Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари йигирма учинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва республика ҳукумати аъзолари, вазирликлар ва идоралар, корхона ва муассасалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов очди ва бошқариб борди.
Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.
Республикамиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимизда қонун устуворлигини таминлашда, инсонларнинг ҳуқуқларини муҳофаа қилишда прокуратура органларининг ўрни катта аҳамиятга эга. Чунки, қабул қилинаётган қонунлар, Президентимизнинг фармон ва қарорлари, ҳукумат ҳужжатлари бажарилишини назорат қилиш соҳа ходимлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Улар томонидан
коррупцияга қарши курашиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш борасида амалга оширилаётган хайрли ишлар халқимизнинг фаровон ва бахтли турмушини таъминлашга, элимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шунинг учун ҳам, Муҳтарам Президентимиз томонидан прокуратура органларига ҳар томонлама билимли, чуқур фикрлайдиган, халқимиз ва ватанимизнинг ёруғ келажаги учун хизмат қиладиган мутахассисларни танлаб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Ҳар йили январь ойининг 8-санасида юртимизда “Прокуратура органлари ходимлари куни” кенг нишонланиши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилгани, шунингдек, Бош прокуратура қошида Агросаноат комплекси ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш инспекцияси тузилгани бунинг ёрқин ифодасидир.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори тўғрисидаги масала кўриб чиқилди ва ушбу лавозимда ишлаб келган Рашид Раҳматов бошқа ишга ўтиши муносабати билан уни республика Прокурори вазифасидан бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 70-моддаси 10-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг келишуви билан Қорақалпоғистон Республикаси прокурори лавозимига тавсия этилган, илгари Навоий вилояти прокурори лавозимида ишлаб келган Каримов Хидир Саматовичнинг номзоди депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Республика прокурори Х.Каримов сўзга чиқиб, депутатлар томонидан билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдирди
ва бундай масъулиятли вазифани бажаришда ўзининг куч-ғайрати, билим ва тажрибасини сафарбар этишини таъкидлади.
Бу бўйича Қорақалпоғистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси раиси Ш.Уснатдинов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Ҳ.Ҳалимов сўзга чиқиб, янгидан тайинланган Республика прокурорига юртимизнинг тинчлиги, халқимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифани бажаришида зафарлар тилади.
Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродов иштирок этди ва маъруза қилди.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари йигирма учинчи сессияси ўз ишини якунлади.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.