Мавсумни беталофат ўтказиш бўйича кўргазмали ўқув-машғулоти ўтказилди


????????????????????????????????????

Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Нукус шаҳар Фуқаро муҳофазаси тузилмаларидаги дахлдор ташкилотлар билан ҳамкорликда куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинлар, фуқароларнинг ис газидан заҳарланиши ва газ-ҳаво аралашмаси чақнаши билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида кўргазмали ўқув-машғулоти ташкил этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2021/2022 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини  таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамасдан қўлбола ишланган иситиш қозонлари,  носоз газ плиталар ва бошқа электр иситиш мосламалардан фойдаланиш оқибатида ёнғинлар келиб чиқиб,  аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ва газ-ҳаво аралашмаси чақнаши билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисалар юз бермоқда. Жумладан, қўлбола иситиш воситаларидан фойдаланиш, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаслик, сертификатланмаган иситиш мосламаларини ишлатиш, болаларни қаровсиз қолдириш ҳамда носоз ўрнатилган мўри оқибатида  2020-2021 йиллар куз-қиш даврида 19 нафар киши ис газидан вафот этган.

Тадбирда мутахассислар томонидан  қўлбола ишланган иситиш қозонлари, мўриконларнинг носозлиги, носоз газ плиталар ва бошқа электр иситиш мосламалардан фойдаланмаслик, уларнинг инсон ҳаёти ва соғлигига жиддий зарар етказиши бўйича профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди. Уларнинг ўрнига ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган сертификатга эга иситиш қозонхоналаридан, горелкалар ва электр иситиш мосламалардан қоидага мувофиқ фойдаланиш зарурлиги тушунтирилди.

Тадбир иштирокчиларига видеороликлар намойиш этилиб, махсус ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича тайёрланган эслатма, буклетлар тарқатилди. Иситиш қозонхоналари мўриконлари тегишли ташкилот ходимлари томонидан қандай тозаланиши бўйича амалий тартибда кўрсатилди.

Кўргазмали ўқув-машғулотида фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Қ.Х.А.

М.Ҳабибуллаев олган сурат.