ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА


Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, кам таъминланган оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш каби эзгу саъй-ҳаракатлар мужассам.

Маълумки, Президентимизнинг жорий йил 11-августда “Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармондан кўзланган мақсад, бола тарбиялаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож оилалар моддий таъминотини кучайтириш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлашда умумэътироф этилган халқаро стандартларни ва автоматлашган шаффоф электрон баҳолаш механизмларини жорий этиш орқали нафақаларни тўлаш тизимини болалар салоҳиятини ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратишдан иборат.

Фармонга мувофиқ 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ҳамда бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ўрнига кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси  жорий этилади. Бунда, болалар нафақасини тайинлашда:

инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилади;

тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача оширилади;

унинг миқдорини оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгилаш тартиби қўлланилади;

б) якка-ёлғиз бўлган фуқароларга, фарзанди бўлмаган ёки барча фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланади.

  1. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг қуйидаги миқдорлари белгиланди:

а) болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:

250 000 сўм — 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун, 325 000 сўм — ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун;

150 000 сўм — оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча;

100 000 сўмдан — оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун;

б) кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори  380 000 сўм.

Бунда, 2021 йил 1 сентябрга қадар тайинланган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тўлаш муддатлари тугагунига қадар, мазкур турдаги нафақалар ва моддий ёрдамнинг амалдаги миқдорлари ҳамда уларни тўлаш муддатлари сақлаб қолинади.

Мазкур Фармонга асос Пенсия жамғармаси Тахиатош туман бўлими томонидан сентябрь ойида 1658 та ариза қабул қилинди.

И.Жамалов,

Пенсия жамғармаси Тахиатош туман  бўлими бош мутахассиси.