мунтазам уйғунлаштиришда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан амалга ошириладиган парламент назорати муҳим аҳамият касб этади. Парламент назорати, шунингдек мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш ва фуқаролар онгида қонунга ҳурмат руҳини шакллантиришда ҳам муҳим восита бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Ижро ҳокимияти идоралари фаолиятини назорат қилишда Президентнинг асосий кўмакчилари ким? Албатта, сиз, муҳтарам депутат ва сенаторлар. Сизлар менинг олдимга келиб, ижро ҳокимияти идораларининг камчилик ва нуқсонлари ҳақида асосли маълумотлар беришингиз, вазирлик ва идоралар фаолиятини такомиллаштириш бўйича масалани кўндаланг қўйишингиз, керак бўлса, вазир ва ҳокимларни лавозимдан бўшатишгача бўлган таклифларни киритишингиз лозим”.

Ҳукумат фаолияти борасида парламент назоратини амалга ошириш масаласи ўта аҳамиятлидир. Парламент назорати институти объекти сифатида кўп ҳолатда ижро ҳокимияти майдонга чиқади. Айрим вазиятларда парламент назорати давлат раҳбари, суд ҳокимияти ва маҳаллий ҳокимият органларига нисбатан қўлланилиши мумкин.

Парламент халқнинг вакиллик органи бўлганлиги боис давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқлари, айниқса, ўзи сайлайдиган, таъсис этадиган ва тайинлайдиган идоралар ва мансабдор шахслар фаолияти устидан муайян назоратни амалга ошириши зарурдир.

Шу ўринда, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг халқ билан мулоқот ва мурожаатлар билан ишлаш фаолияти самарадорлигини янада ошириш борасида парламент назоратини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланиб бормоқда. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 июль куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, Парламентга қатор вазифалар йўқланди. Мазкур йиғилишда барча вазирлик ва идоралар, ҳокимликларда мурожаатларни рўйхатга олиш, уларни кўриб чиқиш ва натижасини назорат қилиш бўйича Ягона онлайн платформа яратилиб, мониторинг юритилиб, ҳар ойда Сенатга ва Ҳукуматга таҳлилий маълумот киритилади ҳамда танқидий муҳокама қилиб борилиши, шунингдек, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни ҳал этиш бўйича вазирлик, идора ва ҳудуд раҳбарларининг ҳисоботини Сенатда ҳар чоракда, маҳаллий ҳокимликлар ҳисоботини эса маҳаллий Кенгашларда ҳар ойда эшитиб бориш амалиёти йўлга қўйилиши назарда тутилди.

2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритилиб, улар парламент назорати амалиёти ҳамда давлат ҳокимияти органларининг қонун-қоидаларни бажариш борасидаги масъулиятини кучайтиришга қаратилган эди. 2016 йилда “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлиб, у мавжуд қонунчилик базасини янада такомиллаштирди. Бунинг натижасида депутатлар парламент сўровларини юбориши ва парламент эшитишларини ташкиллаштириш ҳуқуқига эга бўлди.

2018 йилда Қонунчилик палатасига янги амалиёт — “ҳукумат соати” киритилди. Депутатларнинг вазирлар ва давлат амалдорларига бевосита савол бера олиш амалиёти аксарият парламентларда мавжуд бўлиб, уни Ўзбекистон парламентига ҳам киритилиши ижобий қадамдир. Бу имкониятларнинг даражасини юксалтириш парламентнинг назорат имкониятларини янада кенгайтиради. Парламент мажлисларини телевидение орқали намойиш қилиш жамоатчиликда парламентнинг назорат роли борасидаги ишончини кучайтириш ва жамоатчиликка “назорат ҳаракатларини” бевосита кузатиб туриш имконини беради.

Парламент назорати қонунчиликни такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эгадир. Қонунлар жамиятдаги муайян ижтимоий муносабатларни тартибга солиш мақсадида қабул қилинади. Қонуннинг ижро этилиши ҳолати билан танишишнинг энг мақбул усули назорат қилиш ҳисобланади. Парламентнинг бундай назорат қилишдан асосий мақсади қонунни ижро этмаёт­ганлар ёки уни ижро этишда тўсқинлик қилаётганларни жазолаш эмас, балки қонунларни ижро этиш механизмидаги камчиликларни бартараф этиш ва мазкур механизмни такомиллаштириш ҳисобланади.

Айтиш керакки, бугунги кунда мамлакатимиз парламентининг ҳар иккала палатаси парламент назорати институтидан самарали фойдаланмоқда. Эътироф этиш лозим, кейинги пайтларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлислари кун тартибига парламент назорати билан боғлиқ кўплаб масалалар киритилиб, танқидий ва таҳлилий нуқтаи-назаридан муҳокама қилинмоқда. Хусусан, ялпи мажлисларда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш билан боғлиқ муайян камчиликлар мавжудлиги қайд этилиб, бунга ижро ҳокимиятининг муносабатини парламент эшитувлари, ҳукумат аъзолари ҳисоботларини тинглаш орқали ечим топиш чораларини кўрмоқда. Бир сўз билан айтганда, мустақиллик йилларида парламент назорати бўйича маълум бир миллий тажриба вужудга келди, у орқали мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари ҳамиша жамоатчилик, сенаторлар, депутатлар назоратида бўлиши таъминланмоқда.

Атамурат Кабулов,

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси котибияти бош маслаҳатчиси.