Ободликка ҳисса қўшаётган аёл


Ҳар куни эрталаб ишга келар эканман, махсус кийимдаги Ободонлаштириш бошқармаси ишчи-хизматчиларини кўриб хурсанд бўламан. Улар юрт ободлиги, кўчаларимизнинг саранжом-саришталигини таъминлаш мақсадида эрта тонгдан ишга шўнғийдилар. Айниқса, айни куз фаслида уларнинг иши янада ортади. Чунки, яшариш, янгиланиш, жонланиш фаслида куртак ёзиб, бутун борлиқни яшилликка, гўзалликка буркаган она табиат манзаралари айни олтин куз чоғида ўзгача тус олади. Олтин кузнинг баъзан илиқ, баъзан совуқ, ёхуд баъзида булутли, баъзида ёмғирли ҳавоси киши кайфиятига қанчалик таъсир қилмасин, атроф муҳит саранжом-саришталигига, озодалигига ўз ҳиссасини қўшаётган Ободонлаштириш бошқармаси ходимларини асло чўчитмайди.

Ёши улуғ кексалар касбнинг катта кичиги бўлмайди, фақатгина топган ризқинг ҳалол бўлсин, дейишади. Дарҳақиқат, ўз касбидан камол топаётган,  фарзандларининг кам кўстини бут қилиб, борига қаноат қилиб, рўзғор тебратаётган оилапарвар, меҳнатсевар инсонлар орамизда жуда кўп.

Мақола ёзиш учун мазкур бош­қармада фаолият юритаётган аёлларнинг бири билан телефон орқали суҳбатлашдим. Онахонга вазиятни тушунтириб, мақола тайёрлашимни айтганимда  “қандай бўларкин” деди ҳижолат тортиб. Онахондан айни дамда қаердалигини сўраб, ўша манзил томон шошдим.

Бир гуруҳ ишчилар И.Каримов гузаридаги йўлларни тозалаб, кўча бўйидаги ариқлар, йўлаклар, майдонлар, дарахту-гулларга ишлов бериб тартибга келтираёт­ган экан. Чунки, дарахт­лардан тўкилаётган яшил,  сарғиш, қизғиш тусдаги барглар бир-бирини қувиб, оҳиста пойингиз тагига тўшалади.  Сиз уларни йиғиштириб олдим дегунингизча, бу ҳолат яна ва яна такрорланаверади… Кузнинг иккинчи ойи бўлгани учунми ҳаво бироз сал­қин. Ўша пайтда ҳавонинг авзойи бирдан ўзгарди. Осмонни булут қоплаб, ёмғир ёға бошлади. Аммо, ишчилар бунга парво қилмасди.

— Баҳорда, кузда ёмғир ёғгани яхши. Ёмғир ёғса ерга куч, деҳ­қонга қанот бўлади, ҳаво, атроф-муҳит тозаланади. Инсон саломатлигига, кайфиятига ҳам яхши таъсир қилади, — дейди Нукус шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ишчиси Олмагул опа Нуримбетова. — Мана кўриб турибсиз, кундаликли ишимиз шу. Ишимдан мамнунман, нолимайман. Фаолиятимга 10 йилдан ошди. Инсон қачонки меҳнат қилса, ҳаракат қилса яхши яшайди, ишида унум, топганида барака бўлади. Худо хоҳласа шу касбим орқали нафақага чиқаман. Яна нима ­дейишим мумкин, дейди онахон ҳаяжонини яширмасдан.

Дарҳақиқат, “Инсон қўли гул”, дейди доно халқимиз. Ҳа, меҳнат қилган борки ризқи ошади, саодатга эришади. Қаҳрамонимиз Олмагул опа Нуримбетова ҳам мана шундай меҳнатсевар, самимий, камтарин аёллардан. У жуда оддий, камгап, аммо, унинг  фаолияти, меҳнати таҳсинга лойиқ. У ҳар куни эрталаб яхши ниятлар билан ишга отланади. Унинг касби ободлик, озодалик, саришталик билан боғлиқ. Пойтахтимиздаги энг кўркам кўп қаватли турар-жойлар, марказий кўчалар, замонавий ижтимоий соҳа биноларининг ён атрофларини тозалар экан, кўнглида ажиб энтикиш, ҳаёжон пайдо бўлади. У ҳам яхши яшагиси, кўпроқ маош олгиси, гўзал либослар кийиб, замонавий аёл бўлгиси келади. Аммо, ён –атрофидаги инсонларнинг “Ҳорманг!”, “Эҳтиёт бўлинг” ёхуд “Раҳмат сизга, чарчаманг!” деган илиқ сўзларини эшитиб, кўнгли тоғдек юксалади, завқланади.

