Инсонийлик аталмиш буюк мақомнинг асоси – маънавият. Бу тушунча ҳар бир даврда ўзининг маълум мезонига эга бўлади. Бироқ қайси даврда бўлмасин, тил ана шу маънавият тушунчаси учун кўзгу вазифасини бажаради. Дарҳақиқат, миллатнинг таназзули-ю тараққиёти ҳам, дард-у қувончи ҳам, орзу-армони-ю эзгу ниятлари ҳам тилда ўз аксини топади.
Бизга аждодларимиздан шонли тарих билан бирга бетакрор хазинага эга бўлган она тилимиз ҳам мерос бўлиб қолган. Она тили нафақат миллатнинг кўзгуси, балки миллатнинг жони ҳамдир. Тил йўқолса, миллат таназзулга юз тутади. Авлоний бобомиз айтганидек, “Ҳар қандай миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур”. Демак, она тили халқ барҳаётлигининг асосидир. Тилни асраш миллатни асраш билан баробар. Шу боисдан ҳам ҳар бир инсон она тилининг яшаб қолиши учун доим ҳаракатда бўлмоғи лозим. Бунинг учун, аввало, инсон қалбида она тилига муҳаббат уйғотиш керак.
Қирғиз ёзувчиси, давлат ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов ўз таржимаий ҳолида шундай ёзади: “Бувим менинг болалигимни турли эртак, ривоят ва қўшиқлар билан безаган. Улар ўзлари билмаган ҳолда менга она тилимни севишни ўргатганлар”. Туркий халқлар адабиёти тараққиётига ўз ҳиссасини қўшган забардаст адиб Чингиз Айтматовнинг буюк ёзувчи бўлишига ва она тилини севишига қишлоқнинг оддий аёли – бувиси айтган эртак, ривоят ва қўшиқлар сабаб бўлган. Шундай экан, инсон қалбида она тилига муҳаббат уйғотиш учун уни адабиёт билан ошно қилиш керак. Шу билан бирга аждодларимизнинг она тилини асраш йўлида амалга оширган ишлари тўғрисида тарғибот ишларини олиб бориш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрнак қилиб кўрсатиш ҳам муҳим вазифаларимиздан саналади.
Она тилимиз софлиги учун курашган А.Навоий, А.Авлоний, А.Қодирий, Чўлпон сингари буюк адибларимиз ҳам борки, уларнинг тилимиз тараққиёти йўлида амалга оширган ислоҳотларини эътироф этмоғимиз жоиз. Ҳазрат Алишер Навоий ўзининг “Муҳокамат ул-луғатайн” асари орқали туркий тилнинг имкониятларини очиб берган бўлсалар, А.Қодирий “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари орқали ўзбек тилининг бетакрор гўзаллигини дунёга намоён қилди. ХХ аср бошларида шўро ҳукумати томонидан ўзбек тилига турли таъзйиқлар ўтказилган, тилимиз ҳар қадамда камситилган.Шундай бир даврда буюк адибларимиздан бири Қодирий бобомиз матбуот саҳифалари орқали ўзбек тилини ҳимоя қилган. Мақолаларидан бирида шундай ёзган: «Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар». Қатағон сиёсати авж олган бир даврда А.Қодирий учун бундай сўзларни айтиш чинакам мардлик, аслида.
Агар биз А.Навоий бобомизни эски ўзбек тилининг беназир асосчиси сифатида эътироф этсак, А.Қодирий ҳозирги ўзбек адабий тилининг асосчисидир. Дарҳақиқат, шундай. А.Қодирийнинг ижодини кўприкка қиёслаш мумкин. Бу шундай кўприкки, у эски ўзбек адабий тили ва ҳозирги ўзбек адабий тилини бир-бирига боғлаб туради. Шундай экан, биз бу ижодкорни нафақат ўзбек романчилигининг асосчиси, балки ҳозирги ўзбек адабий тилининг асосчиси, дея тан олишимиз мумкин.
Биз она тилимизни асраш ва авайлаш баробарида унинг шон-шуҳратини юксакларга кўтарган аждодларимизга муносиб бўлишни ҳам инсонийлик мажбуриятимиз деб билмоғимиз керак. Зероки, бу – ҳар қандай инсоннинг шарафли бурчи.
Ж.Сеттиев,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Тўрткўл туман бўлинмаси раҳбари.
М.Шарипова,
Тўрткўл туманидаги 22-сонли умумтаълим мактабининг Ижодий — маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.