Чекка ҳудуд аҳолисига амалий кўмак берилмоқда


????????????????????????????????????

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди ва Япония ҳукумати молиявий кўмаги билан амалга оширилаётган лойиҳалар бўйлаб ташкил этилган медиа-тур иштирокчилари Қораўзак ва Чимбой туманларида ҳам бўлди.

Жорий йилнинг февраль ойида Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилган Қўшма дастурни амалга ошириш доирасида инновацион бизнес-лойиҳаларга кўмак кўрсатиш учун аризаларни қабул қилиш бўйича танлов эълон қилинди. Танлов комиссияси 27 та лойиҳани молиялаштириш учун маъқуллади. Улар орасида ёғоч ва декоратив материаллар билан ишлаш устахонасини ташкил қилиш лойиҳаси ҳам тақдим этилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг “Оролбўйи ҳудудидаги аҳолининг иқтисодий, экологик ҳамда соғлиқни сақлаш масалаларидаги заифликларини бартараф этиш орқали турмуш барқарорлигини мустаҳкамлаш” қўшма дастури доирасида цехга замонавий ускунанинг тақдим этилиши билан хизмат кўрсатиш доираси кенгайиб, сифати яхшиланди. Ушбу объект уч кишини иш билан таъминлашга имкон бериб, келгусида болалар боғчалари, умумтаълим мактаблари, даволаш шунингдек, давлат муассасалари ва хусусий корхоналарга хизмат кўрсатиш режалаштирилган.

БМТ Тараққиёт Дастури томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Оролбўйи ҳудудида 2012 йилдан буён саломатлик кўнгиллиларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. БМТнинг кўнгиллилар дастури (БМТКД) кўмагида бугунги кунга қадар 3710 нафар кўнгилли ўқитилган бўлса, шундан 2017-2019 йиллар мобайнида амалга оширилган БМТнинг “Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш ор­қали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш” қўшма дастури доирасида 2081 нафар кўнгилли тайёрланди.

Қораўзак туман тиббиёт бирлашмасида волонтёрлар билан учрашувда амалга оширилаётган ишлар билан бирга келгусидаги режалар тўғрисида фикр-мулоҳазалар бўлди. Туманда бугунги кунга 160 нафар волонтёр фаолият олиб бориб, аҳоли ўртасида ўпка, ошқозон-ичак, юрак-қон томир касалликларининг профилактикаси чораларини ҳамда оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлашни тарғиб қилиб келмоқда. 2020 йил давомида эса асосий мавзу – коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўлди.

Чимбой туманининг энг чекка “Қошқар жиққан” аҳоли пунктида соатига 8 кубометр сув тозалаш ускунаси ва сув таъминоти тармоғи ўрнатилди. Шунингдек, жорий йилда “Жана макан” аҳоли пунктида ва “Гужимли” маҳалла фуқаролар йиғинида 10600 метр сув қувури тармоғи ўтказилди. Натижада 1200 нафар фуқаро ичимлик суви билан таъминланди.

БМТ Тараққиёт Дастури Ўзбекистон ҳукуматига Оролбўйининг чекка ҳудудларида инсон хавфсизлигини таъминлаш, экологик инновация ва технологиялар ҳудудини ташкил этиш орқали минтақани ривожлантиришга амалий кўмак беришни давом этмоқда.

Д.Абибуллаев.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.