Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида “Миллий сувенирлар” фестивали бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида мамлакатимизда мақбул ва қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш назарда тутилган.
Мамлакатимизда туристлар оқимини шакллантириш ва улар учун зарур шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари Дастурига мувофиқ “Миллий сувенирлар” фестивали ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, мустақиллик йилларида миллий урф-одатларимиз қайта тикланиб, ҳунармандчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Миллий сувенирлар” фестивалини ўтказишдан мақсад, ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатининг анъанавий турларини сақлаш ва қайта тиклаш, ҳунармандчилик маҳсулотларининг рақобатдошлигини ва сифатини оширишдан иборат.
Шунингдек, ҳунарманд усталарни моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, улар яратган маҳсулотларни чет давлатларга тарғиб қилиш назарда тутилган.
Фестиваль доирасида ҳунардмандлар ўртасида танлов бўлиб ўтди. Унда Нукус “Мурувват” аёллар интернат жамоаси биринчи, Нукус шаҳридан М.Алламбергенова иккинчи, Шўманой туманидан А.Наўбетова учинчи ўринни эгаллади. Улар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир иштирокчиларига санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.