Тил – миллат руҳи. Она тили – миллат маънавиятининг мустаҳкам пойдеворидир. Дарҳақиқат, кўнглимиз мулки, давлатимизнинг улуғ тимсоли бўлган она тили доимо инсонлар қалбида фахр ифтихор туйғусини уйғотиб, саодатга етаклаган.
Инсон туғилар экан она алласидан маънавий куч олиб вояга етади. Маълумки, гўзал ва эзгу ҳислатларни, миллий ва умуминсоний қадриятларни улуғловчи она алласи болага ўз тилида айтилади. Сеҳрли куй- она алласи билан улғайган гўдак нафақат ота-онаси, яқинлари, балки она тилига ҳам катта меҳр қўяди. Бу эса инсонда оила, Ватан, миллий тарих, она тилини асраб-авайлаш, ҳурмат қилиш, меҳр-муҳаббат ва садоқат кўрсатишдек улуғ фазилатларни шакллантиради.
Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демакдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадрият саналади.
Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”, деб ёзган эди. Бу фикрлар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини, долзарблигини йўқотмаган. Шу боис дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилган ҳар қандай давлат аввало ўз халқининг миллий тили ва маданиятини асраб-авайлашга, ривожлантиришга ҳаракат қилади.
Маълумки, мустақиллик йилларида она тилини том маънода давлат тилига айлантириш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам бу борада муҳим дастурил амал бўлиб хизмат қилмоқда. Эътиборли жиҳати, ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда. Шунингдек, она тилимиз ва миллий адабиётимизни улуғлаш, унинг бой хазинаси, бетакрор тароватини ёш авлодларга етказиш мақсадида юртимизда атоқли шоир ва адибларимиз номидаги ижод мактаблари фаолият юритмоқда. Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаблари энг аввало ўзбек тили ва адабиёти, бадиий ижод сирларини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Маълумки, ҳар бир миллат ўз тили, миллий тарихини чуқур билиши лозим. Зеро, тарихни англамоқ ўзликни англамоқ демакдир. Тарихимизга назар солсак Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Маҳмуд Замахшарий, Алишер Навоий каби улуғ аждодларимиз ўнлаб тилларни пухта билганлари учун ҳам жаҳон илм-фанининг юксак чўққиларини забт этган.
Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир-бирлари билан аҳил, ҳамжиҳатликда яшаб, она Ўзбекистонимизнинг тараққиёти, ривожи, фаровонлиги йўлида меҳнат қилиб келмоқда. Эътиборлиси, улар ўз она тили, дини, миллати, ижтимоий келиб чиқиши, урф-одат ва қадриятларидан қатъий назар шу юрт фуқароси сифатида эъзоз ва қадр топаётганидан, бағрикенглик, дўстлик, биродарликда ҳаёт кечираётганидан мамнундир.
Мухтасар айтганда, тил маънавиятимиз, миллийлигимиз кўзгуси. Шундай экан она тилимизни асраб-авайлаш, унинг софлигини сақлаган ҳолда келгуси авлодларга етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Гулшад Калмуратова,
Хўжайли туманидаги 14-сонли мактабнинг Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.