Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев барчани ўқитувчи ва мураббийлар куни билан қутлаб, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Байрам табригида таъкидланганидек, мамлакатимизда янги турдаги ва янги сифат босқичидаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолият юритмоқда. Ҳозирги кунга келиб математика йўналишида 112 та, физика йўналишида 14 та, кимё-биология бўйича 87 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 99 та, хорижий тиллар бўйича 207 та ихтисослашган мактаблар фаолият олиб бормоқда.
Олий таълим соҳасида ҳам жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Охирги беш йилда чет эллардаги нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 67 та янги университет ва институтлар ҳамда филиаллари барпо этилиб, уларнинг умумий сони 144 тага етказилгани, қамров даражаси 3 карра ортиб, 9 фоиздан 28 фоизга етгани ҳам шундан далолат беради.
Жорий ўқув йилида энг замонавий талаб ва стандартлар асосида ташкил этилган Янги Ўзбекистон университети дастлабки талабаларни қабул қилди.
Тадбирда Мўйноқ туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг география фани ўқитувчиси, II даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳибаси А.Кошерова, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг ўзбек адабиёти кафедраси профессори, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби К.Курамбоев, Нукус шаҳридаги 31- умумий ўрта таълим мактабининг 11 синф ўқувчиси Н.Рзабекова сўзга чиқиб, таълим соҳасига қаратилаётган эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Тантанали маросимда санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги