“Озарбайжон киноси куни” тадбири бўлиб ўтди


“Ипак йўли дурдонаси” ХIII Тошкент халқаро кинофестивали доирасида Нукус шаҳрида “Озарбайжон киноси куни” тадбири бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Боку медиа маркази ижрочи директори Орман Алиев, “Озербойжонфильм” киностудияси директори Фариз Аҳмадов, шунингдек, мамлакатимиздан таниқли киноижодкорлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, 1968–1997 йилларда ўтказилган Осиё, Aфрика ва Лотин Aмерикаси халқаро кинофестивали давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали номи билан қайта тикланди. “Тинчлик, тараққиёт ва маърифат” шиори остида бўлиб ўтган кинофестивалда  хориждан кўплаб иштирокчилар, шу жумладан, таниқли киноюлдузлар иштирок этди.

Меҳмонлар қайта тикланган кинофестивалнинг аҳамияти, унда намойиш этилган фильмлар ва келгусидаги ҳамкорлик юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига тўлиқ маълумот берди.

– Бизни Нукус шаҳри аҳолиси яхши кутиб олди,–дейди  Орман Алиев. – Кинофестивал доирасида келгусидаги ҳамкорлик, ёш киноижодкорларнинг фильмларини намойиш этиш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида озарбайжонлик киноижодкорлар томонидан суратга олинган “Ички орол” номли фильм намойиш этилди. Сценарий муаллифи ва режиссёри Руфат Гасанов томонидан суратга олинган фильмда халқаро гроссмейстер Сеймур Тохирбековнинг ҳаёти, спорт соҳасидаги ютуқлари ҳамда драматик воқеалар ҳақида сўз юритилади.

Д.Абибуллаев.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.