Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бевосита мамлакатимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш, қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришни назарда тутади.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида туб ўзгаришлар ва янгиланишлар амалга оширилди, суд ваколатлари халқаро андозаларга мос равишда кенгайтирилиб, судлар орқали инсон ҳуқуқлари ва жамиятнинг ҳуқуқий асосларини самарали ҳимоя қилишга имкон берадиган шарт-шароитлар яратилмоқда.
Суд ислоҳоти борасида одил судловни амалга оширишнинг бир мунча такомиллаштирилган процессуал тартиби белгиланди. Кадрлар танлаш ва жой-жойига қўйиш доирасида самарали тизимга асос солинди, суд процесси иштирокчиларининг тенглиги қонун билан мустаҳкамланди. Суд тизими бутунлай ижро этувчи ҳокимият органларининг назорати ва таъсири остидан чиқарилди.
Судларнинг ваколатлари изчил кенгайтирилиб айни пайтда ўзига хос бўлмаган вазифалардан озод этилди. Жумладан, судлар жиноят ишини қўзғатиш, жиноят иши бўйича айблов хулосаларини эълон қилиш ваколатларидан соқит қилинди.
Судларда ишларни кўриб чиқишнинг қатъий муддатлари белгиланди, кассация ва назорат институтлари ислоҳ қилинди, ишларни қайта кўриб чиқишнинг апелляция тартиби жорий этилди. Мазкур тартиб биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш, суд фаолиятида сансанорликка йўл қўймасликнинг муҳим кафолатига айланди.
Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан 2020-йил 24-июль куни имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган ташкилий-тузилмавий ислоҳотлардан келиб чиқиб судларнинг янги тизими белгиланди. 2021-йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилди.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида олий орган этиб белгиланди. Суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилди. Амнистия актини қўллаш тўлалигича судлар ваколатига ўтказилди. Суд тизимини малакали, етук кадрлар билан таъминлашда судьялик лавозимига кадрларни танлаш ва тавсия этиш бўйича замонавий демократик тамойилларга асосланган ҳуқуқий механизм яратилди, яъни мустақил судьялар Олий Кенгаши ташкил этилиб ушбу соҳадаги ваколатларни амалга ошириш Кенгашга юклатилди.
Тизимда етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлаш, судьялар фаолиятини баҳолаш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ҳамда коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини йўлга қўйишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрда «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Фармонда суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашишда судьялар Олий Кенгаши томонидан амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар, йўналишлар белгилаб берилган. Бундан ташқари 2021-йил 28-июль куни Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги қонуни янгидан қабул қилиниб, мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб, яъни 2021-йил 29-июлдан қонуний кучга кирди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Судлар тўғрисида»ги қонуни суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судловнинг судьялар томонидан фақат қонунга бўйсинган ҳолда амалга оширилишини, суд мажлисларининг ошкора ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини суд йўли билан кенг ҳимоя қилиш ва шу орқали шахсларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган.
Арзибике Жанибекова,
Қорақалпоғистон Республикаси юридик техникуми директор ўринбосари.