Насос агрегатларига рақамли технологиялар жорий этилмоқда


Сўнгги йилларда минтақамиз дарёларидаги камсувлик такрорланиши тобора  кўпаймоқда. Бу ўз навбатида сув сарфининг ҳисобини тўғри юритиш орқали мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланишни тақоза этмоқда.

Бу борадаги тадбирларни амалга оширишда Президентимизнинг 2020 йил 5 декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур қарорга мувофиқ, 2021-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станция­ларида электр энергиясидан фойдаланишни рақамли технологиялар ёрдамида «онлайн» режимида назорат қилишни жорий этиш назарда тутилган.

— Насос станцияларининг электр энергиясини рақамли технологиялар ёрдамида “oнлайн” режимида назорат қилувчи 342 дона қурилмасини ўрнатиш белгиланган, — дейди Қорақалпоғистон Насос станциялари ва энергетика бошқармаси  бошлиғи Кенес Сарыбаев.   — Шунингдек, насос агрегатларининг сув сарфини рақамли ўлчовчи 475 дона қурилмасини ўрнатиш назарда тутилган. Албатта бу тадбирлар ҳудудлардаги ҳар бир агрегатнинг энергия сарфи билан бирга ҳудудларга берилаётган сув сарфини аниқ юритиш имконини яратади.

Бу борадаги чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, жорий йилнинг 9 ойи давомида 327 дона насос станцияларга электр энергиясини “oнлайн” назорат қилувчи ҳисоблагичлар ўрнатилди ва жорий йилдаги режа тўлиқ бажарилди.

Бугунги кунда насос агрегатларига замонавий ахборот технологияларини  жорий қилган ҳолда, чиқарилаётган сув ҳажмини онлайн тартибда шаффоф мониторинг қилиш тизими жорий қилинмоқда. Шунингдек, 52 дона насос агрегатлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўлимининг онлайн тартибда мониторинг юритиш тизимига уланди. Насос агрегатларига янги қурилмаларни ўрнатиш ишлари “BLUE STAR GROUP” МЧЖ томонидан амалга оширилди.

Хўжайли туманидаги “Султан адай” ва Қонликўл туманидаги “Шериўши” насос станцияларига сув сарфини онлайн назорат қилувчи ҳисоблагич ва электр энергиясини “oнлайн” назорат қилувчи ҳисоблагичлар ўрнатилди. Мазкур насос ­агрегатлари режа асосида жорий таъмирдан тўлиқ чиқарилди.

Эътиборлиси, юқорида келтирилган қарорда белгиланган тадбирлар ижроси натижасида насос станцияларида фойданилган электр энергия ва чиқарилаётган сув сарфини инсон аралашувисиз “онлайн” назорат қилиш имконияти яратилди. Насос агрегатларига рақамли технологиялар жорий этилиши электр ва сувнинг ҳисоб-китоблари аниқ, шаффоф юритилиши, инсон омилининг камайиши, уларнинг ишлаш режимини масофавий мониторинг қилиш имконини беради.

Ғ.Отажонов.