— Аёлнинг бахти ишнинг катта–кичигида, маошнинг кўплигида эмас, балки, ўз оиласи бағрида, борига қаноат қилиб, меҳнати туфайли кимгадир нафи тегишидадир, — дейди суҳбатдошимиз.

Юртимизда аҳолининг барча қатламлари, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни билим ва касб-ҳунарга ўргатиш, иш ўринлари, даромад манбаи, турар-жойлар билан таъминлашга устувор аҳамият берилаётгани, айниқса, ижтимоий ёрдам ва кўмакка муҳтож, кўнгли ярим инсонларга чинакам эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани барча юртдошларимиз қатори Олмагул опани ҳам чексиз руҳлантиради.

— Биласизми, бугун одамларимизнинг онг-тафаккури, дунёқараши, маданияти ўзгарган. ­Фаолиятимнинг дастлабки йилларига солиштирганда ҳозир анча ривожланган. Ҳозир одамларимиз йўл-йўлакай бирон нарса олиб еса йўл бўйига шундоқ улоқтириб, ташлаб кетмайди. Махсус ажратилган ахлат қутиларига ташлайди. Шаҳримиздаги баланд–баланд бинолар, кўп қаватли уйлар,  равон кўчалар, турли хил савдо марказларини кўриб жуда ҳурсанд бўламан. Бу юртимизда инсон ва унинг бахтли, фаровон яшаши учун қилинаёт­ган эзгу ислоҳотлардир. Мен ҳам мана шу ишим билан юрт ободлигига, саранжом-саришталигига, кўркига ҳисса қўшаётганимдан бахтиёрман, — дейди Олмагул опа.

Ҳа, ёзнинг жазирама чилласи-ю, қишнинг қаҳратон совуғида ҳам ишни канда қилмайдиган бу аёлнинг касбидан кўнгли тўқ.

— Ойлик маошингиз рўзғорингизни тебратиш учун етадими ёки мен ҳам ўқиганимда биронта яхши ишда, лавозимда ­фаолият юритармидим, деган хаёл ҳам бўлганми, дейман опага юзланиб. Шунда Олмагул опа секин жилмайиб, рости ойлигимни тежаб ишлатаман. Оиланинг кам-кўстини бут қилиш учун менимча инсон доимо ҳаракатда бўлса керак. Биласизми,  инсон орзу-ҳавасдан, умид-мақсад қилишдан чарчамаслиги керак. Аммо, борига қаноат қилиб, сабр қилиб яшаш бу энг гўзал фазилат, аёлнинг буюклиги, куч-қудрати, жасорати, бошқалардан афзал жиҳати ҳам ана шунда, дейди.

— Мен оддий ишчи бўлганим билан мамлакатимизда хотин-қизлар масаласида олиб борилаётган чуқур ислоҳотлардан анча хабарим бор. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларга муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиш борасидаги ишлар бугун ўз самарасини бермоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш вазифаси белгиланган. Аслида, хотин-қизларимиз доимо давлатимиз эътиборида эканлигини барчамиз яхши биламиз, — дейди суҳбатдошимиз.

Олмагул опа турмуш ўртоғи билан икки қиз, бир ўғилни тарбиялаб камолга келтирди.

— Оилада эркак кишининг топгани баракали бўлади. Шу боис, кундаликли рўзғор, оила юкини тортиш, фарзанд тарбиясида доимо турмуш ўртоғимга суянаман. Баъзида оиламизда турли хил вазиятлар, қийинчиликлар ҳам бўлиб туради. Мана шундай дамларда фақат сабр қилиб яшаганман. Чунки, ҳар бир қилаётган ишимизнинг сўроғи, савоби, ҳикмати бор, — дейди онахон ҳаёти ҳақида гапирар экан.

Дарҳақиқат, аёл, она, у яратганнинг энг буюк мўъжизаси. Аёл борки, олам мунаввар, аёл борки уйимизда, ишимизда, ҳаётимизда маъно бор. Онанинг яхши-ёмони, кам-кўсти, қарию-ёши бўлмайди, албатта. Чунки, биз онамизни борича яхши кўрамиз, уларга бор меҳримизни илинамиз, уларнинг олтин дуосини олишга интиламиз. Олмагул опа ҳам катта лавозимда ишлаб, кенг ҳовлида савлат тўкиб ўтирмаса ҳам оила аталмиш мўъжазгина қўрғоннинг бахтли бекаси, фарзандларининг меҳрибон онаси, ишчан ва меҳнатсевар аёлдир.

Биз Олмагул опа билан хайрлашар эканмиз, у яна ишига шўнғиди…

Феруза Нуруллаева.