Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан юқори малакали кадрларни тайёрлаш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлодни шакллантириш, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида буюк аждодларимизга муносиб ворислар этиб тарбиялаш борасидаги ибратли фаолияти, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ватандошларимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорига мувофиқ фахрий унвонлар, орден ва медаллар, кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида мазкур мукофотларни топшириш маросими бўлди.
Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов йиғилганларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳамиятли томони, ўқитувчилар ва мураббийлар ҳамиша Президентимиз ва давлатимиз эътиборида бўлиб келмоқда. Байрам муносабати билан бир гуруҳ ватандошларимиз юртимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлангани ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг бир кўринишидир.
Тадбирда мазкур фахрий унвонлар, орден ва медаллар ҳамда кўкрак нишонлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Мукофотланганлар номидан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг ўзбек адабиёти кафедраси профессори, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби К.Қурамбаев, Нукус шаҳридаги 46-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими А.Хегай, Нукус шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби директори, “Дўстлик” ордени соҳиби Г.Абдирова, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги бўлим бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи З.Ережепова, Амударё туманидаги “Баркамол авлод” болалар маркази директори, “Ўатан пидайысы” кўкрак нишони соҳиби Х.Ражабова сўзга чиқиб, меҳнатларини юксак баҳолагани учун миннатдорчилик билдирди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги