Газетамизнинг бугунги сонида сайловолди ташвиқоти доирасида Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродов ўзининг Сайловолди дастури бўйича амалга оширадиган ташаббуслари акс этган мақола чоп этилмоқда.
Мазкур мақола Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловолди ташвиқоти учун ажратилган бепул нашр майдони доирасида эълон қилиняпти.
ЭКОЛОГИЯ ВА АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ АСОСИЙ ВАЗИФАМИЗ!
Она диёримиз бўлган жонажон Ўзбекистонда шу кунларда муҳим сиёсий тадбир – Президент сайловига тайёргарлик жараёни қизғин паллага кирди.
Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва барқарор ривожланиш йўлидан бориши, халқимизнинг янада фаровонлигини ошириш — мавжуд табиий бойликларимизга таянилган ҳолда амалга оширилади.
Мустақил тараққиётнинг илк кунлариданоқ табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва келгуси авлодларга қолдириш борасида узоқни кўзлаган давлат сиёсати амалга оширилиб келинмоқда. Мамлакатимизда экологик муаммоларни бартараф этиш ва унинг салбий оқибатларини олдини олиш борасида амалга оширилган муайян ишлар билан бир қаторда, мазкур соҳадаги вазифалар кўлами мамлакатда экологик ҳолатни яхшилаш ва юзага келган муаммоларни яхлит ҳолда ҳал этишга йўналтирилган давлат сиёсатини амалга оширишда жамиятнинг турли катламларига мансуб фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш зарурати мавжуд.
Бу юксак вазифани мамлакат сиёсий майдонида янги сиёсий куч сифатида кириб келган ва илк бора Президент сайловларига ўз номзодини илгари сураётган Ўзбекистон Экологик партияси бажаришга қодир.
“Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида сайловолди дастуримизнинг бош мақсади – мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, яшил тараққиёт тамойилларини иқтисодиётни барча соҳаларига жорий этиш орқали халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитлари ҳамда фаровон жамият барпо этишдан иборатдир.
Мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш, қайта тикланувчи ва муқобил энергияни ривожлантириш ҳамда иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш Экологик партия “Яшил тараққиёт – фаровонлик асоси!” шиори остида экологик барқарор ривожланишга йўналтирилган “яшил” сиёсатни ҳаётга тадбиқ этиш ғоясини илгари суради.
Бунда қуйидагилар устувор вазифалар этиб белгиланган:
“яшил” иқтисодиёт тамойиллари асосида мамлакатдаги ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларини жадал ривожлантиришга йўналтирилган сиёсатни юритиш;
“яшил” энергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги тамойилларини тадбиқ этишнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланишни кенг жорий этиш, ёқилғи сифатини халқаро стандартларга мослаштириш, шунингдек, электр транспортини ривожлантириш бўйича дастурларни қабул қилиш;
давлат бюджети, банк ва молия институтлари, хусусий сектор маблағларини экологик тоза, энергия тежамкор лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган “яшил” молиялаштириш тизимини ривожлантириш;
давлат харидлари тизимида “яшил” харидларга устуворлик бериш;
“яшил” технологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмларини ошириш, саноат корхоналарини “яшил” технологияларга ўтишини рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
тармоқлар ва ҳудудларнинг “яшил иқтисодиётга ўтиш индекси”ни ишлаб чиқиш;
мамлакат иқтисодиётида “яшил” иқтисодиёт улушини 30 фоизга етказиш, шу асосда йиллик иқтисодий ўсиш суръатини 5 фоиздан юқори бўлишини таъминлаш;
нефть ва кўмир ёқилғисидан якин келажакда бутунлай воз кечиш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга ўтиш;
муқобил энергияни ишлаб чиқарувчиларга кенг молиявий қизиқиш ва имтиёзлар жорий этиш;
давлат томонидан “яшил” иш ўринларини яратишни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқлари учун замонавий малакали кадрларни тайёрлаш;
замонавий интенсив агротехнологияларни жорий этиш, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш инфратузилмаларини ривожлантириш, янги бозорларни ўзлаштириш орқали қишлоқ хўжалиги ерларидан кафолатланган ҳосил олиш ва фермер хўжаликларининг иқтисодий салоҳиятини ошириш;
тежамкор суғориш технологияларини кенг жорий этиш орқали асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳосилдорлигини ўртача 25-30 фоизгача ошириш.
Экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш.
Биз мамлакатнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ифода этувчи давлат сиёсатини амалга оширишда қуйидагиларга эътибор қаратамиз.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш бўйича сайловолди дастурида қуйидаги ишларни амалга оширишни мақсад қилган.
Биз “Она табиатни асраб-авайлаш — муқаддас бурчимиздир!” шиори остида аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг барча чораларини кўрамиз.
Инсон саломатлиги ва хавфсизлиги учун муҳим бўлган марказлашган ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини яхшилаш бўйича дастурий вазифаларни амалга оширишда мамлакатнинг барча куч ва имкониятларини сафарбар этиш орқали аҳолининг ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етказилади.
Ушбу мақсадларда қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:
сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар олиб борилади;
ичимлик суви ва канализация тизими таъминотини ривожлантириш, янгиларини қуриш, эскирганларини модернизация қилиш бўйича манзилли дастур, лойиҳалар ишлаб чиқилади, уларни изчиллик билан рўёбга чиқариш орқали шаҳар ва туманларнинг ичимлик суви ҳамда канализация тизими таъминоти яхшиланади;
Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш ва ёш авлодни сувга нисбатан тежамкорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади.
Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар амалга оширилади:
сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш ва тежамкор технологиялардан фойдаланиш бўйича ўқув дастурларини таълим тизимига жорий қилиш;
сувдан тежамкор ва оқилона фойдаланиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш;
иқлим ўзгариши натижасида музликларни эриши ва сув ресурсларнинг йилдан йилга қисқариб боришини инобатга олган ҳолда суғоришда сув тежовчи технологияларни жорий қилишни жадаллаштириш ва уни давлат томонидан рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш;
сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар олиб борилади;
ичимлик суви ва канализация тизими таъминотини ривожлантириш, янгиларини қуриш, эскирганларини модернизация қилиш бўйича манзилли дастур, лойиҳалар ишлаб чиқилади, уларни изчиллик билан рўёбга чиқариш орқали шаҳар ва туманларнинг ичимлик суви ҳамда канализация тизими таъминоти яхшиланади;
Бугунги кунда бутун дунёда биохилма-хиллик камайиб бораётгани олдимизга биологик хавфсизликни таъминлашдек муҳим вазифалар турганлигидан далолат беради.
Шу сабабли ушбу соҳада қуйидаги муҳим вазифаларни амалга ошириш долзарб деб ҳисобланади:
биохилма-хилликни сақлаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтиришнинг имконини берувчи мукаммал ҳуқуқий база яратилади;
биохилма-хилликни ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш мақсадида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини мамлакат ҳудудининг 12 фоизига етказиш чоралари кўрилади;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ер участкалари ва сувли акваториясида уларнинг мақсадли вазифаларига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга чек қўйилади;
бино, иншоот ва коммуникацияларни қуришда аҳоли пунктларидаги “яшил” майдонлардан ер ажратилишига ҳамда дарахт ва буталарни кесилишига мораторий ўрнатилади;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг ҳисобини ҳамда давлат кадастрини тўлиқ юритиш, мутасадди давлат идоралари ва ташкилотлар орасида ахборот алмашинувини йўлга қўйилиши билан боғлиқ ишлар ташкил этилади ва уларнинг ижроси юзасидан мониторинг олиб борилади;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини янада ривожлантириш мақсадида соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади, мамлакат экотизимининг биохилма-хиллигини сақлаб қолиш, шунингдек, экологик туризмни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.
Иқлим ўзгаришларига мослашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини янада ривожлантириш борасида бизнинг партиямиз кенг кўламли ишларни олиб борди ва бу борадаги ишлар янада давом этади.
Бутун дунёда глобал иқлим ўзгариши бўйича вазият жиддийлигига қарамай, саноат корхоналари томонидан атроф-муҳитга чиқарилаётган ташлама, оқова сувлар ва чиқиндилар ҳажмининг ҳамон юқори даражада қолаётгани иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ инқирозни янада мураккаблаштирмоқда. Бу борада тезкор чоралар кўрилмаса, келгусида глобал тусдаги муаммолар бунданда аянчли кўриниш олиши мумкин.
Бунинг учун биз барча саъй-ҳаракатларимизни минтақамизда иқлим ўзгаришининг асосий омили бўлган Орол денгизининг экологик фалокати оқибатларини юмшатишга қаратилган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш орқали Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга қаратамиз.
Сайловолди дастуримизда Соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантириш бўйича самарали вазифаларни амалга ошириш белгиланган.
Биз аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, илғор хорижий тажрибалар асосида узлуксиз таълим сифати даражасини кўтариш, илм-фан ривожини жадаллаштириш ҳамда маданий-маърифий соҳаларни янада юксалтиришни давлат ва жамиятнинг устувор вазифалари, деб ҳисоблаймиз. Ушбу вазифаларга эришиш мақсадида, тиббиёт соҳасида “Соғлом муҳит – инсон саломатлиги!” шиори остида қуйидаги вазифаларнинг таъминланишини мақсад қилганмиз:
аҳоли саломатлигини сақлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, тиббиёт соҳасидаги ҳуқуқий базани такомиллаштириш орқали фуқароларнинг ўртача ҳаёт давомийлигини оширишга эришилади;
рақамли тиббиётнинг асосий инфратузилмасини яратиш, тиббиёт соҳасининг моддий-техник базасини кучайтириш, тиббий техника ва дори-дармон ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси оширилади.
Ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик муносабатлари минтақасини яратиш ғоясини илгари сурамиз.
Ташқи сиёсатнинг асосий устувор вазифалари сифатида қуйидагиларни белгилаймиз:
Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсатини минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақавий хавфсизликнинг асосий муаммоларини, шу жумладан Афғонистондаги вазиятни ҳал қилишга ёрдам беришга қаратиш;
Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёларнинг сув ва энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, трансчегаравий муҳофаза этилаётган ҳудудларни барпо этиш ва минтақанинг экологик барқарорлигини таъминлашга қаратиш;
минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий транспорт-транзит инфратузилмасини ривожлантиришдан иборат.
Ўзбекистон Экологик партияси мамлакатимизнинг барча фуқароларини инсонларнинг соғлигини сақлаш ва бебаҳо табиий бойликларни асраб-авайлашдек юксак вазифаларни бажаришда фаол иштирок этишга чақиради.
Бердах Жиенбаев,
Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти ижроия қўмитаси матбуот хизмати бош мутахассиси.